Ички ишлар вазирлиги томонидан эълон қилинган қонун лойиҳасига кўра “тонировка” учун ёзда арзонлаштирилган нарх жорий этилиши мумкин.

Лойиҳа билан Вазирлар Маҳкамасининг “Туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали автотранспорт воситаларидан фойдаланишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорига ўзгартириш киритиш режалаштирилмоқда.
Унга кўра, М1 (енгил автомобиллар) тоифасига кирувчи автотранспорт воситаларининг орқа ва олд ён ойналарининг тусини ўзгартириш (қорайтириш) учун ҳар йили 1 майдан 31 августгача бериладиган рухсатномалар йўлга қўйилиши кўзда тутилган.
Рухсатнома нархи жисмоний ва юридик шахслар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида бўлади (ҳозирда 412 минг сўм). Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган хорижий давлатлар юридик шахслари учун эса БҲМнинг беш баравари миқдорида бўлади (2 миллион 60 минг сўм). Бунда, қисқа муддатли рухсатнома учун тўлов рухсатнома расмийлаштирилган санадан қатъи назар, тўлиқ ҳажмда амалга оширилади.
Ушбу қонун лойиҳаси муҳокамаси 22 августга қадар давом этади.
Май ойларида Ўзбекистонда автомобилларнинг олд ён ойналарини қорайтирганлик учун тўловлар бепул бўлиши ҳақида хабарлар тарқалганди. ЙҲХХ буни рад этганди.
Ўзбекистонда “тонировка” турлари
Айни пайтда автомобиллар орқа ён ойналари ва орқа ойнани қорайтириш учун рухсатнома талаб қилинмайди ва бу бепул амалга оширилади. Олд эшиклар ойналарини қорайтириш учун рухсатнома олиш зарур. Рухсатнома йиллик асосда берилади. Автомобильлар орқа ойнасининг тусини, шунингдек, автотранспорт воситалари олд ойнасининг тепа қисми тусини 14 сантиметрдан кўп бўлмаган “полоса” шаклида ёруғлик ўтказувчанлиги чекланмаган даражада ўзгартириш (қорайтириш) рухсатномасиз, тасдиқланган давлат стандарти асосида амалга оширилади.
Олд эшиклар ойналарини қорайтириш учун рухсатнома олиш нархи БҲМнинг 8 баравари (3 млн 296 минг сўм)ни ташкил этади. “Тонировка” учун рухсатномани онлайн тарзда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали олиш мумкин. Онлайн ариза топширганда ҳайдовчи 10 фоизлик чегирма олади. Рухсатномасиз “тонировка” учун жарима Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 126-1-моддасига кўра, БҲМнинг 25 баравари (10 млн 300 минг сўм)ни ташкил этади.
Изоҳ (0)