Ўзбекистон руҳий саломатлик ва фаровонлик бўйича рейтингда 83 та давлат ичида 74-ўринни эгаллади. Бундай натижа Mental State оf the World халқаро тадқиқоти асосида эълон қилинди.

Марказий Осиё давлатлари орасида руҳий ҳолат умумий ҳисобда оғирлигича қолмоқда. Шунга қарамай, Ўзбекистон минтақа давлатлари ичида энг яхши натижани қайд этган. Қўшни давлатлар рейтингда қуйидаги ўринларни эгаллаган:
- Қозоғистон – 76-ўрин;
- Қирғизистон – 79-ўрин;
- Тожикистон – 80-ўрин.
Дунё бўйича ўртача руҳий ҳолат индекси 63 баллни ташкил қилмоқда. Бу инсонлар ойда тахминан 21 кун давомида ўзини барқарор ва фаол ҳис қилишини англатади. Аммо Марказий Осиё давлатлари бу кўрсаткичдан анча ортда қолмоқда. Ўзбекистон 54,5 баллни, Қирғизистон ва Тожикистон 51,2 баллни қўлга киритган. Қозоғистон эса (52,3 балл) Бразилия, Жанубий Африка респибликаси ва ҳаттоки Афғонистон билан деярли бир даражада.
Энг юқори руҳий саломатлик даражаси қайд этилган давлатлар:
- Доминикан Республикаси – 89 балл;
- Танзания – 85,2 балл;
- Панама – 84,4 балл.
Шунингдек, уруш кечаётганига қарамай Украина (70-ўрин 55,6 балл), Россия (24-ўрин 73,8 балл) ва Исроилда (4-ўрин 84,2 балл) руҳий саломатлик бўйича ижобий натижалар қайд этилган.
Мутахассислар фикрича, одамларнинг руҳий ҳолати ёмонлашишига бир вақтнинг ўзида бир нечта омиллар сабаб бўлмоқда: хавотир, тушкунлик, чарчоқ, ёлғизлик ва ҳал қилинмаган ички муаммолар. Бугунги кунда дунё бўйича ҳар саккиз кишидан бири, яъни 8 миллиард аҳолининг 1 миллиардга яқини руҳий касалликка чалинган. Бунда, ўсмирлар энг заиф қатлам ҳисобланади, чунки руҳий муаммоларнинг ярми 14 ёшгача бошланади.
Изоҳ (0)