Инсон организми яхши ишлашига нафақат ички биологик механизмлар, балки ташқи омиллар ҳам сезиларли даражада таъсир кўрсатади. Йил фасли, кун вақти, атроф-муҳит ва ижтимоий ҳолат — буларнинг барчаси овқатланиш одатларимизни белгилаб беради. Айниқса, юқори ҳароратли об-ҳаво шароитларида тўғри овқатланишга амал қилиш ортиқча вазнга эга бўлмаслик ва саломатлик учун муҳим саналади.

Организмни қизиб кетишдан асраш
Жазирама иссиқда тана ҳароратининг ҳаддан ташқари кўтарилиши ҳушдан кетиш, мушакларнинг қалтираши, шишлар каби нохуш ҳолатларга олиб келиши мумкин. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун:
кўпроқ суюқлик ичиш;
юрак-қон томир ва буйрак касалликлари мавжуд шахсларга шўр маҳсулотларни эҳтиёткорлик билан истеъмол қилиш;
салқин душ қабул қилиш ва кондиционердан оқилона фойдаланиш лозим.
Иссиқ кунларда тўғридан тўғри қуёш нурлари таъсиридан сақланиш, эрталаб ёки кечқурун сайр қилиш, шунингдек, ҳаво ўтказадиган табиий матолардан тайёрланган енгил кийим кийиш тавсия этилади.
Суюқлик истеъмоли: сифат ва миқдорга эътибор

Диетологларнинг таъкидлашича, энг мақбул ичимлик оддий ичимлик суви ёки табиий мевалардан тайёрланган морс ва шарбатлардир. Ширин газли ичимликлар чанқоқни қондирмаслиги билан бирга, қанд миқдорининг кескин ўзгаришига олиб келади. Кофеинли ичимликлар, хусусан қаҳва иссиқ об-ҳавода организмни янада кўпроқ сувсизлантириши сабабли камроқ истеъмол қилиниши керак.
Овқатланиш тартибини қайта кўриб чиқиш
Иссиқ кунларда овқатланиш вақтини бир оз эрта соатларга кўчириш мақсадга мувофиқ, масалан:
нонушта — соат 6:00–7:00 да,
тушлик — 11:00–11:30 оралиғида,
кечки овқат — 18:00–19:00 атрофида.
Ёғли, консерваланган ёки дудланган маҳсулотлар организмга оғирлик қилиши ва овқатдан заҳарланиш хавфини ошириши мумкин. Бу каби маҳсулотлар ўрнига балиқ ёки ўсимликлар асосидаги таомларни ейиш афзал.
Ayurveda тавсиялари

Анъанавий ҳинд тиббиёти — аюрведа таълимотига кўра, иссиқ пайтда танани салқин, енгил, бир оз ёғли ва ширин таъмли овқатлар тинчлантиради. Ёзда кўпроқ сабзавотли таомлар, гўшт (масалан, мол ёки товуқ гўшти), яхши пишган донли ва дуккакли маҳсулотлар, мевалар ҳамда зайтун, кокос ёки сариёғ каби фойдали ёғлар тавсия этилади. Аччиқ ва нордон таомлардан эса воз кечган маъқул.
Ичимликлар сифатида эса салқин қайнатилган сув (овқатлар орасида истеъмол қилиниши маъқул) ва кўк чой тавсия этилади. Иштаҳа бўлмаса-да, енгил тамадди қилиш истаги пайдо бўлса, кўкатлар, мевалар ва сабзавотлардан тайёрланган смузи айни муддао.
Изоҳ (0)