Ўзбекистон бўйича маълумотлардаги хатолар глобал иқтисодиётнинг иқлим ўзгариши оқибатидаги йўқотишлари башоратини сезиларли даражада ошириб юборган. Стенфорд университети тадқиқотчилари шундай хулосага келишган. Уларнинг шарҳи 6 август куни Nature журналида эълон қилинди, деб хабар бермоқда The Washington Post.

Шарҳ бир йил олдин эълон қилинган шов-шувли илмий ишни текшириш натижаларини ўз ичига олади. Унда иқлим ўзгариши туфайли 2050 йилга келиб глобал ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) 19 фоизга, 2100 йилга келиб эса исишсиз фараз қилинган сценарийга нисбатан 62 фоизга пасайиши таъкидланган эди. Бу рақамлар аввалги ҳисоб-китоблардан уч баравар юқори бўлиб, эътиборни тортган. Тадқиқот маълумотлари келтирилган мақола катта шов-шувга сабаб бўлган, 2024 йилда у оммавий ахборот воситаларида иқтибос келтириш бўйича иккинчи ўринни эгаллади ва маълумотлардан Жаҳон банки, АҚШ ҳукумати ва бошқа ташкилотлар стратегик режалаштириш учун фойдаланишди.
Бироқ Стенфордда аниқланишича, бундай катта йўқотишлар бир мамлакат - Ўзбекистон бўйича маълумотлардаги хатолар натижасида юзага келган.
Стенфорд университети Глобал сиёсат лабораторияси директори ва шарҳ муаллифларидан бири Соломон Сян (Соломон Ҳсианг) икки аспирант билан бирга маълумотлар тўпламидан бир мамлакатни ўчириб хатони топганини айтди. Улар олиб ташлаган ҳар бир кейинги мамлакат ЯИМ башоратига сезиларсиз таъсир кўрсатди. Аммо Ўзбекистон маълумотлардан олиб ташланганда, натижалар тубдан ўзгарди: ЯИМнинг башорат қилинган пасайиши 2100 йилга келиб 62 фоиздан 23 фоизга, 2050 йилга келиб эса 19 фоиздан 6 фоизга камайди.
Шундан сўнг олимлар Ўзбекистон бўйича маълумотларни батафсил ўрганган. Дастлабки тадқиқотга кўра, мамлакат ЯИМ 2000 йилда деярли 90 фоизга кескин камайган, 2010 йилда эса баъзи ҳудудларда 90 фоиздан ортиқ ўсиш кузатилган. Бошқа йилларда ҳам кескин тебранишлар қайд этилган. Бироқ Жаҳон банки маълумотларига кўра, сўнгги 40 йил ичида Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши нисбатан барқарор бўлиб, -0,2 фоиздан 7,7 фоизгача оралиғида бўлган.
Дастлабки моделдаги ғайритабиий тебранишлар натижаларга ҳаддан ташқари таъсир кўрсатди, чунки у ҳарорат ва ёғингарчиликдаги ўзгаришларни иқтисодий ўсиш билан боғлаган эди. Натижада модел иқлим ўзгаришининг ЯИМга ҳалокатли таъсирини кўрсатди.
“Сизда кўплаб маълумотлар бўлса, кичик бир мамлакат натижага шунчалик кучли таъсир кўрсатиши мумкинлигини тасаввур қилиш қийин. Шу сабабли маълумотлар ва натижаларни синчковлик билан текшириш муҳим”, дейди Соломон Сян.
Потсдам иқлимга таъсирни ўрганиш институти (ПИК, Германия)нинг асл иши муаллифлари Ўзбекистон бўйича маълумотларда хатолик борлигини тан олган. Улар хатолик дастлабки маълумотларни қайта ишлашдаги муаммолар туфайли юзага келганини тушунтириб, муқобил таҳлил ўтказган. Такомиллаштирилган моделда 2050 йилга келиб жаҳон ЯИМининг тузатилган зарари 19 фоиз ўрнига 17 фоизни ташкил этди.
Тадқиқот муаллифларининг таъкидлашича, “ишнинг асосий хулосалари ўз кучида қолмоқда ва баҳолардаги ўзгаришлар аҳамиятсиз”.
Шу билан бирга, танқидчилар методологиядаги ўзгаришлар дастлабки натижаларни шубҳа остига қўйишини таъкидламоқда.
“Фан керакли натижага эришиш учун тажриба шартларини ўзгартириш тамойили бўйича ишламайди. Бундай ёндашув илмий методга зиддир”, - дея таъкидлади Соломон Сян.
Аниқланган асосий муаммолар орасида маълумотларнинг нотўғри жамланиши, валюта конвертацияси билан боғлиқ масалалар ҳамда минтақавий ва миллий кўрсаткичлар ўртасидаги номувофиқлик мавжуд. Аномалиялар аниқлангач, асл тадқиқот муаллифлари ишнинг янгиланган версиясини тақдим этишган, бироқ у ҳали кўриб чиқилмаган.
Натуре таҳририяти 2024 йил ноябрь ойида мақолага таҳририй изоҳ қўшганини ва ҳозирда “кўриб чиқишнинг якуний босқичида” эканини маълум қилган.
“Яқин орада қўшимча маълумотлар билан ўртоқлашамиз", - деди журналнинг физика йўналиши муҳаррири Карл Цимелис AFP’га берган шарҳида.
Мустақил экспертлар ҳам вазиятга муносабат билдирган. Хусусан, Дэвисдаги Калифорния университети доценти Френсис Мур таъкидлашича, қайта кўриб чиқиш асосий хулосани ўзгартирмайди.
“2100 йилгача иқлим ўзгаришидан келиб чиқадиган иқтисодий йўқотишлар ҳамон сезиларли бўлиб, чиқиндиларни камайтириш харажатларидан бир неча баравар юқори”, дейди Френсис Мур.
Танқидчилар аллақачон бу воқеадан декарбонизация сиёсатига қарши далил сифатида фойдаланмоқда. Аммо Соломон Сяннинг фикрича, энг муҳими, бу ҳодиса илмий усулнинг ишончлилигини кўрсатади.
“Фан айнан шундай ишлайди - бир гуруҳ бошқасини текширади, хатоларни аниқлайди, улар эса буни тан олиб тузатади”, дейди Сиян.
Таъкидланишича, мунозара АҚШдаги сиёсий босим ва иқлим ҳақидаги нотўғри маълумотларнинг фаол тарқалиши фонида кечмоқда. Бундай шароитда олимлар илм-фанга бўлган ишончни, хусусан, натижаларни очиқ текшириш ва тузатишларга тайёрлик орқали сақлаб қолишга чақирмоқда. Naturе журналининг якуний қарори халқаро иқлим сиёсатини шакллантириш ва келгуси ўн йилликлар давомида иқтисодий режалаштириш учун жиддий оқибатларга олиб келиши кутилмоқда.
Изоҳ (0)