Данияда эндиликда аёллар ҳам эркаклар билан тенг равишда мажбурий ҳарбий хизматни ўташи шарт бўлади. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Мазкур қонун 2023 йил июнь ойида парламент томонидан қабул қилинган бўлса-да, у 2025 йил 1 июлдан бошлаб кучга кирди. Янги тартибга кўра, ушбу санадан кейин 18 ёшга тўлган фуқаролар хизматга яроқлиликни аниқлаш учун рўйхатдан ўтиши лозим.
Бунгача аёллар фақат ихтиёрий равишда хизмат қилиши мумкин эди. Эндиликда эса улар эркаклар билан бир хил тизим орқали сафарбар этилади — аввал кўнгиллилар танланади, қолган ўринлар эса қуръа ташлаш йўли билан тўлдирилади.
2024 йил маълумотларига кўра, Дания армиясига янги сафарбар қилинганларнинг 24 фоизини кўнгилли аёллар ташкил этган. Бу ислоҳот Данияни Европадаги гендер-нейтрал ҳарбий чақирув тизимига эга кам сонли давлатлардан бирига айлантиради.
Бундан ташқари, Данияда ҳарбий хизмат муддати ҳам ўзгаради. 2026 йилдан бошлаб муддатли хизмат тўрт ойдан 11 ойгача узайтирилади. Дастлабки беш ой давомида аскарлар кенгайтирилган бошланғич тайёргарликдан ўтади, қолган олти ойда эса улар амалий машғулотларга — қуруқликдаги қўшинлар, ҳарбий-денгиз кучлари, ҳарбий-ҳаво кучлари ёки махсус бўлинмаларда хизматга жалб қилинади.
Дания Қуролли кучларини кенгайтирмоқда
2024 йилда 4700 нафар даниялик қисқа муддатли ҳарбий хизматни ўтаган. Янги чақирув тартибидан сўнг бу кўрсаткич 2033 йилга келиб 6500 кишига етиши кутилмоқда.
Дания ушбу ислоҳотда аёллар учун мажбурий ҳарбий хизматни жорий этган қўшни Норвегия (2015 йилда) ва Швеция (2017 йилда) тажрибасидан илҳом олди. НАТО мажбуриятларини бажариш мақсадида Дания келгуси беш йил давомида мудофаа харажатларини 5,9 миллиард долларга оширади.
Ҳозирда Даниянинг мунтазам армиясида 9 мингга яқин профессионал ҳарбий хизматчи бор. Мамлакат армиясидаги чақирув дастури раҳбари Кеннет Штром сўзларига кўра, аёлларнинг сафарбар этилиши “хавфсизлик соҳасидаги ҳозирги вазият”дан келиб чиққан ҳолда амалга оширилмоқда.
Изоҳ (0)