Маълумки, эркаклар аёллардан ўртача 13 сантиметр баландроқ бўлади. Бутун дунё бўйлаб жинслар ўртасидаги бўй фарқлари кузатилган ва бўйга генетика ҳамда гормонлар таъсир қилиши аллақачон аниқланган бўлса-да, бу ҳодисанинг замирида ётган механизмлар олимларни ҳанузгача қизиқтирмоқда.

Бўй — бу кўплаб омилларга боғлиқ бўлган мураккаб хусусиятдир. Одамлар ўртасидаги бўй фарқларининг 80 фоизи ирсият билан изоҳланади. Қолган 20 фоизи атроф-муҳитга, асосан, болаликдаги овқатланиш ва яшаш шароитларига боғлиқ. Генетик таркиб айниқса мураккаб, чунки бўй — бу полиген хусусиятдир. Содда қилиб айтганда, унга битта ёки иккита эмас, балки бир вақтнинг ўзида бутун геном бўйлаб тарқалган минглаб генлар таъсир кўрсатади. Яқинда ўтказилган энг йирик тадқиқотлардан бирида олимлар ДНКнинг 12 мингдан ортиқ қисмини аниқлади ва уларнинг ҳар бири инсоннинг бўйига ўз ҳиссасини қўшишини исботлади.

Бўй билан боғлиқ асосий генлардан бири ШОХ ҳисобланади. У ҳам Х хромосомада, ҳам Y хромосомада жойлашган бўлиб, мутахассисларнинг фикрича, эркаклар ва аёллар ўртасидаги ўртача статистик бўй фарқининг тахминан чорак қисмини англатади. Ушбу генда мутация бўлган одамларда, масалан, Лери-Вейл синдромида, бўйнинг сезиларли даражада пастлиги кузатилади. ШОХ, айниқса, жинслар ўртасидаги фарқлар нуқтайи назаридан қизиқарли, чунки аёлларда Х хромосомалардан бири фаол эмас, яъни ген транскрипсиясида иштирок этмайди. Эркакларда эса иккала ШОХ гени фаол бўлади — бири Х хромосомада, иккинчиси Y хромосомада.
Сўнгги тадқиқотлар деярли миллион кишининг маълумотларига асосланиб, Х ва Y хромосомаларининг турли миқдори бўй ўсишига қандай таъсир кўрсатишини намоён этмоқда. Мисол учун, қўшимча Y хромосомаларнинг мавжудлиги қўшимча Х хромосомаларга нисбатан кўпроқ ҳолларда баланд бўй билан боғлиқ. Бу Y хромосомасининг гормонал тизимга, аввало, тестостерон даражасига билвосита таъсири билан алоқадор бўлиши мумкин. ШОХ гени ўзи эркакларга хос бўлмаса-да, унинг эркаклардаги ифодаланиш даражаси аёлларга қараганда юқори эканлиги аниқ.
Фото: Hi-tech.mail.ru
Шу билан бирга, гормонларнинг аҳамиятини ҳам унутмаслик лозим. Tестoстерондан ташқари, ўсиш учун эстроген ҳам ниҳоятда муҳим. Ҳайратланарли томони шундаки, жамият анъанавий равишда “аёллар гормони” деб ҳисоблайдиган айнан шу гормон ҳар икки жинсда узун суякларнинг ўсишида ҳал қилувчи рол ўйнайди. У аввалига ўсишни рағбатлантиради, сўнгра маълум даражага етгач, суякланиш жараёнини ишга туширади ва фаол ўсиш босқичини якунлайди. Қизларда эстроген даражасининг чўққиси эртароқ кузатилгани боис улар ўсишдан йигитларга қараганда олдинроқ тўхтайди.
Шундай қилиб, бўй ўсиши генетика, гормонлар ва атроф-муҳитнинг мураккаб ўзаро таъсири натижасидир. Бу жараён қанчалик мураккаб бўлмасин, олимлар ҳамон эркаклар ва аёллар ўртасидаги таниш, аммо тўлиқ тушунилмаган фарқларни белгиловчи механизмларни янада чуқурроқ ўрганишга имкон берувчи кашфиётлар қилишда давом этмоқда. Мутахассисларнинг фикрича, келажакда генлар экспрессиясининг нозик жиҳатлари, яъни турли одамларда бир хил генларнинг қай даражада фаол ёки суст ишлаши ўрганилади ва бу экспрессиянинг бўй ўсишига таъсири тўғрисида янги тушунчалар шаклланади.
Изоҳ (0)