Аср бошида Туркия қуролли кучларини Ғарбдан импорт орқали қурол-яроғ ва ўқ-дорилар билан таъминлар, маҳаллий компаниялар эҳтиёжнинг атиги 20 фоизини қондирарди. Бу эса вақти-вақти билан сиёсий босим воситаси сифатида ишлатилган. Бироқ узоқни кўзлаб тузилган стратегия, устувор мақсадларни тўғри белгилаш ва сиёсий ирода шарофати билан ҳозирга келиб кўрсаткич 80 фоизга етди. Анқара бозорнинг етакчи ўйинчиларидан бирига айланди. Ва бу фақат Bayraktar дронлари билан чекланиб қолмаган.
Otokar — мамлакатнинг қуруқлик техникалари ишлаб чиқарадиган етакчи компанияси. У Абу Даби шаҳрида ўтказилган IDEX2025 кўргазмасида ўз маҳсулотлари билан диққат марказида бўлди. Тулпар танки шулар жумласидан.
Тулпар
Нисбатан енгил вазн, мослашувчанлик ва пиёда жанговар машинаси хусусиятларини ўзида жамлагани боис у анъанавий танклардан фарқланади. Жанговар машина илк бор 2018 йили Париждаги кўргазмада намойиш қилинган. Узунлиги 7,23 метрни, вазни эса 42 тоннани ташкил этади. Уни уч кишилик экипаж бошқаради: командир, механик-ҳайдовчи ва қурол оператори. Тулпар, жанговар миссия турига қараб икки нафар аскарни ҳам ортиши мумкин.

Аслини олганда, Тулпар модулли платформа бўлиб, мана шу ном билан аталувчи оилага мансуб техникаларнинг биридир. Унинг олдинги версиялари пиёда жанговар машинаси вазифасини бажарган. Шунга мувофиқ 30 мм калибрли автоматик тўпга эга эди. Тулпарнинг танк модификациясида қурол 105 мм калибрли замбарак билан алмаштирилган. Снарядлар автоматик юкланади. Шу билан бирга, жанговар машинада 12,7 мм калибрли пулемёт ҳам бор. У асосан пиёдалар, енгил зирҳли техникаларга қарши самарали.
Агар нишон оғир зирҳли техникалар бўлса, Тулпар Falarick номли танкка қарши бошқариладиган ракеталарини қўллаши мумкин. Лазер нурлари ёрдамида бошқариладиган мазкур тизим 5 км масофага зарба бера олади.
Жанговар машинани лойиҳалашда НАТО стандартларига мувофиқ экипаж хавфсизлиги масаласига жиддий эътибор қаратилган. Пўлат конструкция, модулли панеллар ҳамда реактив ҳимоя блоклари унинг ичидагилар учун ишончли ҳимояни таъминлаб бера олади. Бошқача тилда айтсак, Тулпар “STANAG 4569 Level 5” стандартига жавоб беради.
Танк тезлигини 70 км/соатгача ошириши, бир марта ёқилғи қуйиш билан 600 километр масофани босиб ўтиши мумкин. 810 от кучига эга двигатель шарофати билан бунинг имкони бордир.
ARMА 8х8
8х8 схема асосида ишлаб чиқарилган зирҳли транспорт воситалари сўнгги йилларнинг тренди бўлиб турибди. Боиси ғилдираклар устига қурилган шасси юқори ҳаракатчанликни, мустаҳкам зирҳ эса яшовчанликни таъминлайди. Арма 8х8 туркларнинг мана шу чақириққа жавобидир. Otokar илк намунани 2009 йилда ишлаб чиқди. У интенсив жанглар ва тинчликпарварлик миссияларида фойдаланишга мўлжалланган.
-iwZ94hHp.avif)
ARMА 8х8 универсал платформадир. Ундан бошқарув маркази, пиёдаларни ташиш, разведка, тиббий ва техник хизмат машинаси сифатида фойдаланиш мумкин. Шунга мувофиқ, унинг қуроллар каталоги анча кенг. Жанговар машинага 4 хил калибрли пулемётлар, масофадан бошқариладиган жанговар модуллар, 25-30 мм калибрли автоматик тўплар ва ҳатто танк замбарагини ўрнатиш мумкин.
Унинг корпуси модулли зирҳ билан қопланган бўлиб, миналарга қарши ҳимоя ҳам инобатга олинган. Экипаж икки киши, яъни ҳайдовчи ва қўмондондан иборат. Шу билан бирга, жанговар техника 10 нафар десантчини ўз бағрига сиғдириши мумкин. Улар орқа эшикдан фойдаланади.
ARMА 8х8 ни 450 от кучига эга дизель двигатель ҳаракатлантиради. Бу унга тезлигини 105 км/соатгача ошириш, бир марта ёқилғи қуйиш билан 700 километр масофани босиб ўтиш имконини беради. Қолаверса, зирҳли машина сув ҳавзаларидан сузиб ўтиши ҳам мумкин. Вазни 24 тоннани ташкил этади.
У нафақат Туркия, балки бошқа бир нечта давлатлар армияларида ҳам хизмат қилмоқда. Баҳрайн, Эстония ҳамда Африканинг номи очиқланмаган давлати шулар жумласидан. Бирлашган Араб Амирликлари эса 2017 йили 400 та жанговар машина етказиб бериш бўйича 661 миллион долларлик шартнома тузган. Фақат уларга русларнинг БМП-3 пиёда жанговар машинасида қўлланиладиган минора ўрнатилган бўлиб, Рабдан 8х8 номи билан аталади.

Турк жанговар машинаси рақобатчиларидан нисбатан ҳамёнбоплиги, кенг спектрда қўллаш имконияти сабаб фарқланади. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, уларнинг ҳар бири 1,6 миллион доллар туради.
Бироқ Арма 8х8 оиланинг бир вакили холос. Otokar унинг шаҳар шароитидаги жангларга мослашган Арма 6х6 вариантини, шунингдек техник хусусиятлари кучайтирилган Арма II 8х8 версияларини ҳам ишлаб чиқаради. Бироқ Otokar’га энг катта шуҳратни бошқаси олиб келган.
-6NKVC4Kn.avif)
Cobrа II 4х4
Украина кўплаб мамлакатлар, жумладан, турк қуроллари учун синов полигони вазифасини бажармоқда. Мазкур имкониятдан Otokar Cobrа II 4х4 хусусиятларини намойиш қилишда фойдаланди. У Cobrа I моделининг такомиллаштирилган версияси ҳисобланади. Машинага икки кишилик экипаж ва 7-8 нафар десантчи жойлашиши мумкин. Пўлат зирҳ уларни 7.62 мм калибрли ўточар қуроллар, снаряд фрагментдан ҳимоялайди. Махсус конструкция эса миналар ва қўлбола портловчи қурилмалардан муҳофаза қилади.

Cobrа II 4х4 пиёдаларни ташиш, автокарвонларни кузатиб бориш ва ўт очиш билан мадад беришдан ташқари бошқа турли мақсадларда ҳам хизмат қилади. Уни ракета учириш платформаси, қўмондонлик маркази, мобил тиббий ёрдам пункти сифатида ҳам қўллаш мумкин. Зирҳли транспорт воситаси том қисмига 7.62 мм ёки 12.7 мм калибрли пулемёт ўрнатилади.
Машинани 360 от кучига эга турбо дизель двигатели ҳаракатлантиради. Бу орқали у тезлигини максимум 110 км/соатга етказиши мумкин. Экипаж ва десант бўлинма техниканинг турли қисмларига ўрнатилган камера ва сенсорлар шарофати билан жанг майдонидаги вазиятдан бохабар бўлиб туради.
Турк зирҳли транспорт воситасидан жами 13 та давлат ҳарбийлари фойдаланмоқда. Украина эса энг жанговар бригадаларини улар билан қуроллантириб, фронтнинг қайноқ участкаларига ташлаган. Часов-Яр йўналишида олинган тасвирлар жанговар машинанинг бозори нега бу қадар чаққонлигини тушунишга ёрдам беради. Унда Kraken элита бўлинмаси аскарлари рус артиллериясининг интенсив бомбардимони остида чекинаётганини кўриш мумкин.
Cobrа II 4х4 қанча туриши ҳақида аниқ маълумот йўқ. Аммо баъзи очиқланган шартномаларга асосланиб уни тахминан 600-800 минг АҚШ долларига баҳолашади. Таъкидлаш жоиз, Cobrа II компакт ва ҳаракатчан. Бу уни шаҳар шароитидаги операциялар, тезкор ҳужумлар ва патруллик каби миссиялар учун энг оптимал вариантга айлантиради. Аммо интенсив жанглар, пистирмадан ҳужумда эмас.
БМC Кирпи
Туркиянинг БМC компанияси томонидан ишлаб чиқарилган Кирпи зирҳли транспорт воситаси юқоридаги талабларга жавоб беради. У МRAP оиласига мансуб. Соддароқ айтганда, Cobrа II каби зирҳли транспорт воситаларидан оғир зирҳи, ҳажми, мина ва қўлбола портловчи мосламаларга қарши мустаҳкам ҳимояси билан фарқланади. Зирҳли монстрнинг 4х4 ва 6х6 версиялари мавжуд. Кирпи туркчада “типратикан” маъносини англатади. Унга бу ном бежиз берилмаган. Жанговар машина яхши ҳимояланган. Вазни 14 тоннани ташкил қилади, зирҳи эса STANAG 4569 Level 3 стандартига жавоб беради. У командир, ҳайдовчи ва қурол операторидан ташқари 10 нафар аскарни олиб юриши мумкин.
-_z3MEFIo.avif)
Кирпи асосан десант бўлинмани жанговар позицияга олиб бориш, пиёдаларни ўт очиш билан қўллаб-қувватлаш ва эвакуация каби мақсадларга мўлжалланган. Унинг том қисмида 7.62 мм ёки 12.7 мм калибрли пулемёт учун турел бор. Зирҳли транспорт воситасининг илк хорижий харидори Тунис ҳисобланади. Кейинроқ уларни Қатар, Бирлашган Араб Амирликлари ва Туркманистон каби жами 10 га яқин давлат сотиб олган. Шу жумладан Украина ҳам.
Киев 50 та зирҳли транспорт воситасидан иборат дастлабки партияни 2022 йил августидаёқ қабул қилиб олди. Шундан буён улар Россия армиясига қарши жангларда ўзини яхши намоён қилиб келмоқда. Мазкур омил Украина расмийларини тахминан 700 та зирҳли транспорт воситаси буюртма қилишга ундади. Улардан қанчаси сотиб олингани, яна қанчаси ҳарбий ёрдам доирасида етказиб берилгани номаълум.

Украиналик ҳарбийларнинг Кирпи ҳақида фикрлари ижобий. Улар турк зирҳли техникалари оғир зирҳ шарофати билан аскарларни ФПВ-дронлар ҳамда снаряд фрагментларидан ишончли ҳимоя қилиши, шунга қарамай тезлигини 105 км/соатгача етказиши мумкинлигини айтишади.
Алтуг 8х8
БМC компанияси нафақат МRAP синфидаги, балки 8х8 конфигурациясидаги зирҳли техника ҳам ишлаб чиқаради. У кенг жамоатчиликка 2021 йили намойиш қилинган бўлиб, Алтуг 8х8 номи билан машҳур.

Жанговар машинага 7.62 мм дан 120 мм калибргача бўлган турли қуролларни интеграция қилиш мумкин. Стандарт версияга Аселсан компаниясининг 35 мм калибрли жанговар модули ўрнатилган. У ўз бағрига уч кишилик экипаж ва 9 нафар десантчини сиғдира олади.
711 от кучига эга Caterpillar C13 двигатели шарофати билан Алтуг ўз тезлигини 110 км/соатгача етказа олади.
Алкар
Аселсан компанияси томонидан ишлаб чиқарилган ярим автоматик миномёт ҳарбий ҳаракатларнинг замонавий фалсафасига мос келади. У 120 ҳамда 80 мм калибрли снарядлардан фойдаланади. Тизим дақиқасига 8 тагача ўт очиши, максимум 8 км масофадаги нишонларга зарба бериши мумкин.
-wwx4FbAE.avif)
Алкар асосан қуруқликка ўрнатиб, стационар тартибда фойдаланишга мўлжалланган. Бироқ уни зирҳли транспорт воситаси, юк машинаси каби платформалар билан интеграция қилиш ҳам мумкин. Бу орқали унинг мобиллиги ортади. Тизимни бошқариш учун уч кишилик экипаж талаб қилинади. Миномёт артиллерия ва пиёда бўлинмаларини қўллаб-қувватлаш учун мўлжалланган бўлиб, юқори ҳаракатчанлик талаб этиладиган жангларда қўл келади.
Ёш, лекин ишончли ўйинчи
Стокгольм Халқаро тинчлик тадқиқот институти (SIPRI) маълумотларига кўра, сўнгги беш йил ичида Туркиянинг глобал қурол-яроғ экспортидаги улуши икки баравардан кўпроққа ошди. Ҳисоботда ёзилишича, Анқаранинг халқаро бозордаги улуши 2015-2019 йиллардаги 0,8% дан 2020-2024 йилларда 1,7% гача ошган. Бу эса мамлакатни дунёнинг 11-йирик қурол экспортчисига айлантирган. Муайян тармоқлар, масалан дронлар экспортида Туркия ҳатто АҚШ ва Хитойни ҳам ортда қолдирган.
Шу билан бир вақтда, охирги тўрт йилликда мамлакат хорижий таъминотчиларга қарамлигини 2015-2019 йилларга нисбатан 33% га камайтирган. Бу эса Анқаранинг глобал қурол импортидаги улушини 1,7% дан 1,1% гача туширган.
Туркия янги авлод КААН қирувчиси, Олтой жанговар танкини ишлаб чиқармоқда. Т129 Атак номли ҳужумкор, Гокбей деб аталувчи ҳарбий транспорт вертолётларини аллақачон хизматга қабул қилган. Радарларда кўринмаслик хусусиятларига эгалиги айтиладиган бомбардимончи дрон ANKA-3 қисқа фурсатда хизматга қабул қилиниши мумкин.

Буларнинг бари мамлакатнинг қудратини, шу билан бирга, ўзига бўлган ишончини мустаҳкамламоқда. Афсуски, юқорида санаб ўтилганларнинг бирортаси кўргазмага олиб келинмади, фақат макетлари намойиш қилинди.
Изоҳ (0)