Мия инсон организми фаолиятини назорат қилувчи ўта муҳим аъзо ҳисобланиб, фикрлаш, сўзлаш, тана ҳаракатини бошқариш кабиларни бажарувчи мураккаб органдир. Унда пайдо бўладиган ҳар қандай ўзгариш бутун организм фаолиятига таъсир этади.
Ёш ўтгани сари бош мия ҳажми кичрайиб, фаолияти сустлашиб боради. Хотира ва диққатни жамлаш билан боғлиқ қийинчиликлар юзага келади. Қариш жараёнини тўхтатиб бўлмаса-да, мия фаолиятини бузадиган бошқа омилларни назорат қила оламиз. Демак, қуйидаги одатлар мияга зарар келтиради:
Спиртли ичимликларни истеъмол қилиш
Алкогол маҳсулотлари эрта ўлимга олиб келувчи барча касалликлар эҳтимолини оширади, шунингдек, миянинг нейронларига бевосита таъсир қилади. Спирт бош мия нейронларнинг импулсларини секинлаштиради ва ҳатто уларни йўқ қилади.
Чекиш
Тамаки маҳсулотлари организмни қон билан таъминлаш тизимини ишдан чиқаради. У барча органларга, шу жумладан, мияга зарар етказади. Хотира, диққат ва умумий ҳаракат координациясини ёмонлаштиради.
Уйқудан аввал гаджетлардан фойдаланиш
Телефон ёруғлиги биз учун жуда зарарли, у мелатонин — уйқу гормонини ишлаб чиқаришни бузади, уйқу келишини қийинлаштиради. Телефон ёруғлигини камайтириш, кўз учун зарарсиз режимга ўтказиш ёки махсус ҳимоя кўзойнакларини тақиш унинг таъсирини бартараф этмайди. Экрандан келадиган ёруғлик мияга огоҳлантирувчи сигнал сифатида таъсир кўрсатади ва уйқуга халақит беради.
Стресс
Узоқ муддатли тушкунлик ҳолати ва ташвишлар руҳий ва соматик касалликларнинг ривожланишига сабаб бўлади. Агар сиз бундай муаммоларингизни мустақил ҳал қилишда қийналсангиз, мутахассис билан боғланиш тавсия этилади.
Жисмоний фаолликнинг етишмаслиги
Спорт ёки оддий пиёда юриш ҳам қон айланишини яхшилайди ва ҳужайраларга кўпроқ кислород билан тўйиниш имконини беради. Бу эса бош мия ва умумий саломатликка ижобий таъсир кўрсатади.
Изоҳ (0)