Ўзбекистон аҳолисининг қарийб 40 фоизи ўтган йили пул жамғармаган. Бу ҳақда Марказий банкнинг Осиё тараққиёт банки кўмагида ўтказилган сўровномаси натижаларида келтирилган.

Миқдорий тадқиқот 2025 йилнинг январь—февраль ойларида олиб борилди ва унда мамлакатнинг 6 та ҳудудидан (Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Фарғона, Самарқанд, Жиззах вилоятлари ва Тошкент шаҳри) 1200 нафар аҳоли иштирок этди.
Сўровда иштирок этганлар таркиби қуйидагича бўлган:
- яшаш жойи бўйича: қишлоқ ҳудудлари — 45 фоиз, шаҳарлар — 55 фоиз;
- ёши бўйича: 45 ёшгача — 58 фоиз, 46-60 ёш — 24 фоиз;
- жинси бўйича: аёллар — 60 фоиз эркаклар — 40 фоиз;
- таълим даражаси бўйича: олий маълумотлилар — 15 фоиз, умумий ўрта маълумотлилар — 33 фоиз, ўрта махсус маълумотлилар — 45 фоиз.
Сифатли тадқиқот эса 5 та ҳудудда ўтказилган (Хоразм, Андижон, Сурхондарё, Бухоро вилоятлари ва Тошкент шаҳри) фокус-гуруҳларни қамраб олди ва 2024 йил ноябрь декабрь ойларида амалга оширилган. Ушбу сўровномада 75 нафар аёл, 42 нафари ёшлар ва 32 нафари қишлоқ аҳолиси бўлган жами 198 нафар иштирокчи қатнашди.
Ҳудудлар ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражаси (аграр, саноат, кам ривожланган, шаҳар маркази) дан келиб чиққан ҳолда танлаб олинди. Тадқиқот маълумотлари “Эксперт фикри” ижтимоий-иқтисодий ва маркетинг тадқиқотлари маркази томонидан юзма-юз суҳбатлар орқали йиғилди.
Ўзбекистонда пул жамғариш хулқ-атвори ҳудуд, таълим даражаси ва бандлик ҳолатига кўра аниқ фарқларни намоён этган.

Респондентларнинг катта қисми (39 фоиз) ўтган йилда умуман пул жамғармаганини маълум қилган. Тошкент шаҳрида сўнгги 12 ой ичида маблағ йиғмаган қатнашчилар улуши 25 фоиз ни ташкил этган бўлса, Қорақалпоғистонда бу 54 фоиз — энг паст кўрсаткичга етган.
Олий маълумотлиларга қараганда фақат 8-9-синф маълумотига эга бўлганлар орасида пул жамғармаслик кўрасаткичи юқори бўлган — 53 фоиз. Энг фаол жамғарувчилар талабалар бўлган. Сўнгги бир йилда умуман жамғармага эга бўлмаганлар улуши нафақахўрлар орасида 46 фоизни ташкил этган.
Изоҳ (0)