АҚШ, Россия ва Украина делегацияси Ар-Риёдда (Саудия Арабистонида) олиб борган музокараларда нималарга келишиб олгани маълум бўлди. Оқ уй музокаралар якунлари бўйича баёнот берди.

Нималарга келишилди?
- АҚШ ва Россия Қора денгизда хавфсиз кема қатновини таъминлаш ва куч ишлатишни истисно қилишга келишиб олди. Бу борада америкаликлар Украина билан ҳам келишувга эришган. Бундан ташқари, АҚШ ва Украина Қора денгизда тижорат кемаларидан ҳарбий мақсадларда фойдаланишни олдини олишга рози бўлган.
- АҚШ Россиянинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва ўғитлар экспорти учун жаҳон бозорига киришини тиклашга ёрдам беради;
- АҚШ Россия ва Украина энергетика объектларига зарбаларнинг олдини олиш чораларини ишлаб чиқмоқда (Россия ҳам, Украина ҳам бунга рози бўлган);
- АҚШ ҳарбий асирлар алмашинуви, қўлга олинган фуқароларни озод қилиш ва мажбурий кўчирилган украиналик болаларни қайтаришга кўмаклашиш ниятида;
- АҚШ ва Украина энергетика ҳамда денгиз келишувларини амалга ошириш учун учинчи давлатларнинг воситачилигини олқишлайди; АҚШ бу борада Россия билан ҳам келишувга эришган.
Америка Ар-Риёдда эришилган келишувларга мувофиқ тинчликка эришиш учун томонлар ўртасидаги музокараларда ёрдам беришда давом этади. Оқ уйдан сўнг музокаралар якунлари бўйича Кремль ҳам баёнот берди. Россия америкаликлар эълон қилган барча бандларни тасдиқлаган.
Бироқ Кремль баёнотида таъкидланишича, кемалар қатнови хавфсизлиги тўғрисидаги банд айрим чекловлар олиб ташланганидан кейингина кучга киради. Чекловларга қуйидагилар киради:
- озиқ-овқат маҳсулотлари (шу жумладан балиқ маҳсулотлари) ва ўғитларнинг халқаро савдоси бўйича операцияларни таъминлайдиган “Росселхозбанк” ва бошқа молия ташкилотларидан санкцияларни олиб ташлаш, уларни SWIFT’га улаш, зарур вакиллик ҳисобварақларини очиш;
- озиқ-овқат маҳсулотлари ва ўғитлар ишлаб чиқарувчи ҳамда экспорт қилувчи компаниялардан санкцияларни олиб ташлаш;
- озиқ-овқат ва ўғитлар савдосига жалб қилинган Россия байроғи остидаги кемаларга портларда хизмат кўрсатишга чекловлар ва санкцияларни бекор қилиш;
- Россияга қишлоқ хўжалиги техникаси, шунингдек, озиқ-овқат ва ўғитлар ишлаб чиқаришга жалб қилинган бошқа товарларни етказиб беришга чекловларни олиб ташлаш.
- Россия томонлардан бири риоя қилмаган тақдирда келишувлардан чиқиши мумкин.
Россия ва Украина энергетика объектларига зарба беришни тақиқлаш 18 мартдан бошлаб 30 кунга амал қилади, томонлар бу муддатни узайтириши мумкин.
Украина мудофаа вазири Рустем Умеров Оқ уй томонидан эълон қилинган келишувларнинг барча бандларини тасдиқлаган. Президент Владимир Зеленский Кремлнинг Саудия Арабистонидаги музокаралар якунлари бўйича баёноти эълон қилинганидан кейин Россияни манипуляцияда айблаган.
Улар келишувларни бузиб кўрсатишга ва аслида бизнинг воситачиларимизни ҳам, бутун дунёни ҳам алдашга уринмоқда. Оқ уй томонидан эълон қилинган мутлақ аниқ баёнотлар бор. У ерда нима дейилганини ҳамма кўриши мумкин.
Кремль яна бир нарсада ёлғон гапираётгани ҳақида ҳам гапирмоқчиман. Гўёки Қора денгиздаги тинчлик санкцияларнинг бекор қилинишига боғлиқ эмиш, гўёки энергетика соҳасидаги тинчликнинг бошланиш санаси 18 март эмиш, деди Зеленский.
Изоҳ (0)