АҚШ мудофаа вазири Пит Ҳегсет Пентагоннинг ҳарбий бўлмаган ходимлари сонини қисқартиришга қарор қилди. Бу ҳақда Bloomberg хабар бермоқда.

Агентликка кўра, Пентагон ўз ходимлари сонини 5 фоиздан 8 фоизгача қисқартириш режалари ҳақида жорий йилнинг февраль ойидаёқ маълум қилган. Бу АҚШ президенти Дональд Трампнинг федерал ҳукумат харажатларини қисқартириш кампаниясига мос келади.
Ҳозирда Пентагон таркибида тахминан 950 минг ноҳарбий ходим ишлайди. Бу эса уларнинг 76 мингга яқини ишдан бўшатилиши мумкинлигини англатади. Бироқ ҳозирча қисқартиришлар қанча ходимни қамраб олиши номаълум.
Пентагон раҳбари томонидан имзоланган меморандумда ҳарбий бўлмаган ходимларга кечиктирилган истеъфога чиқиш ёки ихтиёрий равишда нафақага кетиш имкониятини бериш бўйича дастур таклиф этилган. Шунингдек, у ўз қўл остидаги раҳбарларга 11 апрелга қадар бўлимларнинг “келажакдаги ташкилий тузилиш режасини” тақдим этишни буюрди.

Аввалроқ Пит Ҳегсет АҚШ Мудофаа вазирлиги ва қуролли кучларининг юқори раҳбариятига беш йиллик мудофаа бюджети режасини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берган эди.
Изоҳ (0)