Японияда меҳмонхоналарда янги, ноодатий хизмат тури пайдо бўлди: эндиликда саёҳатчилар ўзлари билан олиб юрган юмшоқ ўйинчоқлар учун алоҳида мини-каравот ва пижама буюртма қилишлари мумкин. Бу тренд ёшлар орасида кенг тарқалган одат — яқин дўстдек қабул қилинадиган ўйинчоқларни саёҳатга олиб чиқиш билан боғлиқ.

Toyoko Inn меҳмонхоналар тармоғи ушбу талабга жавобан 2025 йил 25 июндан бошлаб янги хизматни жорий этди. Меҳмонлар атиги 300 иен (тахминан 2 доллар) тўлаб, ўйинчоқлари учун кичик каравот сўрашлари ёки бепул тақдим этиладиган мини-пижамаларни олишлари мумкин.
Японияда ёшлар орасида юмшоқ ўйинчоқларни ўзига хос “саёҳатдаги шериги” сифатида қабул қилиш урф бўлган. Баъзилар ўйинчоқларни шаффоф рюкзакларда олиб юради, бошқалар эса меҳмонхона, ресторан ва диққатга сазовор жойларга ҳам қўлида ўйинчоқсиз ташриф буюрмайди. Instagram, TikTok ва бошқа ижтимоий тармоқларда бу борадаги суратлар ва видеолар миллионлаб томоша қилинмоқда.


Психологлар бу ҳолатни эмоционал эҳтиёж билан боғлашади. Хитойдаги руҳий саломатлик ассоциацияси мутахассиси Ван Люфен сўзларига кўра, юмшоқ ўйинчоқлар инсонда хавфсизлик ва таскин ҳиссини уйғотади:
“Улар гапирмайди, танқид қилмайди ва ҳар доим ёнингизда бўлади. Бу шартсиз равишда қўллаб-қувватлашнинг бир шаклидир”.

Таҳлилчилар фикрича, бу каби хизматлар меҳмонхоналарга янги аудиторияни жалб қилиш, мижозлар билан алоқани кучайтириш ва брендга ижобий муносабат шакллантиришда самарали восита бўлиши мумкин.
Изоҳ (0)