“Америка овози” ходимлари Трамп маъмуриятини телеканал фаолиятини ноқонуний тўхтатишда айблаб, Нью Йоркдаги федерал судга даъво аризаси киритди. Улар Оқ уйнинг тегишли қарори бекор қилинишини сўрашмоқда. Журналистларнинг фикрича, мазкур телеканал ўнлаб йиллар давомида дунёнинг турли мамлакатларига, хусусан, эркин матбуот мавжуд бўлмаган давлатларга АҚШ ҳақида хабар етказиб келган.

Даъво аризаси “Америка овози” журналистлари, Чегара билмас мухбирлар ташкилоти ва бир нечта касаба уюшмалари томонидан АҚШ Глобал Медиа агентлиги ва Трампнинг ташкилот бўйича маслаҳатчиси Кари Лейкка қарши киритилган. У телеканални “чириган тизим” деб атаб, тўлиқ ислоҳ қилишга чақирганди.
Ҳужжатда “дунёнинг кўплаб минтақаларига объектив ахборот етказиб берувчи муҳим манба йўқолгани ҳамда бу бўшлиқни авторитар давлатларнинг цензура остидаги оммавий ахборот воситалари тўлдириши” қайд этилган.
“Америка овози” Иккинчи жаҳон уруши даврида ташкил этилган бўлиб, асосан авторитар мамлакатларга муқобил ахборот узатишга ихтисослашган эди. Бироқ Конгресс томонидан молиялаштириб келинган телеканал Дональд Трампнинг давлат харажатларини қисқартириш бўйича сиёсати нишонига тушди.
Изоҳ (0)