1945 йил 6 август куни тонг отар-отмас, Хиросима осмонида портлаган атом бомбаси бутун инсоният тарихини ўзгартириб юборди. Ўша вақтдан буён ҳар йили бу сана бутун дунёда ядровий уруш даҳшатларини эслаш куни сифатида тилга олинади. Бироқ бу хотира ёдгорликлар ва архивлар билангина эмас, балки шаҳар кўчаларида ҳанузгача сақланиб қолган сирли ва қўрқинчли излар орқали ҳам яшаб келмоқда. Бундай “атом излари” ядровий қуролнинг нақадар вайронкор кучга эга бўлганини кўрсатувчи далилдир.

“Ядровий излар”
1945 йил 6 август куни эрталаб АҚШ ҳаво кучларига тегишли Б-29 бомбардимончи самолёти Хиросима устига “Little Boy” (Ёш бола) деб номланган, уран-235 асосидаги атом бомбасини ташлади. Портлаш натижасида шаҳар марказида ҳарорат 5000 даража Цельсийдан ошди. Бу нафақат биноларни, балки инсон танасини ҳам бир зумда буғлантириб юборадиган даражадаги иссиқлик эди.

Бу вақтда тротуар, девор ёнида ёки зинапояда турган одамлар, велосипедлар, буюмлар ёки бошқа нарсалар портлаш нурланишини бир лаҳзага тўсиб қолди. Шу сабабли улар орқасидаги предметлар тўлиқ ёниб кетмади. Натижада ўзга хос “соялар” пайдо бўлди. Улар ҳаракатсиз, абадий музлаб қолган ўлим онини эслатарди.
Ҳодисанинг илмий изоҳи

Ядро портлаши пайтида икки асосий нурланиш тури юзага келади: гамма нурлари ва термал (иссиқлик) нурланиш. Иссиқлик тўлқини портлашдан атиги 0,2 сониядан кейин тарқала бошлайди ва ҳарорат ўта юқори бўлади (тахминан 3000-6000 °C оралиғида). Бу иссиқлик биноларнинг ташқи қисмларини, асфалт ва тош сиртларини бир зумда куйдириб юборади.
Аммо бирор жисм, масалан, инсон танаси шу нур олдида турган бўлса, у орқасидаги сиртни маълум даражада ҳимоялайди ва ўша ер нисбатан камроқ ядро таъсирига учрайди.

Америкалик профессор Майкл Харцҳорн айтишича, инсон танаси ва бошқа объектлар термал нурланишни бир зумда ютиб, орқадаги девор ёки ерга келадиган иссиқлик таъсирини камайтирган. Натижада улар ортида қорамтир соя ҳосил бўлган.
Қаерларда бундай излар сақланиб қолган?

Портлаш марказига яқин жойда бўлган Ҳирошима Шима Hospital клиникаси олдида қийшиқ ҳолатда чўккалаб ўтирган инсон сояси, Ҳирошимада машҳур “Соябон тутган одам” силуэти, кўприк устидаги велосипед сояси кабилар энг машҳурларидан. Кўплаб соялар кейинчалик ёмғирлар, шамол ва қурилишлар сабабли йўқ бўлиб кетган.

Аммо айримлари сақланиб қолган ва ҳозирда Ҳирошимада жойлашган “Тинчлик музейи”да намойиш қилинмоқда. Бу музей ядро уруши ҳалокатининг нақадар шафқатсиз бўлганини эслатиб туради.
Атом бомбалари нега айнан Хиросима ва Нагасакига ташланган эди?
Ушбу шаҳарларга бомба ташлаш танлови фақатгина стратегик жиҳатдан эмас, балки “тажриба самарадорлигини” тўлиқ баҳолаш учун ҳам амалга оширилган. Чунки бу шаҳарлар уруш якунигача бомбардимонлардан деярли зарар кўрмаган эди. Бундай шароитда атом бомбасининг таъсир кучи аниқ кўринарди.
Масалан, Нагасакига 9 август куни туширилган “Fat Man” (Семиз одам) бомбаси 21 минг тонна тротилга тенг кучда эди. Ҳар иккала портлаш оқибатида юз минглаб одамлар бир зумда ёки радиация туфайли кейинги ойларда ҳаётдан кўз юмди.
Изоҳ (0)