Илм-фанда ўрни, йўлини излаётган, келажагини танлаган соҳасига боғлаган аёлларга доим ҳам осон бўлмаган. Оила, иш, фарзанд тарбияси ва бошқа вазифалар бир кишига оғирлик қилади. Ё униси, ё бунисини танлаш шарти қўйилса, кўпинча, орзулардан, илмдан воз кечилади. Балки, шу сабаб орамизда чин олималар, профессор хонимлар камдир... Хитойда докторантурада ўқиб, Марказий миллатлар университетида ўқитувчи бўлиб ишлаётган ватандошимиз Дилсора Мирзааҳмедова билан оғриқли муаммоларимиз – унутилаётган илмий давралар, муаллим обрўси, тадқиқот ёзиш талаблари, нега фанда олға силжимаслигимиз ва тиниб-тинчимас хитойликларнинг фойдали одатлари ҳақида суҳбатлашдик.
– Биз кўпинча фандаги янгилик, кашфиёт-у тадқиқотлардан кўра енгил-елпи, тумтароқ, мағзи пуч воқеаларга, «кўпик гап»ларга ўч бўлиб боряпмиз. Илм-фанга тегишли суҳбат-режалар, янгиликлар фақат тор доирада – илм эгалари орасида тилга кўчаяпти, холос. Тўғри, илмий баҳслар ҳар доим ҳам оммалашиб, кўпнинг оғзида бирдек айланаверадиган мавзу эмас. Аммо тараққиёт учун мана шундай давралар зарурлигини вақт тасдиқлаган. Сизнингча, илм-фанга рағбат, чинакам олимлар авлоди қандай муҳитда шаклланади?
– Қадим замонлардан бери илмий муҳит, аввало, саройда, кейин сарой атрофидаги бой-зодагонлар хонадонида, уларнинг фарзандлари ўқиб-ўрганадиган мактабларда, ҳеч шубҳасиз, давлат раҳбарлари, амалдорлар қўллови таъсирида ривожланган. Бугунам замон минг ўзгармасин, аҳвол барибир шундай. Илм ортидан эргашган, тадқиқот ўтказаётган, фанда янгилик қиламан деганни сал суяб, кўмак берилсагина, жонланиш бўлади. Секин-аста вақт ўтиб, сиз айтаётган муҳит шаклланади. Тадқиқотчи ёки олим минг уриниб-чиранмасин давлатнинг моддий-маънавий ёрдамига ҳамиша муҳтож. Айтайлик, бўлажак ёш профессорнинг моддий тарафдан таъминоти маромида, оиласини боқиш ташвишидан қутулган бўлса, унга умид боғлаш мумкин. Иккинчидан, илмий манбаларга эҳтиёж, керакли ва қиммат адабиётларни вақтида тополмаслик ёки бирор тўсиқ ҳам йўлнинг ярмидан қайтаради. Кўз ўнгингизда қайси давлат ривожланаётган, фақат олдинга шиддат билан кетаётган бўлса, билингки, айнан ўша давлатда илм-фан, таълим ва инсон қадрига эътибор айрича.
Сиз айтаётган муҳит яралишига яна бир ғов бор: бизда илм-фанга рағбат ва қўллов турли-туман, бемаъни шоулардан-да паст. Дунё равишини ўзгартирган, фанга муносиб ҳисса қўшган олим билан футболчи, боксчининг даромадини солиштиринг-а! Тарози паллалари нотенг келади.
Тўғри, камчилик-оқсашлар қаторида ютуқларимиз йўқ эмас. Лекин жуда кам. Бармоқлар ортиб қолади. Муаммоларимизни битта-иккита-учта қилиб эмас, тизимли ёндашув билан ҳал этиш керак. Бу фақат бир соҳа, йўналишга тегишли гап эмас. Илмий изланишлар ислоҳоти – таълим ислоҳоти, демак. Таълим бўшлиғи тўлдирилиб, ислоҳ этилдими – порахўрлик, таниш-билишчилик илдизи қирқилади. Ҳаммаси узвий боғланган – худди занжирдек. Ўзгартиришни эса аввал ўзимиздан бошлашимиз шарт.
– Хитойда 10 йилдан бери яшайсиз. Шу ўлкада ўқиб-ўрганиш, ишлаш, фарзанд ўстириш ҳам бахт, ҳам сермашаққат йўл дегани. Хитойда илм қилиш-ку ҳақиқий синов бўлса, университетда дарс бериш, ўқитувчилик рутбасини олиш икки карра масъулият. Келинг, Чин диёридаги илмий жараён, муаллималик ҳақида гаплашсак...
– «Хитойда илмий тадқиқот қилиш осон. Шунинг учун ҳамма бориб қилаверади» – деган ўзбекистонлик ҳамкасбимнинг ўзи ҳам келиб, иш бошлади-ю, бир йилга қолмай ташлади-кетди. Хитойда илмий изланишнинг осон ва қийин томонлари бор, албатта. Қулай тарафларини санасам:
Электрон манбалардан бемалол фойдаланиш мумкин. Жамики илмий диссертация, тадқиқот ишлари «cnki.cn» сайтига киритилади. Калит сўзлар орқали интернетдан ҳамма маълумотни олишингиз мумкин. Янги ва аҳамиятли материаллар пулли, лекин кўп университетлар ўз талаба-ю ўқитувчиларига манбалардан текин фойдаланиш имконини яратиб берган. Хитой давлат кутубхонаси адабиётлари билан ҳам бемалол танишиш мумкин. Кутубхона 37 миллиондан зиёд хазинага эга. Электрон китоблардан масофавий фойдаланиш тизими жуда яхши ишлайди.
Илмий раҳбарларнинг беминнат, чексиз ёрдами. Албатта, ҳамма устоз ҳам ёрдам бериб, йўл кўрсатавермайди, лекин мен билган докторантурада ўқиганларнинг деярли ҳаммаси илмий раҳбаридан мамнун. Илмий раҳбар сизга нафақат илмий изланишда, балки ўша муҳитда яшаб, фаолият олиб боришингизда ҳам кўмак беради. Мана, ўзимам жуда яхши илмий раҳбар қўл остида тадқиқот ўтказдим. Устозим, профессор Ву Йингҳуи машҳур хитойшунос олим. Айнан халқаро хитой тили таълими соҳасига оид жуда кўп илмий назария ва илмий тадқиқот услублари, бир нечта китоблар муаллифи. Қаттиққўл, талабчан, лекин жуда меҳрибон инсон. Кўп марта хоналаридан чиқиб, йиғлаб юборар, ҳадеб безовта қилишга ҳам ботинолмасдим. Бугун айнан у киши учун алоҳида, янги факультет очиб, Хитойнинг чет элликларга таълим беришда биринчи ўринда турадиган Пекин хорижий тиллар ва маданият университетига декан қилиб олиб кетишди.
Докторантурага қабул қилинишимизда ҳам шу инсоннинг ҳиссаси катта. Биринчи марта хат ёзганимдан кейин ярим соат ичида алоқага чиқиб, Skype’да видео суҳбат қилдик. Кейин «Турмуш ўртоғингни ҳам чақир. Сизларнинг маданиятни яхши тушунаман, биринг у ерда, биринг бу ерда ўқишинг қийин бўлади. Биттанг яхши мутахассис бўлишингга кўзим етяпти. У эса сенга ёрдам берсин. Сен ва фарзандингга Пекинда ғамхўрлик қилади», деб иккаламизни ҳам докторантурага қабул қилдилар. Давлат гранти асосида.
Хитойга биринчи борган йилимиз фарзандимга виза тайёрлаш қийин бўлди. Виза учун масъул ўқитувчи таклифнома тайёрлаб беришга унамади. Йўлакда эр-хотин ғамгин юриб кетаётсак, устоз рўпарамиздан чиқиб қолдилар. Хафалигим сабабини сўрадилар. «Қани, буёққа юр-чи», деб офисга йўл бошладилар. «Фарзандига виза қилиб беринглар! Нима деган гап бу? Боласи ҳали кичкина, ота-онаси билан бўлиши керак», деб чиқиб кетдилар. Масъул ўқитувчи овозиниям чиқаролмади. Устознинг гапи қонун эди-да!
Нуфузли жойдан ишга таклиф қилишаётганини устозимга айтдим. Ўн дақиқада уйимиз олдига келиб: «Пастга туш», деб хабар ёздилар. «Ўқишинг қолиб кетади, ишлашингга розимасман!» дермиканлар деган гумонда тушдим. «Қанча маош таклиф қилди?» деб сўрадилар. Айтдим. «Кам! Бунча ойликка ҳафтасига шунча пара дарс экан. Кам! Факультет деканига айтаман. Яна қўшиб беради. Эплайсан, фақат ўқишни, болани ташлаб қўйма!» дедилар. Раҳмат айтдим.
Бугун Хитойда таълим ва хорижий тил таълими борасида урф бўлган мавзу бор. San jiao wenti (三教问题) дейилади. Яъни «учта ўқув масаласи» – ўқитувчи, таълим услуби, таълим дарслиги. Ўқитувчи таълимнинг энг муҳим нуқтаси. У сифатга ҳам, натижага ҳам таъсир қилади. Тасаввур қилинг, ўқув қуроли, дарслик йўқ, ўқитиш услублари аниқ белгиланмаган бўлсин. Мана шундай шароитда ҳам ўқитувчи билимли ва кучли бўлса, сифатли таълим берилиши мумкин. Бу ерда муаллим билими сифати ва шарт-шароитга алоҳида эътибор берилади. Ижтимоий ҳимоя ҳам жуда яхши. Ўқитувчига ҳурмат қадимдан мерос. Азалдан мартабали кишиларга «устоз» деб мурожаат қилинган. Ўн талабадан етти нафари ўқитувчи бўламан, дейди. Ўзим санаб кўрганман.
Университет, мактабларда ташкилий ишлар, яъни қоғозбозлик учун бошқа, таълим учун бошқа ўқитувчи фаолият юритади. Шу боис, ўқитувчи олдига фақат сифатли таълим ва намуна бўла оладиган ахлоқ талаби қўйилади.
Ўқитувчи яратилган шароитларга жавобан ўз устида тинмай ишлайди, деярли ҳар йили малака оширади. Малака оширишга мажбурият деб эмас, ўзини ривожлантириш масаласи деб қарайди.
– Ўқувчиларнинг устозига муомала-муносабати, ота-онанинг таълим ишига аралашиши (бу кўпроқ бизда учраса керак) кўп кузатгандирсиз. Ўзбекистондаги ҳолат билан таққосланса, ер билан осмонча фарқ кузатилиши аниқ. Шундай эмасми?
– О, бу масала Хитой таълимининг энг қизиқ ва ачинарли жиҳатларидан бири бўлса керак. Қизим Сабинанинг боғча гуруҳида 30 нафар бола бор эди. Лекин ота-оналарнинг WeChat ижтимоий тармоғидаги гуруҳга 75 дан кўп одам қўшилган. Ҳар бир боланинг ота-онасидан ташқари бобо-бувилари ҳам боланинг олаётган таълими, кундалик машғулотларига қизиқиб, гуруҳга қўшилиб олишган. Мактабда ҳам шу аҳвол. Боланинг ўқишига ота-онагина эмас, икки буви ва икки бобо ҳам аралашади. Негаки ота-оналарнинг кўпи ёлғиз фарзанд. Ягона набира эса ҳамманинг овунчоғи. Аслида, ота-она таълимга ҳадеб аралашиши, боланинг кунлик фаолиятини қаттиқ назоратга олиши керак деб ўйлайман. Аммо жуда бепарволик ҳам ноўрин. Ҳар ишда меъёр бўлгани яхши.
– Илмий тадқиқот жараёнида аёллар эркаклардан кўра абжирроқ ва бошлаган ишиниям жинсига хос ютуқ-камчиликлар билан бажаради, дейишади. Лекин шунда ҳам аёллар сони кам. Профессор, фан докторларининг жуда кўпини эркаклар ташкил этади. Бунга сабаб нима?
– Хитойда илмий изланиш кони машаққат. Факультетимиздаги аёл ўқитувчиларнинг кўпи айнан шу ерда илмий ишини қилган. Уларнинг аксари негадир турмуш қурмаган, ё фарзандсиз, ёки ажрашган. Докторантлар ўзаро: «Деканимиз факультет ривожига ҳисса қўшсин деб оила муаммоларига чалғимайдиганларни ишга олган» – дердик. Лекин бу ҳақиқат. Оила, иш ва илмий тадқиқотни баравар эплаш Хитойда жудаям қийин. Ё униси, ё бунисидан воз кечилади, одатда.
– Кеча қизиқ воқеа устидан чиқдим. Нуфузли таълим даргоҳида PhD даражасини олмоқчи бўлганларни масофавий – онлайн имтиҳон қилинаётган экан. Тадқиқотчилар профессор-ўқитувчиларнинг 3-4 саволига жавоб бераркан, айримларининг ўз мавзусини тузукроқ билмаслиги, бир гапни тутволиб, ҳадеб қайтаравериши, баъзи саволларга умуман жавоб беролмаётганини кўриб, ажабландим, ҳам ҳафсалам ўлди. Энг қизиғи, улар эсон-омон ёқлаб ҳам олади. Диссертациясини юмалоқ ёстиқ қилиб ёзади-да, даражага ҳам эга чиқади. Бундай ҳолатда илмий муҳит, кучли олимлар авлоди ҳақидаги орзулар орзулигича қолаверади-ку!
– Сиз кузатган-кўрган ҳолат, энди, илм эмас. Хитойда ёзилган ҳар бир тадқиқот ўта синчковлик билан антиплагиат текширувидан ўтказилади. Айнан «cnki.cn» сайти илмий ишлар сифатини назорат қилиш учун махсус дастур яратган. Дастур кўчирмакашликни нуқта-вергулигача аниқлаб беради. Бошқа манба билан ўхшашлиги (кўчирилганлиги эмас) 10–15 % бўлиши мумкин. Ренмин университетининг бир туркиялик докторанти ишида қўллаган маълумотларнинг кўпини турк тилидаги асардан олгани диссертациясини ҳимоя қилгандан кейин аниқланади. Тезда PhD даражаси бекор қилинади, илмий раҳбаридан докторантларни тайёрлаш ҳуқуқи олинади. Бу Хитой учун шармандали ҳолат. Шунинг учун антиплагиат текширувигача илмий иш устида астойдил тер тўкилади.
Иккинчи босқичда айнан докторлик ишлари ташқи тақриз учун уч аноним мутахассисга юборилади. Мутахассислар кимлигини ҳечам билолмайсиз. Илмий иш муқовасидаги тадқиқотчи исми, илмий раҳбар исм-фамилияси ҳам олиб ташланади. Буни таълим вазирлиги назорат қилади. А, Б, C, Д каби баҳолар қўйилади. Учта C ва битта Д баҳо олсангиз ҳам жараёндан ўтолмайсиз. Яна бир марта тўғрилаб, топшириш мумкин. Шунда ҳам қониқарсиз баҳолар қўйилса, шунча йиллик меҳнат ҳавога учади. Мен айнан шу босқичда қийналдим. А, А ва Д баҳо олдим. Яна тўғриладим, топширдим, охири ўтдим.
Илмий мақолалар чиқариш кейинги босқич талаби. Мақолалар ХХР таълим вазирлиги ёки университет тан олган сайт ва журналларда чоп этилиши шарт.
Ҳар бир университет, ҳатто факультет докторантларга ўз қонунича талаб қўя олади. АҚШда ўқиган бир ўқитувчимиз таклифи билан 1-босқич охирида 100 та адабиёт ва ўтилган 16 та фан имтиҳонини топширдик. Берилган адабиётлар илмий, ўқиб-тушуниш сал мураккаб эди. Астойдил тайёрландик. Лекин биринчи уринишда хориждан келган докторантлар имтиҳондан ўтолмадик. Йиқилдик. Иккинчи имконда кўзимиз очилиб, аъло натижа кўрсатдик.
Бу ерда илмий тадқиқот мавзусини танлаш ҳам муҳим, ҳам қийин. У сизнинг келгусидаги ишингиз ва давлатингиз билан боғлиқ бўлиши керак. Шунингдек, илмий тадқиқотнинг янгилигига талаб кучли. Мабодо, сиздан аввал кимдир ишлаган бўлса, ёндашувни ўзгартиришингиз шарт.
Илмий тадқиқот якунлангунича минг чиғириқдан – босқичлардан ўтади. Аввал «Мавзуни очиқлаш ҳисоботи» имтиҳон шаклида топширилади. Ундан кейин антиплагиат текшируви, сўнг аноним тақриз. Тўртинчиси «ҳимоя олди ҳимояси» дейилади. Худди диссертация ҳимоясидек ўтадиган жараён кўнгилдагидек ниҳояланса, келгуси босқичларга рухсат берилади. Энг охири – ҳимоя. Шу жараён давомида хатоларни юз марталаб тузатиш, қўшимча киритиш мумкин.
– Яна бир хунук ҳолат. Айрим дугоналарим кўзи ёниб, ғайрати тошиб аҳли илм орасига қўшилади-ю, орадан маълум вақт ўтиб, ҳафсаласи ўлганини айтади. Негалигини сўрасам, турли тўсиқлар – қоғозбозлик, илмий раҳбарнинг ноўрин талаблари, ўзаро келишолмайдиган профессорлар ортидан тадқиқотчининг жабр тортиши, ишининг чўзилиши, ҳимоясининг кечикиши, хуллас, бир талай муаммоларини санайди. Буни эшитиб, илм қилишга чўчибам қоларкансан. Бизда илмга бундай муносабат (айниқса, тарафкашлик, устознинг низосини деб талаба жабр тортиши) қачон барҳам топаркин?
– Илмий изланиш қилиш учун, албатта, яхши устоз, кучли илмий раҳбар танлаш муҳим. Лекин мен негадир бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрмаган эканман. Чунки доим дунёнинг энг яхши, энг ақлли ўқитувчиларидан илм олганман. Хитойда ҳам Лиу Кун ва докторантурадаги илмий раҳбарим профессор Ву Йингҳуи, яна Ўзбекистонда хитой тилини ўргатган Тю Тхи Ким Зунг, журналистика факультетидаги муаллимларим Акбар Нурматов, Назира Тошпўлатова шулар жумласидан. Лекин устозларимни санасам икки-уч кун кетса керак.
Илмий раҳбар билан келишолмаслик, илмий раҳбарнинг ҳаддан ортиқ талаби фақат Ўзбекистондаги муаммо эмас. Бутун дунёда бор. Икки йил олдин Хитойда худди шундай муаммо жамоатчилик эътиборига тушди. Магистратурага кирган йигитни ўқитувчиси хизматкордек ишлатади, кун-тун ундан фойдаланади, турли босимлар ўтказади. Босимга чидай олмаган йигит магистратурадан ҳам кетолмайди, чунки у оиласининг, ота-онасининг ягона умиди, камбағалликдан чиқиш чораси. Шунинг учун жонига қасд қилади, ўқитувчи эса жазосини олади.
Хўш, бундай вазиятларда нима қилиш керак?- Илмий раҳбар билан келишолмаяпсизми, устозни алмаштиринг;
- Илмий изланишга қийналяпсизми, ташланг. Бундай фаолиятга ҳаётий зарурат деб қараш хато. Инсоннинг ҳаёти илмий изланишсиз ҳам гўзал, мазмунли ўтиши мумкин. Бу ҳақиқатни докторантурани тугатибгина англадим.
– Қиз бола ўқиши, олий маълумотли, ўзи севган касб эгаси бўлиши, назаримда, шарт. Ота-онанинг умри давомида қиладиган энг муҳим вазифаси ҳам қизини ўқитиш бўлса керак. Аммо оилавий стереотиплардан чиқиб кетолмай, аксар ота-она (баъзан жамият ҳам) илм аёлларнинг иши эмас (!) дея ҳукм чиқаради. Бугун қизини ўқитмаган ота-она миллат тарбиячисини йўқотаётганини билмайдиям.
– Ривожланган давлатлардан мисол келтиришни яхши кўрамиз. Менам анъанани бузмайман. Ҳеч қайси давлатда, Хитой, АҚШ ё Европа бўлсин, ўқиш борасида ўғил қиздан устун қўйилмайди. Фарзанднинг ҳаммаси бирдек ўқиши, изланиши учун шароит яратилади. Буни чет эллик дўстларим билан кўп муҳокама қилганмиз.
Қадимда бизда ҳам шундай бўлган. Ҳар бир етук алломамизни ўқимишли, оқила она тарбия қилган. Ёки Ибн Сино, Хоразмий, Имом-ал Бухорий, Амир Темурни ҳарф танимаган она тарбия қилган деб ўйлайсизми? Мен бундай деб ўйламайман. Олий маълумоти бўлмаса ҳам фаҳм-фаросатли, ақлли, дунёқараши кенг, илми бор онагина шундай фарзандни вояга етказа олади. Ота эса «кўчаники».
Лекин бизда, афсуски, бугун бундай ўйлайдиганлар кам. «Қиз бола бировнинг хасми, турмушга чиқиб кетади-ю, оиласига зиғирчаям фойдаси тегмайди. Шунинг учун уни ўқитиш шарт эмас!». XXI асрда ҳам қишлоқларимизда 8–9-синфдан мактабни тугатар-тугатмас келин бўлаётган қизларимиз борлиги ачинарли. Ҳали ҳам қизларини фарзанд, шахс ўрнида эмас, «бировнинг мулки» ўрнида кўраётган ота-оналар талай. Шундайлар касрига жамиятимизда аёлларнинг таҳқирланиши, хўрланиши билан боғлиқ муаммолар урчиб бораверади. Оиламнинг, набираларимнинг келажаги гўзал бўлсин, яна муаммолари билан бош оғриғи бўлмасин десангиз, қизларингизни ўқитинг. Ўқитинг деганда олий таълимни назарда тутмаяпман, ҳеч бўлмаганда, ҳунар ўргатиб турмушга узатинг.
Энди қандай қилиб хотин-қизлар ўқишига ёрдам бериш мумкин деган савол туғилади. Энг оддий ва осон йўли – ўрнак, намуна бўлиб. Мақтанишга йўймайсиз, бир мисол айтаман. Хитойда танишимнинг бошига ташвиш тушди. Ундан қутулиш учун анча «югуриш» керак. Улар билан муаммоси ҳал бўлгунича бирга юрдим. Хитой тили, қонунларини бироз билганимга ташвиши тезда ҳал бўлди. Шунда ўта консерватив қарашларга эга ота: «Келажакда қизимни ўқитсамми-йўқми, деб ўйлаётгандим. Эндиям ўқитаман! Сизга ўхшаб одамларга ёрдами тегсин», деди. Хурсанд бўлдим. Эшитишимча, қизларини чет тилига ихтисослашган лицей ва қўшимча дарсларга беришибди. Мана шу ютуғим. Мақсадимга эришдим.
– Хитойда нима билан машғулсиз? Ўша ерда яшаш, ишлаш, келажак режаларини тузиш серзавқ, албатта. Аммо кун келиб ортга қайтиш зарурати туғилса, ҳафсалангиз ўлмайдими, тушкунликка тушмайсизми?
– Узоқ йиллар Марказий миллатлар университетида Халқаро хитой тили таълими йўналишида докторантурада ўқидим. Шу йил 9 майда диссертациямни ҳимоя қилдим. Бундан ташқари, шу университетнинг Рус-Марказий Осиё тиллари факультетида ўзбек тили, маданиятшунослик фанларидан дарс бераман. Ёзма ва синхрон таржимонлик ҳам қиламан. Фарзандим ҳам ўша ерда ўқийди, турмуш ўртоғимнинг иш фаолияти ҳам Хитой билан узвий боғлиқ. Чет элда ўқиш, яшаш, ишлаш қизиқ, лекин келажакда қайтиб қолсангиз-чи, деяпсиз. Менимча, ҳеч нарса ўзгармайди. Доимгидек тетик руҳда ишлайвераман. Халқаро тажрибам етарли, уйга қайтиб, хитой тилидан дарс бериб, таржимонлик қилавераман. Бундан заррача ташвишланмайман. Аксинча, келажакда улғайиб, тажриба орттирганимиздан кейин, барибир, Ватанга қайтишимиз керак, деб ўйлайман.
– Хитойликларнинг меҳнатсеварлиги, шижоати, закийлигига ҳавас қиламиз. Китобхонлик бобида ҳам улар анча-мунчасини ортда қолдиришига гувоҳ бўлгандим. Сиз таниган-билган хитойлик бир кунда неча соатини ўқиб-ўрганишга, мутолаага ажратади?
– Хитойликларнинг китобхонлиги алоҳида, катта мавзу. Қизим боғчага борганида уйга вазифа сифатида жуда кўп болалар адабиёти ўқиб келишни тайинлашар, яна ҳар ҳафта боғча кутубхонасидан 1 та китобни бериб, биргалашиб ўқиб, кейинги ҳафта бошқасига алмаштириб келишимиз керак эди. Биринчи синфга борганда 100 та китобдан иборат рўйхатни тутқазишди. Ўқитувчисидан бу бошланғич синфлар (1–3-синфлар)га мўлжалланган рўйхатми, деб сўрадим. «Йўўўқ!», – деди ўқитувчи, «Бу 1-синф ёзги таътилгача ўқиши шарт бадиий китоблар. Ёзги таътилга алоҳида берамиз». Берган саволимдан уялиб кетдим. 9-синфгача болалар 100 дан ортиқ китобни ўқиб тугатадилар.
Мактаб, университет, докторантурада ҳам ҳар ҳафта «ду шу ҳуи» (读书会) яъни мутолаа мажлиси бўлади. Мажлисда дарслардан ташқари берилган адабиётлар бўйича фикр алмашинади, таассуротлар айтилади, таҳлил қилинади. Пекин таксиларида кўп кузатаман. Ҳайдовчилар ҳамиша аудио-китоб эшитиб юришади.
– Таълим-тарбия, болалар камолотида хитойликлар нималарга суянишади, қайси воситалардан кўпроқ фойдаланишади?
– Келинг, аввал таълим тизими ҳақида гапириб берай. Шунда кўп нарса ойдинлашади. Хитойда таълим боғчадан бошланади. Чунки хитойликлар боғчага таълимнинг бир қисми, узви деб қарашади. «Фарзандингиз боғчага бордими?» дегани «Ўқишга бордими?» қабилида тушунилади. Боғчада олий маълумотли ўқитувчилар ишлайди, уларнинг мақоми тарбиячи эмас, ўқитувчи. Айнан «ўқитувчи», «устоз» деб мурожаат қилинади. Мажбурий таълим 9-синфгача. Аввал 3 йил бошланғич, кейин 6 йил ўрта синфда ўқилади. 9-синфдан кейин энг муҳим жараён – ҳунар ўрганиш учун касб-ҳунар коллежлари ёки бизнинг академик лицейларга ўхшаш фанларни чуқурлаштириб ўргатувчи «гаожонг» бошланади. Ушбу жараёнда болалар келажак учун муҳим имтиҳон – «гаокао»га тайёрланадилар. «Гаокао»да олинган балларга қараб университетлар болаларни талабаликка қабул қиладилар.
Таълим-тарбияда хитойликлар кўп шарқ мамлакатлари каби асрий анъаналарга, миллатнинг диний ва фалсафий қарашларига таянишади. Фарзанд тарбиясида ота ва устознинг ўрни баланд. Конфуцийлик таълимотига асосан қадимда ўта қаттиқ тартиб-интизом асосида болага тарбия ва таълим берилган. Бу таълим услуби бугунги кунда АҚШга кўчиб борган муҳожирлар томонидан қўлланган ва «Йўлбарс она» (虎妈) деб номланган. Қаттиққўлликка асосланган методда жамики эътибор боланинг ўқишига қаратилади. Аммо бу ривожланган давлатларнинг кескин танқидларига сабаб бўлди.
Бугунги Хитойда ҳам «Йўлбарс она» борган сари кам қўлланиляпти. Ота-она фарзанди истагига кўпроқ эътибор бериб, гоҳи ҳаддан ошириб юборади. Ортиқча эътибор, ғамхўрлик таъсирида эркаланиш ҳислари ривожланиб кетади. Энди бунга қарши кураш бошланган. Глобаллашув Хитойга сезиларли таъсир қилган. Болага исм қўйишдан тортиб таълимигача «халқаролашиб» боряпти. Бир маърузада устозим кўчада «Питер» исмли болани кўргани ва бунга мутлақо қарши эканини айтганди. Ҳар бир инсон ўз миллати анъаналарига асосланиб боласига исм қўйиши, боласини шундай руҳда тарбиялаши керак деб ҳисобларкан устозим. Менам шундай фикрдаман. Қийин бўлса ҳам, миллийликни сақлаб қолишга ҳаракат қилиш керак.
Хуллас, аёлнинг нозик елкаларига ўқиш, иш, оила, бола тарбияси ва бошқа масъулиятлар юкланаркан, бунда у фақат ўзининг ғамини емайди. Аввало, келажагига замин ҳозирласа, кейин жамиятнинг бир занжирини улаётган, ўртадаги бўшлиқни тўлдиришга уринаётган бўлади. Шунинг учун аёлни ҳамиша қўллаш, танловларини ҳурмат қилиш, тўғри муносабатда бўлиш ҳаммасидан муҳим. Биз аёлларга бундан ортиғининг кераги ҳам йўқ.
Чарос Низомиддинова суҳбатлашди
Дилсора Мирзааҳмедова1987 йили туғилган;Оилали, бир фарзанднинг онаси;Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети Халқаро журналистика факультетини тамомлаган;Шанхи педагогика университетида магистратурани, Хитой Марказий миллатлар университетида докторантурани ўқиб тугатган;Тошкент давлат шарқшунослик университети қошидаги Конфуций номидаги ўзбек-хитой институти, ЎзДЖТУда дарс берган;Ҳозирда Хитой Марказий миллатлар университетида ўқитувчи бўлиб ишлайди.
Изоҳ (0)