Дунё бўйлаб қум ювилиши туфайли пляжлар йўқолиб кетиш хавфи остида қолмоқда. Бу ҳақда Financial Times (FТ) нашри хабар бермоқда.

Нашр муаллифларининг таъкидлашича, қумнинг ювилиши қирғоқ чиришининг оқибати бўлиб, бу жараённи тўхтатиш мураккаб.
АҚШнинг Шимолий Каролина штатидаги Родант шаҳрида 2020 йилдан буён шу каби жараёнлар натижасида 11 та уй океанга қулаб тушган. Қирғоқни тиклаш учун 40 миллион доллар талаб этилади, бироқ шаҳарда бундай маблағ мавжуд эмас.
“Мен ўн йилдан кейинми ёки юз йилдан кейинми, аниқ билмайман, лекин шундай вақт келадики, бизда ё қум тугайди, ёки ҳаддан ташқари қимматга айланади”, деди Родант муниципалитети раҳбари Бобби Ауттен.
Испаниядаги Барселона пляжлари ҳар йили 30 минг кубометр қум йўқотмоқда. Шу сабабли уларнинг айримлари бутунлай йўқолиб кетиши мумкин.
“Майамидан Барселонагача ва Австралиянинг Олтин қирғоғигача бўлган ҳудудларда ҳокимият вакиллари келгуси йилларда қирғоқларни ювилишдан қандай сақлаб қолиш мумкинлигини аниқлашга уринмоқда. Эрозиянинг бир қисми табиий сабабларга кўра содир бўлади”, дейилади мақолада.
Таъкидланишича, вазият бўронлар, кучли сув тошқинлари, шунингдек, инсон фаолияти натижасида юзага келган глобал исиш туфайли денгиз сатҳининг кўтарилиши билан янада мураккаблашмоқда. Бу эса музликларнинг эришига олиб келмоқда.
Қирғоқни тиклаш учун қум келтирилаётгани қайд этилган. У сув тошқинидан ҳимоя вазифасини бажаради. Аммо қум нархи ошиб бормоқда, қурилиш ва бошқа соҳалардаги талабнинг ортиши туфайли эса бозордаги таклиф камаймоқда.
FТ маълумотларига кўра, Ер аҳолисининг тахминан 10 фоизи қирғоқдан 5 километрдан кам масофада истиқомат қилади ва пляжларнинг янада вайрон бўлиши жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин.
Бундан аввал Россияда 3,4 миллион аҳоли яшайдиган 129 та кичик шаҳар йўқ бўлиб кетиш хавфи остида тургани маълум қилинганди.
Изоҳ (0)