Бугун, 8 август куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида олий таълим муассасалари битирувчилари бандлигини таъминлашга оид йиғилиш ўтказилмоқда. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди. Йиғилишда кўтарилган масалалардан бири давлат ОТМлари учун балл тизимини йўлга қўйиш тўғрисида бўлди.

Маълум қилинишича, эндиликда ректорлар ваколатини кенгайтириш ва масъулиятини ошириш бўйича янги тизим жорий қилинади. Бунда олийгоҳни давлат бюджетидан молиялаштириш ОТМ тўплаган балларига боғлиқ бўлади.
“Олийгоҳларга битирувчилар бандлигига қараб — 40 балл, илмий тадқиқотлар учун тармоқ буюртмаси ва маҳсулотини сотишига қараб — 30 балл, илмий салоҳияти, тан олинган халқаро журналлардаги мақолалари учун — 20 балл; тадқиқотлар учун жалб қилган маҳаллий ва хорижий грант учун 10 баллгача берилади”, дейилади манбада.
Мисол учун, Қарши техника университети жами балларнинг 85 фоизини тўпласа, бу йилги бюджетдан берилаётган 78 миллиард сўмга қўшимча 20 фоизлик бонус берилади. Агар 56 фоиздан кам тўпласа, кейинги ўқув йилига молиялаштириш қисқаради.
Йиғилишда Миллий университет, Ирригация каби илмий олийгоҳлар, Маданият ва санъат, Консерватория каби ижтимоий олийгоҳларни техника йўналишидаги амалий олийгоҳлар билан тенглаштириб бўлмаслиги айтилган. Шу сабаб мутасаддиларга рейтинг мезонларини ишлаб чиқишда буни ҳам ҳисобга олиш топширилган.

Мулоқотда 40 та олийгоҳга молиявий мустақиллик берилгани бугун ўз самарасини бергани таъкидланган. Масалан, иқтисодиёт, юридик, тиббиёт, тиллар ва педагогика йўналишидаги олийгоҳларнинг етарли маблағи борлиги билдирилган. Лекин энг долзарб бўлиб турган қишлоқ хўжалиги, ветеринария, муҳандислик, аниқ ва табиий фанлар (STEM) йўналишидаги айрим олийгоҳлар даромад топишга ўрганмаётгани, ёшлар учун жозибадор эмаслиги кўрсатиб ўтилган.
Президент “тармоқ—корхона—олийгоҳ” занжирини йўлга қўйишни жадаллаштириш зарурлиги қайд этган. Бу борада 25 та муҳандислик олийгоҳи ҳамкор корхоналарда 438 та кафедра очган. Мисол учун, нефть-газ тармоғи таълим—ишлаб чиқариш кластерларини ташкил қилган. Бухоро техника университети эса нефть-газдан ташқари яна 10 та корхонада 20 та кафедра филиали фаолиятини йўлга қўйган.

Бухоро вилоятида яқин йилларда йирик газ-кимё мажмуаси ишга тушиши кутилмоқда. Хорижий компаниялар томонидан Устюртдаги янги лойиҳалар бўйича ишлар бошланган.
Президент бу қувватларга мутахассислар қаерда тайёрланади, илмий изланишлар ким томонидан олиб борилади, деган саволларга ҳозирдан жавоб топиш кераклигини таъкидлаган.
Изоҳ (0)