Охирги пайтлари «тарқаб кетган тўқсон олти уруғ»га ўхшаб боряпмиз. Ақллар оқими, «интеллектлар бўрони» ёпирилиши ўрнига, аксинча, тобора четга – орзуйимиздагидек яшаш имконини берадиган манзилларга ошиқяпмиз. Олиму оқилнинг узоқлашгани бугун билинмаса-да, эртага зарар-зиёнимиз ҳозиргидан кўпроқ чиқиши аниқ. Эҳтимол, кун келиб, бари ўрнига тушар, умидлар ушалар, аммо бунинг аччиқ ичакдек чўзилгани ёмон.
Тарихчи-шарқшунос, хитойшунос, кўплаб грант дастурлар соҳибаси, олима Дилноза Дутураева билан фанда аёллар ўрни, гуманитар фанлар келажаги, манфаат-тамага қорилган илм ва оғриқли муаммоларимиз ҳақида суҳбатлашдик.
– «Илмни Чиндан бўлса ҳам бориб ўрганинг» даъвати сира эскирмайди. Сизнинг мисолингизда бу такроран исботланди. Илм йўли – тақдирингиз эканига қачон ишонгансиз? Муайян сабаблар бўлганми ёки болаликдаги ҳавас кейинчалик асосий фаолиятга айландими?– Болалигимда профессор Индиана Жонс ҳақидаги фильмларни кўриб катта бўлганман. Албатта, бу тўқима образ, аммо тарихчи-археологнинг ҳаёти шундай қизиқарли саёҳатлар ва саргузаштларга бой бўлади, деб ўйлаганман. Ўқувчилигимда турли илмий кашфиётлар қилган шахсларнинг биографиясини ўрганишга қизиқардим. Масалан, афсонавий Троя шаҳрини излаб топган Генрих Шлиман, ёки қадимги Миср ёзуви сирларини ечган Жан-Франсуа Шампольон ва бошқалар. Бироқ мен ўқиган китобларда йирик кашфиёт қилган олимлар орасида аёллар сони негадир кам эди. Тарих фани дарсларида ҳам аёллар ўрни масаласи четда қоларди. Бу эса адоқсиз саволларга йўл очаверарди. Эҳтимол, шуларга жавоб топиш учунам тарих соҳасини танлагандирман...
– Икки йиллик грантни ютиб, қўшимчасига француз тилини ўрганиб (бу саккизинчи тилингиз экан!), ҳозир Парижда илмий ишингизни давом эттираяпсиз. Францияда илмий иш қилиш, тадқиқот ўтказиш кўпчиликнинг орзуси бўлса керак. Тадқиқот тугул, шундоқ бориб-қайтишнинг ўзи серзавқ. Сиз эса ўтган йилдан бери шу ўлкадасиз.– Франциядаги лойиҳам бевосита Германияда Бонн университети синология, яъни хитойшунослик бўлимида олиб борган илмий ишим билан боғлиқ. Айни кунларда Қорахонийлар даврида Буюк Ипак йўли тарихига бағишланган илмий монография устида ишлаяпман. Парижда китобимни якунлаб келишим керак. Аксаримиз Қорахонийлар сулоласи ҳақида ҳам яхши маълумотга эгамиз, деб ўйлаймиз. Бироқ Қорахонийлар даври тарихини ўрганган ҳар қандай тадқиқотчи манбаларнинг камлиги ва улардаги маълумотларнинг қисқалигидан ёзғиради.
Қорахонийлар сулоласи IX аср ўрталаридан XIII аср бошигача бўлган давр оралиғида ҳукмронлик қилиб, энг юксалган даврида ҳозирги Эроннинг шимолидан Хитойнинг ғарбий ерларигача бўлган улкан ҳудудни бошқарган. Бу тарихимизда охирги йиллари тез-тез «Биринчи ренессанс» атамаси билан атайдиган илм-фан, санъат ва шаҳарсозликнинг ривожланган даврига тўғри келади. Қорахонийлар даврида қад ростлаган биноларни олинг, уларда иқтисодий жиҳатдан кучли давлат изи яққол билинади. Ҳар қандай иқтисодиётнинг асосини эса бугун ҳам халқаро савдо ташкил этади. Лекин биз сулоланинг ташқи сиёсати, халқаро савдо муносабатлари, Буюк Ипак йўлидаги фаолияти, Хитой билан алоқалари каби масалаларни араб ва форс тилидаги манбалардан фойдаланиб ўргана олмаймиз. Сабаби, уларда маълумот жуда кам. Шарқшунослик соҳасидаги анъаналар эса Марказий Осиёнинг ислом даври тарихини фақат араб ва форс манбалари асосида ўрганадиган мутахассисларни етиштирган. Натижада, Марказий Осиёнинг ўрта асрлар даври тарихини ўрганишда хитой тилидаги манбаларга деярли мурожаат қилинмайди. Хитойшунослик соҳасида тайёрланадиган кадрлар эса араб-форс манбалари ҳақида маълумотга эга эмас. Камига, Ўзбекистондаги синология соҳаси фақат замонавий хитой тилини ўргатиш билан чекланиб қолган. Қадимги хитой тили ва манбаларини биладиган мутахассислар йўқ ҳисоби. Шу сабаблар бирлашиб, аспирантурадан кейин Хитойга, қадимги хитой тилини ўрганишга кетишимга туртки бўлди. Ҳозирги илмий ишимни Қорахонийлар даврига оид араб ва форс тилидаги манбалар қаторида, қадимги хитой тилидаги манбаларни ўрганиб, давом эттиряпман.
Қорахонийларнинг Хитойдаги дипломатик ва савдо фаолиятига оид бир қатор маълумотларни (шу чоққача бизга номаълум эди) тиклашга эришдим. Илмий ишимнинг асосий мақсади — Қорахонийлар даврида Буюк Ипак йўлининг ривожи ва Хитой билан боғловчи янги тармоқларнинг пайдо бўлганини кўрсатиб бериш. Манбалардаги маълумотлар камлиги ва баъзи тарихий геополитик жараёнлар туфайли халқаро илмий жамиятда Қорахонийлар даврида трансконтинентал Буюк Ипак йўли инқирозга учраган, деган қараш устун. Қўлимдаги ҳужжат ва манбалар эса бу қарашни бутунлай инкор этади.
Кўпчилик: «Бизнинг тарихимиз Германия ва Францияга нима учун қизиқ?» – деб сўрайди. Мен тадқиқот олиб бораётган соҳа бўйича Ўзбекистонда мутахассис йўқ, аммо Европада бор. Бунга сабаб ҳозирги замонавий тарих фанида «бизнинг» ва «бошқаларнинг» тарихи деган тушунчадан воз кечилаётганида. Барча халқларнинг тарихи – биз яшаётган дунё тарихидир. Марказий Осиё халқлари тарихи ҳам глобал контекстда кишилик тарихининг бир бўлаги сифатида ўрганилади.
– Илм излаб кўп давлатларда бўлгансиз. Номдор университет кутубхоналарининг эшиги сиз учун очиб берилган. Қимматли манбалар, адабиётлар билан ишлаш жараёни ҳам қизиқ, ҳам сермашаққат бўлса керак?– Тўғри айтасиз, қадимги ёзма манбалар ва илмий адабиётлар билан ишлаш учун тадқиқотчидан, нафақат, зарур билим ва кўникма, яна улкан сабр ва қаттиқ интизом ҳам сўралади. Узоқ вақт талаб этиладиган илмий изланишлар ҳар доим ҳам кутган натижани беравермайди. Бунга тайёр бўлиш керак. Бироқ манбалар ичида шу пайтгача фанга номаълум бирор маълумотни топсангиз, бўлди – ўзингизни йирик кашфиётчидек ҳис қиласиз.
Германияда ишлаганимда Бонн университети синология бўлимидаги иш кабинетимни яхши кўрар эдим. Негаки, кутубхонадаги китоблар илмий ходимларнинг хоналарида мавзу ва даврига қараб жойлаштириб чиқилган эди. Бу илмий ходим учун океан олдида туришдек гап. Парижда эса Француз миллий кутубхонасининг Ришелье корпусида ишлашни ёқтираман. Ўтмишда мазкур бинода француз қиролларининг кутубхонаси жойлашган бўлиб, ҳозирги кунда ғарб ва шарқ тилларидаги қўлёзмалар фонди билан дунёга машҳур.
– Келинг, энди ўзимиздаги илмий фаолиятга тўхталсак. Ўзбекистонда илмий иш бошлаган ёш тадқиқотчи кўпинча адабиётларнинг камлиги, диссертацияларнинг электрон каталоги тўлиқ шаклланмаганидан ёзғиради. «Ziyonet.uz», «Natlib.uz»лардаги диссертацияларнинг ҳаммасидан ҳам тўлиқ фойдалана олмайсиз. Бундай омиллар тадқиқотчининг шаштини сўндириб, ишининг чўзилиши ёки пухта чиқишига тўсиқ эмасми?– Ҳақиқатданам, бизда илм-фанни рақамлаштириш соҳаси тегишли равишда ишга туширилмаган. Хорижий илм-фан ютуқлари нарёқда турсин, ўзимизда амалга оширилаётган илмий ишлардан ҳам эркин фойдалана олмаймиз. Ҳар бир тадқиқотчи ўз кабинети, лабораторияси ёки уйида ўтириб, ҳеч бўлмаганда бир қатор йирик илмий маълумотлар базасидан фойдаланиши керак. Тадқиқотлар самарадорлиги ва илм-фан ривожи учун ҳам бу масалани жиддий кўриш керакмикан... Айниқса, пандемия даври бизга кўп соҳаларда ортда қолаётганимизни яққол кўрсатди.
Масалан, рақамли тарих соҳасини олайлик. Ўзбекистонда бу йўналиш умуман мавжуд эмас. Ўзини замонавий тарихчиман деган нафақат, анъанавий тарихий усуллардан, яна рақамли технологиялардан фойдаланиб ишлаши шарт. Бизда рақамли тарих ёки тарихий информатика соҳасидаги мутахассисларга эҳтиёж катта. Бу соҳа аввал тарих факультетлари ўқув дастурига киритилиб, кейинчалик алоҳида мутахассислик сифатида очилса, тез фурсатда самарасини беради, менимча.
Рақамли тарих тарихий таҳлилни матстатистика орқали амалга оширишга, тарихий обидаларимизнинг 3D визуализациясини, тарихий воқеаларнинг компьютер моделларини ва энг муҳими тарихий манбалар ва ҳужжатларнинг маълумотлар базасини яратишга имкон беради. Масалан, Германияда шарқ тарихи ва маданияти бўйича яхлит «CrossAsia» онлайн платформаси мавжуд. Ушбу платформага нафақат Германиянинг илмий ресурслари, балки бошқа давлатларнинг илмий маълумотлар базаси ҳам киритилган. Яъни, тадқиқотчи Германияда ишлаб туриб, Хитойнинг илмий журналлари, адабиётлари ва қадимги ёзма манбаларнинг рақамли нусхаларидан бемалол фойдаланиши мумкин. Хитой тилидаги тарихий ёзма манбаларни рақамлаштириш бўйича амалга оширилаётган лойиҳаларни эътироф этаман. Улардан энг йириги «Scripta Sinica» лойиҳаси бўлиб, 1984 йилдан шу кунгача лойиҳа доирасида жами, тахминан, 750 млн иероглифдан иборат 1300 дан ортиқ ёзма манбанинг рақамли нусхаси яратилган ва бу жараён давом этмоқда.
Илм-фанда очиқлик ва билимлардан эркин фойдаланиш принципларига риоя қилиш муҳимдир. Биз, кўпинча, ЎзР ФА Шарқшунослик институтида сақланаётган қўлёзмалар фонди билан фахрланамиз. Лекин уларни ўрганиш учун мутахассислар етарли эмас, деб нолиймиз. Бу қўлёзмалардан фақат Ўзбекистон олимлари эмас, бутун дунё илм аҳли фойдаланиши ҳам керак. Қўлёзмаларни рақамлаштириш лойиҳаси орқали тарихимизни тадқиқ этишда янги натижаларга эришамиз, қўшимчасига, ноёб меросимизни авлодларга ҳам етказган бўламиз. Албатта, бундай яхлит базани яратиш осон ва қисқа муддатли иш эмас. Шарқшунослик институти хорижий жамғармалардан олган грантлар ҳисобига бу жараённи бошлашга уринган. Бироқ бу лойиҳа тегишли ташкилотлар томонидан марказлашган ҳолда амалга оширилиши зарур. Инновацион ривожланиш вазирлиги тарих ва шарқшунослик соҳасидаги лойиҳаларга махсус грантлар ажратса, мутахассислар тадқиқот мавзуси доирасида ҳар бир лойиҳада тўплаган манба ва ҳужжатларнинг маълумотлар базасини яратиб борса, кейинчалик бу материаллар Ўзбекистоннинг рақамли тарих платформасига айланиши мумкин. Бироқ бу ишни бошлашдан аввал тегишли институтларни технологик ускуналар ва персонал билан таъминлаш, ёш тадқиқотчиларни рақамли тарих (Digital History), рақамли гуманитар фанлар (Digital Humanities) каби йўналишлар бўйича хорижга ўқиш ва стажировкага жўнатиш керак.
– Илм-фанда чинакам рағбат кўрсатиш, жамиятга, халққа нафи етадиган ишларни қилиш учун нималарга эътибор қаратилгани, қандай йўллардан юрилгани маъқул?– Биринчи навбатда хилма-хилликни таъминлаш керак. Яъни, илм қилиш фақатгина бир тоифа одамлар учун ёки бир йўналишдаги фанлар учун қулайроқ бўлмаслиги керак. Афсуски, ҳозир маълум фанларга «янги ва истиқболли йўналишлар» номи берилиб, уларга кўпроқ эътибор қаратилмоқда. Фундаментал фанлар, жумладан, гуманитар фан йўналишлари кўп ҳолатда четда қолаётир. Чунки бу йўналишлардан келадиган фойда узоқ вақтдан кейин билинади-да! Бироқ инновацион технологик ривожланишга бўлган эҳтиёжимиз гуманитар фанларнинг қиймати ва жамият учун аҳамиятини англашимизга таъсир қилмаслиги шарт. Шу ўринда гуманитар фанлар бизга нима беради деган савол ўрнига гуманитар фанлар бўлмаса биз нима йўқотамиз, деган масала устида ўйлаб кўрсак муаммонинг моҳиятини яхшироқ тушунамиз. Умумий айтганда, гуманитар фанлар бўлмаса, биз танқидий фикрлаш имкониятини йўқотамиз. Танқидсиз илм бўлмайди. Яъни гуманитар фанлар бўлмаса, бошқа фанлар ҳам бўлмайди. Университетлар ташкил топиш тарихига назар ташласак ҳам, улар айнан танқид, яъни бирор масалани таҳлил ва муҳокама қилиш учун пайдо бўлганини кўрамиз. Тасаввур қилинг-а, университетлардан тарих, фалсафа ва бошқа гуманитар фанларни олиб ташласак, бу масканлар энди университет мақомига эга бўлолмайди ва шунчаки техник машғулотлар марказига айланади. Ҳар қандай университет ёки илмий-тадқиқот институти танқид маркази бўлиши керак, яъни, гуманитар фанлар тақдири бошқаларни ҳам чуқур ўйга солиши лозим. Негаки, гуманитар фанлар йўқ бўлган кун, биз билган университетлар ва илм-фан ўлган кундир.
Бундан ташқари, сўнгги йиллари авж олган Scopus ва Web of Science каби халқаро илмий базаларининг кўрсаткичига ҳамда «Ҳирш индекси»га асосланиб иш тутиш фойдадан кўра кўпроқ зарар келтиришини англамаяпмиз, назаримда. Ҳозирги шароитда, бизда мазкур базаларда илмий мақолангиз бўлмаса ва энг муҳими, у сўнгги уч-беш йилда нашр қилинмаган бўлса, грант олиш имкониятингиз чекланади. Натижада, пул эвазига сифатсиз мақолаларни нашр этишга тайёр «таловчи журналлар» бизнеси ривожланяпти. Энг қизиғи, «Ҳирш индекси» гуманитар фанлар соҳасига умуман тўғри келмайди. Негаки, «Ҳирш индекси» назарий физика соҳаси олимлари учун ишлаб чиқилган бўлиб, унинг кўрсаткичи бир соҳадаги мутахассислар сони билан узвий боғлиқ. Яъни, бир олим ишлаётган мавзу бўйича бошқа олимлар сони қанча кўп бўлса, унинг ишига келтирилган иқтибослар сони ҳам шунча кўп бўлади ва «Ҳирш индекси» ошиб бораверади.
Фикримни ноёб тарихий манба устида ишлаётган тарихчи мисолида очиқлай. Айтайлик, у сўғдшунос бўлсин. Бугун дунё миқёсида бундай мутахассислар саноқли. Биринчидан, унинг тадқиқоти бир неча йил давом этиши мумкин. Иккинчидан, тадқиқоти нашр қилингач, фақатгина бир неча тор доирадаги мутахассислар унга иқтибос келтириши мумкин. Бироқ бу билан унинг иши илм-фан учун аҳамиятини йўқотмайди. Шундан келиб чиқиб, «Ҳирш индекси»нинг кўрсаткичини барча фанларга нисбатан қўллаш тўғри эмас. Негаки, «Ҳирш индекси»нинг ортидан қувиш келажакда қадимги ва ўрта асрлар даври тарихи, ўлик тиллар, манбашунослик каби соҳалар билан шуғулланувчи мутахассисларнинг камайишига олиб келади.
Афсуски, ҳозир илмий ишлар оригиналлиги ёки савиясига қараб эмас, балки сонига қараб баҳоланмоқда. Илмий билимлар бозорга чиқарилганидек, моддий фойда билан ўлчанмоқда. Натижада, илмий принципларга содиқ олимларимиз билимлар ҳурмат қилинадиган давлатларга кетиб, ўша ерда ишлашни афзал кўрмоқдалар. Айтганча, Германия ва Франция илмий ташкилотларининг грант дастурларига лойиҳа топшириш шартларида бундай талаб йўқ. Шахсан мен, ҳеч қаерда Scopus, Web of Science, «Ҳирш индекси» каби ибораларни учратмаганман. Одатда, тадқиқотчининг тажрибасига қараб тақриздан ўтадиган нуфузли халқаро журнал ва академик нашриётларда чоп этилган илмий ишлар талаб қилинади.
Шу билан бирга, гуманитар фанлар соҳасида журналдаги мақоладан кўра, кўпроқ илмий монография ёки коллектив нашрда мақола чоп этиш одатий ҳолдир. Бундан ташқари, тарих соҳасидаги нуфузли илмий журналларнинг ҳаммаси ҳам юқоридаги халқаро базаларга кирмайди ёки киришни истамайди. Масалан, бир неча йил олдин Германия илмий-тадқиқот институтлари Elsevier ташкилоти билан барча муносабатларни бекор қилди ва Германияда чиқадиган кўплаб илмий журналлар унга қарашли Scopus базасидан чиқиб кетишни маъқул кўрди. Сабаби, Elsevier ташкилоти даромад илинжида илм-фанда очиқлик принципига тўсқинлик қилмоқда. Шу билан бирга Европанинг бошқа бир қатор давлатлари томонидан ҳам Elsevier хизматлари учун бўлган аъзолик тўловлари ниҳоятда баланд бўлишига қарамай, ишларнинг умумий илмий савияси етарли даражада юқори эмас, деб қабул қилинган. Жумладан, Буюк Британиялик палеонтолог Жон Теннант The Guardian нашрида чиққан мақоласида Elsevier ташкилоти илгари сураётган бузғунчи ғояларни қаттиқ қоралайди. Илм-фанни бир ташкилот томонидан бошқаришга бўлган интилиш худди, айтайлик, McDonald’s каби йирик корпорация томонидан барча одамларнинг овқатланиш одатларини назорат қилишдек бемаъни, деб таъкидлайди. Бизда-чи, бу ташкилот билан ҳамкорлик ҳамон бардавом.
Ўзбекистонда академик тарих фани соҳасига келадиган бўлсак, 17 мартда regulation.gov.uz сайтида «Ўзбекистон Республикасида тарих фани соҳасини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси» лойиҳаси муҳокамага қўйилди. Лойиҳадаги бир жиҳат диққатимни тортди. Концепцияга кўра, тарих фанини ривожлантириш бўйича таянч илмий муассаса этиб Фанлар академиясининг Тарих институтини белгилаш ва мазкур институт қошида Тарих фани соҳасидаги илмий фаолиятни мувофиқлаштириш Республика кенгашини тузиш кўзланган. Бу кенгаш томонидан эса 2021—2030 йилларда тарих фани соҳасида тадқиқ этиладиган бош илмий йўналишлар ва мавзуларни белгилаш ҳамда барча илмий ва молиявий имконларни уларни амалга оширишга йўналтириш режалаштирилган. Демак, бутун бир фан соҳаси бир гуруҳ томонидан бошқарилиши таклиф қилинмоқда. Яъни, тарихчиларимиз фақат кенгаш томонидан тасдиқланган йўналиш ва мавзулар устида ишлашлари мумкин бўлади. Бироқ илм-фанда эркинлик ва хилма-хиллик принциплари жорий қилинмас экан, ривожланиш бўлмаслигини унутмаслигимиз керак. Бу концепция асосида иш тутилса, тарихчиларимиз фақат хорижда эркин илм қилиш имконига эга бўладилар.
– Аксар қизларимиз (албатта, Ўзбекистонда) илм ортидан эргашишга негадир чўчийди. Эплай оламанми, йўқми деб иккиланади. Оилавий муаммолардан қутулолмаётганлари эса илм қилишни ўйлашга ҳам қўрқади. Иккинчи тарафдан, илмий иш ёзаётганининг кўпи ё нуфуз (статус) илинжида, ёки вазият тақазоси сабаб бошқа билимлининг ўрнини эгаллаб туради. Илмни қулай вазият, мўмай даромад, диплом ёки унвонга боғлаш нечоғлик тўғри?– Илм қилиш ҳамма ерда ҳам аёл киши учун осон бўлмаган. Инглиз тилида «to have it all», яъни «ҳамма нарсага эга бўлмоқ» ибораси муваффақиятли илмий карьера қилган ва бахтли она бўла олган аёлларга нисбатан кўп ишлатилади. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, аёллар икковини ҳам уддалаши мумкин, лекин бир вақтнинг ўзида эмас. Бизда қизлар, одатда, эрта турмушга узатилади. Яъни, илм йўлидаги биринчи қадамлари оила қуриш билан бақамти қўйилади. Агар ёш олиманинг оила аъзолари, яқинлари унинг салоҳиятини тўғри баҳолаб, мадад бўлса, қийинчиликлар билинмайди. Бироқ жамиятимизда бунга ўхшаш ҳолат кам учрайди. Қўшимчасига, илм-фан соҳасида аёллар олдида кўринмас тўсиқлар талай. Бугун Ўзбекистонда ёш аёл тадқиқотчиларни астойдил қўллаб-қувватлашяпти. Баъзан аёл бўлганинг ҳам қўл келади. Аммо бу гап кейинги илмий босқичларга тегишли эмас.
Масалан, гуманитар фанлар йўналишида кўпроқ қизлар ўқийди. Илм қиламан деганининг сони докторантурада йигитлар билан баравар бўлади. PhD’ни ҳимоя қилишга келганда, тенглик пасаяди, докторлик ишида аввалгидан-да озчилик қолади. Кейин-чи, гуманитар соҳанинг юқори лавозимларини асосан эркаклар эгаллайди. Илм-фан соҳаси бўйича қарор чиқарувчи органларда бир-икки аёл топилса-да, афсуски, бу вазиятни ўзгартирмайди. Glass-ceiling — «Шиша шифт» феномени Ўзбекистон илм-фанида ҳам мавжуд. Бу атама, аслида халқаро илмий адабиёт ва расмий ҳужжатларда мажозий маънода аёлларнинг раҳбарлик лавозимларига эришишга имконият бермайдиган кўринмас тўсиқларга нисбатан ишлатилади. Баъзи ҳамкасбларим бу «шифт» Ўзбекистонда шишадан эмас, балки темирдан ясалган, дейди. Бундай муаммолар ёш қизларимизни қўрқитиши табиий. Агар илм-фанда улкан ютуқларга эришган аёллар сони ортаверса, жамиятдаги кайфият, муносабат ўзгаради. Қизларнинг ўқиши ва илм олиш даражаси ошади.
Бир қатор давлатларда илм-фан бошқарувида гендер мувозанатни сақлаб туриш учун махсус дастурлар орқали иқтидорли ёш олималар аниқланиб, улардан раҳбар кадрлар тайёрланиб борилади. Ажабланарлиси, зарур ҳолларда, хориждан ҳам ёш олималар жалб этилади. Германиянинг Макс Планк жамиятининг халқаро Лиза Майтнер номидаги дастури бунга мисолдир. Бу дастур асосида ёш олималар ўзи тузган илмий гуруҳга бош бўлиб, қисқа муддатда доимий профессорлик ҳамда илмий-текшириш институтларнинг раҳбарлик лавозимларига тайинланишлари мумкин.
Шу йили Инновацион ривожланиш вазирлиги «Олима аёллар грантлари» танловини эълон қилди. Жуда қувондим. Аммо танлов шартига кўра лойиҳа ижрочилари фақат хотин-қизлардан иборат бўлиши керак. Бу эса илм-фандаги хилма-хиллик принципига мутлақо зид. Яхшиси, олималарга ўз илмий гуруҳини тузиш имконини берайлик. Улар эса илмий гуруҳга тадқиқотчиларни фақат уларнинг илмий салоҳиятига асосланиб жалб этишсин.
– Илмий иш қилаётган бир қанча дугоналарим ҳамон қоғозбозлик, кераксиз тадбирлардан нолийди. Диссертациясини юмалоқ ёстиқ қилиб ёзиб, тезда «олим»лик рутбасига эришмоқчи бўлганларнинг-ку сон-саноғи йўқ. Илмга қора кўзойнак тақиб қарайверганимиздан, унинг мазмун-мағзини манфаатга қориштириб қўйдик. Қачон бундай иллатларимиздан қутуларкинмиз?
– Мен ишлайдиган соҳада номзодлик диссертациясини ҳимоя қилиб, докторлик даражасини олмаган олимлар кўп. Бироқ уларнинг ҳар бир илмий тадқиқоти ва монографияси бир неча докторлик диссертацияга тенг келади. Аввал бунинг сабабини тушунмасдим. Менимча, ҳимоя билан боғлиқ ортиқча қоғозбозлик ва тадбирлардан чарчаган илм одами беҳуда ишларга қимматли вақтини қизғанади. Яна ҳимоядан ўтаётган айрим илмий ишларнинг савияси бу жараёндан хийла узоқроқ туришга ундаса керак. Ҳозирги кунда маълум илмий ютуқларга эришган тадқиқотчи диссертацияни ҳимоя қилмай ҳам илмий даража олиши мумкин. Балки бу вазиятни ўзгартиришга хизмат қилар.
Германия ва Францияда олий ўқув юртидан кейинги таълим икки босқичдан иборат: докторантура ва ҳабилитация. 2017 йилдан биз ҳам икки босқичли олий ўқув юртидан кейинги таълимга қайта ўтдик. Ушбу икки босқичга, таянч докторантура ва докторантура, деб ном берилди. Аслида шу икки атаманинг ўзи кўп саволларни уйғотади. Чунки «таянч докторантура» деган тушунча бошқа давлатларда йўқ. Майли, муҳими бу эмасдир. Таянч докторантура ва фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун талаб қилинадиган шартлар антиқа. Ҳали диссертация ҳимоя қилмаган ёш тадқиқотчидан илмий журналларда мақола нашр этиш талабига нима дейсиз?! Илм-фан ривожланган аксарият давлатларда PhD диссертациясини ҳимоя қилмай туриб, мақола чиқариши шарт эмас. Бунда энг муҳими, тадқиқотчининг диссертацияси ва унинг ҳимояси. Германияда, одатда, диссертация якунлангач, илмий раҳбар ва бир-икки ташқи тақризчининг хулосаси етарли бўлади. Кейин бир неча мутахассисдан иборат илмий кенгаш комиссияси тузилиб, ҳимоя куни белгиланади. Ҳимоядан сўнг бир неча йил ичида диссертациянинг илмий натижалари, айниқса, гуманитар фанлар соҳасида монография шаклда нашр этилади.
Бизда-чи, ёш олим илмий даража, яъни PhD’ни олгач, илмий изланишларини давом эттиришга, диссертациясини монография шаклида нашр этишга на вақт, на маблағ топа олади. Яъни таянч докторантура ва докторантура тизимлари ўртасидаги оралиқ даврда ёш олимларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш учун махсус механизм ишлаб чиқилмаган. Шу туфайли, иккинчи илмий даража – фан доктори (Doctor of Science)ни олаётган ёш олимлар, айниқса, ёш олималар кўп эмас. Хорижда, ушбу давр пост-докторантура (докторантурадан кейинги бошланғич йиллар) шаклида алоҳида стипендия ва грант дастурлари билан молиялаштирилади. Бу грантлар, асосан, индивидуал тадқиқотлар учун берилади. Гуманитар фанлар ёки математика соҳасида илмий иш қилаётган тадқиқотчилар учун бу айни муддао. Сабаби, ушбу фанлардаги илмий ишларни, одатда, бир киши амалга оширади. Ўзим ҳам шундай дастурлар орқали Хитой ва Германия университетларида тадқиқотларимни давом эттирганман. Бундай дастурларга бизнинг ёш олимларимиз ва илм-фанимиз муҳтож. Пост-докторантлар, яъни фалсафа доктори илмий даражасини эндигина олган ёш олимлар бир-икки йил мобайнида хорижий университет ва илмий марказларда ишлаб, янги билим ва илғор тадқиқот усулларини ўрганишлари зарур. Бу олимларимизнинг ҳам илмий ўсиши, ҳам мамлакатимиз илмий салоҳияти учун муҳим. Бироқ, ҳаммасидан аввал ёш тадқиқотчиларнинг иш ўрнини ҳимоя қиладиган қонунчилик базасини ишлаб чиқиш керак. Аксар ҳолларда грант асосида узоқ муддатга илмий стажировкага кетаётган ёш олимлардан ишдан бўшаб кетиш талаб этилади.
Германияда иккинчи босқич бўлмиш ҳабилитацияга, яъни биздаги докторантурага муқобил бўла оладиган бошқа тизимлар ҳам мавжуд. Ҳабилитация қилмай ҳам профессор мақомига эришиш мумкин. Бунинг учун «ёш профессура» дастури жорий этилган. Бундан ташқари, илмий гуруҳларга раҳбарлик қилган тадқиқотчининг тажрибаси ҳам ҳабилитацияга тенглаштирилади. Шу аснода диссертация ва ҳимоя билан боғлиқ бўлган ортиқча ишлар ўз-ўзидан йўқолади.
– Мана, сиз грант дастурлари асосида жуда кўп ўлкаларда бўлгансиз. Бироқ аксар ёш тадқиқотчиларимиз халқаро тадқиқотларда негадир кам қатнашади. Ижодий қуввати, салоҳияти етса ҳам, ё йўлини тополмайди, ё турфа овора-сарсонликдан ҳафсаласи ўлиб, қўл силтайди-кетади. Бундай ёшларни қўллаб-қувватлайдиган бирор жамғарма, кўпроқ грант дастурлари керакмикан?– Ёш тадқиқотчиларни хорижда қўллаб-қувватлайдиган халқаро жамғарма ва ташкилотлар кўп. Тил билсангиз ва илм олишга интилсангиз, албатта, йўлингизни топасиз. Ўзимизда ҳам иқтидорли ёшлар учун хорижда ўқиш имконини берадиган «Эл-юрт умиди» жамғармаси бор. Афсуски, мазкур жамғарманинг стипендия ва грантлари маълум бир фанлар бўйича тадқиқот олиб бораётган ёш олимларга мўлжалланган. Масалан, бу йилги эълонда «мамлакат илмий-инновацион салоҳиятининг энг муҳим ва таянч билимларини яратувчи фанлар — математика, кимё, биология ва геология йўналишларида» изланаётган ёш тадқиқотчиларга стипендия ажратилиши қайд этилган. Бундан ташқари, Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар академияси томонидан молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватланадиган лойиҳалар асосан янги технологияларни ишлаб чиқариш, бозор ва тадбиркорлик, инновацион хизмат кўрсатиш турлари каби масалаларга қаратилган. Бундай бир томонлама ёндашув илм-фан ва жамият ривожига зарар келтириши аниқроқ. Натижада, билимли, бироқ «янги ва истиқболли йўналишлар» ёки «энг муҳим ва таянч билимларни яратувчи фанлар» қаторига кирмайдиган соҳаларда илмий фаолият олиб бораётган ёшлар йўл четида қолади ёки илм-фаннинг барча соҳалари бирдек қадрланадиган юртлардан нажот қидиради.
Ўзимизда илмий тадқиқот олиб бориш учун ёш олимларга мўлжалланган грант дастурларининг талаби тушунарсиз. Масалан, Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан эълон қилинган ёш олимларнинг лойиҳа танловида иштирокчилар, албатта, Ёшлар академиясига аъзо бўлиши керак, деб шарт қўйилган. Юқорида мазкур академия доирасида гуманитар фанлар соҳаси деярли қамраб олинмаганини таъкидлаб ўтдим.
Яна бир муаммо – ёш олимлар ёшига қўйиладиган чекловлар билан боғлиқ. Бизда ёш олимлар 35—40 дан ошмаслиги талаб этилади. Бироқ илм-фанга кимдир университетни битириши билан кириб келса, кимдир илмий фаолиятини айрим сабабларга кўра кечроқ бошлайди. Айтайлик, тадқиқотчи PhD’ни 25—27 ёшида ҳимоя қилди. У илмий фаолиятини 10 йилдан бери давом эттирса-да, «ёш олим» ҳисобланади. Бироқ, одатда, PhD’ни ҳимоя қилиш, айниқса, гуманитар фанлар соҳасида ўртача 35—40 ёш оралиғида кузатилади. Яъни диссертацияни энди ҳимоя қилган тадқиқотчи «ёш олим» мақомидан маҳрум бўлади ва ёш олимлар учун мўлжалланган лойиҳалар танловида қатнашолмайди. Хорижда «ёш олим» ибораси ўрнига «илк босқич тадқиқотчиси» (early stage researcher, early career researcher) ибораси қўлланилади ҳамда тадқиқотчининг туғилган йили эмас, балки PhD’ни ҳимоя қилган йили ҳисобга олинади.
– Охирги пайтлари китобхонлик ҳақида кўп, ҳатто меъёридан-да ортиқ гапирдик, турли тарғибот тадбирларини ўйлаб топдик (машина беришгача бордик) ва... мақсадимизга эришолмадик. Киши ўзи истаб, ички эҳтиёжини тўғри англаб қўлига китоб олмас экан, оммавий равишда, мажбурлаб, ташвиқот билан ҳақиқий китобхонларни «яратиш» қийин масала. Қачон (ҳақиқий) китобхон халққа айланамиз?– Бу саволга жавоб бериш қийин. Балки тарғибот тадбирлари учун ажратилган маблағларни жаҳон адабиёти дурдоналарини сифатли таржима қилишга йўналтириш керакмикан... Интернетда баъзи гуруҳларнинг беғараз таржима лойиҳалари таҳсинга сазовор. Шундай лойиҳа ва ташаббуслар молиявий рағбатлантирилса, айни муддао.
– Сиз умумеътироф этилган олималардан бирисиз. Илм йўлига кирмоқчи, лекин ҳануз иккиланиб, ҳадиксираб ёки мавридини тополмаётган ёшларга маслаҳатларингиз.– Илм билан шуғулланиш қийинчиликлардан ташқари ўзига яраша «бонус»ларига ҳам эга. Шулардан энг муҳимларини санаб ўтаман.
Эркинлик ва мустақиллик. Айниқса, илмий-тадқиқот институтида ишласангиз, илмий иш мавзусини танлашдан бошлаб, иш вақтингизни тақсимлашгача бўлган масалаларда эркинсиз. Илмий-тадқиқот гранти асосида ишласангиз, бутунлай мустақил равишда фаолият олиб борасиз.
Иккинчиси, сиз учун муҳим бўлган масала устида ишлаш шароити. Мавзу танлашда берилган эркинлик туфайли сиз ўзингиз муҳим деб ҳисоблайдиган иш билан шуғулланасиз ва яна эвазига маош оласиз.
Хорижга саёҳат қилиш ва халқаро илмий марказларда ишлаш имконияти. Илмий ишингиз орқали сиз турли давлатларда бўлиб ўтадиган конференция ва симпозиумларда иштирок этасиз. Хорижий университетларда ўқиш ёки илмий фаолият билан шуғулланиш имконига эга бўласиз.
Тўртинчиси, дунё билимларини ривожлантиришга хизмат қилиш. Сизнинг илмий тадқиқотингиз қайси мавзуда бўлишидан қатъий назар, дунё билимларини бойитишга хизмат қилади. Умуман олганда, илмий натижаларингиз кўзингизга кичик бўлиб кўринса-да, соҳангиз ривожи учун улкан хизмат қилган бўласиз. Илм орқали бу дунёни оз бўлса-да, яхши томонга ўзгартиришни ҳис этиш бирам ёқимли...
Чарос Низомиддинова суҳбатлашди
Маълумот учун
Дилноза Дутураева
Тарихчи-шарқшунос, илмий изланувчи, турли маданият ҳамда тилларга чанқоқ саёҳатчи. Медиевистика ва синология соҳасида, жумладан, Хитой ва Марказий Осиё халқлари ўртасидаги муносабатлар, Буюк Ипак йўли бўйлаб халқаро савдо, дипломатия, миграция ва маданий алоқалар тарихи мавзусида илмий тадқиқотлар олиб боради.
Тошкент давлат шарқшунослик университетини тамомлаган;
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институти аспирантурасида таҳсил олиб, 2011 йили номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган ва 2020 йилга қадар мазкур институтнинг ўрта асрлар даври тарихи бўлимида катта илмий ходим лавозимида ишлаб келган;
Германиянинг Ҳалле-Виттенберг университети ва АҚШнинг Висконсин-Мэдисон университетида халқаро стипендия дастурлари асосида таълим олган;
Халқаро илмий-тадқиқот грант дастурлари бўйича 2012—2013 йиллари Хитойнинг Нанкин университетида ва 2015—2018 йиллари Германиянинг Бонн университетида пост-докторант сифатида илмий тадқиқот олиб борган;
Ҳозирги кунда Париждаги Франция ижтимоий фанлар олий мактабида илмий фаолиятини давом эттирмоқда.
Изоҳ (0)