Чекиш — соғлиқни аста-секин емирувчи одат. Бугун сигарета ёки вейп (электрон сигарета)ни танлаётган ҳар бир инсон эртанги соғлиғи, салоҳияти ва ҳаётининг сифатига қарши хавфли қадам қўяётганини тушуниши керак. Таҳлилларга кўра, Ўзбекистонда электрон сигарета чекувчи ўсмир ва ёшлар сони катта ёшдагиларга нисбатан уч баробар кўп. 2023 йилдаги рейдлар вақтида мактаб ўқувчиларидан мингдан ортиқ электрон сигареталар олиб қўйилган.
Сигарет умрни 10–15 йилга қисқартиради
Тиббий тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, мунтазам чекиш ўртача умрни 10–15 йилга қисқартиради. Ҳар бир сигарета организмга зарба бўлиб, ўпка саратони ривожланиш хавфини 10 баробар, сурункали обструктив бронхит хавфини эса 6 баробар оширади.
Никотин кучли қарамликка олиб келади
Никотин — руҳий ва жисмоний қарамликка олиб келадиган модда. Ундан воз кечиш кўпчилик учун ниҳоятда қийин. Шунинг учун чекмаслик энг яхши қарор.
Вейплар ҳам хавфсиз эмас
Кўпчилик вейпларни зарарсиз ҳисоблайди. Аслида эса улар ҳавога тарқатадиган буғ таркибида пропиленгликол, глицерин ва ароматизаторлар мавжуд. Бу моддаларнинг аллергия, бурун ва кўз шиллиқ пардаларининг яллиғланиши, ҳатто астмага олиб келиш хавфи бор. Хонада никотинли вейп ишлатилса, ҳаводаги зарарли моддалар сигаретадагидек даражада кўп бўлади. Айниқса, болалар бундай муҳитда улғайганда астмага мойиллиги кескин ошади.
Чекиш эркаклар саломатлигига ҳам зарар
Одатда ҳомиладорликни режалаштираётган аёлларга чекишни ташлаш тавсия этилади. Аммо бу фақат аёллар эмас, эркакларга ҳам тааллуқли. Чекиш эркакларда бепуштлик, заифлик ва ДНК шикастланишига сабаб бўлиши мумкин. Бу эса ҳомиладорликдаги асоратлар ва туғма нуқсонларга олиб келади.
Чекиш уйқуни бузади
Чекувчиларда уйқу фазалари бузилади, улар тез-тез уйғонади, бироқ бу уйғонишлар одатда эсда қолмайди. Натижада чарчоқ, ланжлик пайдо бўлади. Бундан ташқари, чекиш уйқудаги нафас тўхтаб қолиши — апное хавфини ҳам оширади. Бу эса юрак, қон томирлар ва эндокрин тизимга салбий таъсир қилади.
Никотин дорилар таъсирини камайтиради
Чекиш кўплаб дори воситаларининг самарадорлигини камайтиради. Масалан, юрак касалликлари ва юқори қон босими учун бериладиган бета-блокаторлар чекувчиларга камроқ таъсир қилади. Бу беморлар кўпроқ доза талаб қилади. Шунингдек, никотин қондаги қанд миқдорини ошириб, диабетга қарши дори воситаларини ҳам самарасизлантиради. Айниқса, гормон дорилар билан биргаликда чекиш инсульт хавфини 20 баробар оширади.
Кўзлар ҳам чекишдан азият чекади
Чекиш кўзга ҳам жиддий зарар етказади. У нафақат кўзлар қичишишига, балки катаракта (кўз нурланишининг пасайиши) ривожланишига сабаб бўлади. Бундай ҳолларда операция қилинмаса, кўриш қобилияти бутунлай йўқолади. Бундан ташқари, чекувчиларда ранг ажратиш, юзларни таниш қийинлашади ва кўриш майдони тораяди.
Чекиш ва вейпнинг соғлиқ учун хавфлари
# | Кўрсаткич | Статистика | Изоҳ |
---|---|---|---|
1 | Умр қисқариши | 10–15 йилга қисқаради | Ҳар бир сигарета организмга зарарли таъсир кўрсатади |
2 | Ўпка саратони хавфи | 10 баробар юқори | Чекувчиларда чекмайдиганларга нисбатан |
3 | Сурункали бронхит | 6 баробар юқори хавф | Нафас етишмовчилиги билан кечади |
4 | Апное (уйқудаги нафас тўхташи) | 2–3 баробар кўпроқ учрайди | Юрак ва мияда кислород етишмовчилиги хавфи |
5 | Эркакларда жинсий саломатлик | Заифликнинг пасайиши 20–30% | Бевосита никотинга боғлиқ |
6 | Ҳомиладорликдаги асоратлар | Ҳар 5-аёлда 1тасида чекиш туфайли муаммо | ДНКга таъсир қилувчи зарарлар ортиши |
7 | Вейпдаги диацетил | АҚШда 39% вейп суюқлигида аниқланган | “Попкорн касаллиги” сабабчисидир |
8 | Катарктага чалиниш хавфи | 2–3 баробар юқорироқ | Чекувчиларда ёшга боғлиқ кўриш қобилияти пасаяди |
9 | Дори воситалари самараси | 2 баробар камроқ | Бета-блокаторлар ва антидиабетик дори таъсири пасаяди |
10 | Инсульт хавфи (гормон + никотин) | 20 баробар ортади | Айниқса аёлларда, гормон терапияси фонида |
11 | Вейп буғидаги моддалар сони | 60 дан ортиқ кимёвий модда | Ҳатто никотинсиз вейпларда ҳам аниқланган |
12 | Пуфакчали бронхиолит | Ҳар 100 мингда 3–5 ҳолат | Аммо хавф вейпчилар орасида юқори бўлиб бормоқда |
Дунё бўйича ҳар йили 8 миллион одам чекиш билан боғлиқ касалликлардан вафот этади.
Ҳар йили 1 миллиондан ортиқ бола пассив чекиш қурбони бўлади.
Вейпларда ишлатиладиган диацетил моддасининг хавфи дастлаб попкорн ишлаб чиқариш фабрикаларида аниқланган.
Чекувчи одамга баъзи дори воситалари 2 баравар юқори дозада керак бўлади — бу эса ён таъсирлар хавфини оширади.
Шу ўринда Ўзбекистон Республикасида ҳам Вазирлар Маҳкамасининг 290-сонли қарори билан тамаки маҳсулотларига техник регламент тасдиқланган. 2025 йил 1 январдан кучга кирган ҳужжатда вейп ва қиздирилаган тамакилар учун бир қатор талаблар белгиланди:
- Бир марта ишлатиладиган вейп таркибидаги никотин ўз ичига олган суюқлик ҳажми 5 мл дан ошмаслиги керак. Вейп картриджларида – 2 мл, флаконларда – 10 мл бўлиши лозим.
- Техник регламентда вейп суюқликларида ишлатилиши мумкин бўлмаган моддалар рўйхати тасдиқланди. Булар: диасетил, C ва Э витаминлари, Э витамини асетати, кафеин, таурин, гуарана ва бошқалар.
- Бундан ташқари, вейп қадоқларида истеъмолчиларни никотинга қарамлик ва ушбу маҳсулот истеъмоли натижаси зарарли оқибатларга олиб келиши мумкинлиги тўғрисида огоҳлантирувчи, қўрқувга солувчи расмларни қўллаш керак бўлади.
- Вейп суюқликларида никотин миқдори бўйича мавжуд чеклов ҳисобга олинган ҳолда – 1 мл учун 20 мг қилиб Ўзбекистонда белгиланганлиги, вейп истеъмолчилари хавфсизлигини таъминлаб, “ҳар томонлама” тартибга солинмоқда деб таъкидлаш мумкин.
- Мамлакатдаги барча вейп ва қиздириладиган тамакиларни сотувга чиқаришдан олдин мажбурий сертификатлаш, яъни хавфсизлик ва сифатни тасдиқлаш жараёни амалга оширилади.
Шунга ўхшаш талаблар (баъзи таркибий қисмлардан фойдаланишни тақиқлаш, қўрқувга солувчи расмлар ва бошқалар) техник регламент қиздириладиган тамакига нисбатан ҳам ўрнатилди.
Изоҳ (0)