Қадимги Миср фрескаларида фиръавнлар ва маликалар кўзлари атрофидаги қора чизиқлар асрлар давомида нафис гўзаллик ва қадимий цивилизациянинг эстетикаси сифатида талқин қилиб келинган. Бироқ XXI аср бошларида француз олимлари томонидан амалга оширилган кашфиёт минг йиллар давомида айтилган назарияларни буткул ўзгартирди. Маълум бўлишича, мисрликларнинг машҳур кўз бўёғи безак эмас, балки инсоният тарихидаги илк иммунотерапия тизими — мураккаб тиббий технология бўлган.

Лувр олимларининг кашфиёти
Қадимги мисрликларнинг косметикасидаги сирларни фош этиш истаги Филипп Валтер ва Кристиан Аматоре каби олимларни ноёб топилмага олиб келди. Улар сурма бўёғи таркибида қўрғошиннинг табиатда мавжуд бўлмаган синтетик бирикмалари — лаурионит ва фосгенитни аниқлашган. Бу эса мисрликлар эрамиздан аввалги икки мингинчи йилларда кимёвий технологияларни билганлигини англатган.
Аммо тадқиқотчиларни энг ҳайратга солгани бу эмас эди. Микроэлектрод тадқиқотлари кутилмаган механизмни аниқлади: қўрғошин микродозаларда азот оксиди ишлаб чиқаришни 240% га рағбатлантиради, бу эса иммунитет тизимининг инфекцияларга қарши курашишига ёрдам беради. Шу орқали қадимги мисрликлар замонавий тиббиётда “иммуномодулятор” деб атайдиган воситани яратган эди.
Нил дарёсидаги эпидемиялардан ҳимоя

Ушбу механизмни англаш қадимги Миср шароитида сурманинг нақадар муҳим бўлганини тушунишга ёрдам беради. Нил дарёсининг ҳар йили тошиши серҳосил водийни бактериялар ўчоғига айлантирарди. Африка жазирамасида конюнктивит ва трахома каби кўз касалликлари кўрликка олиб келиши мумкин эди. Шу сабабли, айнан тошқин мавсумида мисрликлар ҳимоя косметикасини эҳтиёткорлик учун суркашган. Бу ҳақда қадимги косметик қутилардаги ёзувлар гувоҳлик беради.
Бу профилактика тизими самарадорлиги қўшни цивилизацияларга ҳам етиб борди. Миср эса қадимий дунёда офталмология маркази сифатида танилди.
Хор кўзи сеҳри

Сурманинг тиббий самарадорлиги унинг қадимги Миср динлари билан ҳам боғлиқ бўлган. Хор кўзи соғайиш ва қайта туғилиш тимсоли бўлиб, сурма орқали ҳар бир мисрлик юзида акс этарди. Мисрликлар кўзларни бўяб, касаллик ва ёвуз руҳлардан илоҳий ҳимоя сўрашган, шу орқали тиббий амалиётни диний эътиқод билан уйғунлаштирган.
Бу боғлиқлик ранглар тимсолида ҳам кўринади. Яшил малахит пигменти инсонни соғлиқ ва унумдорлик маъбудаси — Хатхор билан боғлаган.
Қадимги кимёгарлар технологияси

Бу мураккаб таркибларнинг яратилиши ортида ўз даври учун ҳайратланарли бўлган кимё фани турарди. Мисрликлар фақат табиий минералларни майдалан билан чекланиб қолмаган — улар қўрғошин рудалари ва содали кўллардан олинган натрий тузлари ўртасидаги реакцияларни бошқариб, янги бирикмалар синтез қилишган.
Мисрликлар ёндашувининг тизимлилиги янада ҳайратланарли: турли мавсумларда таркибларнинг самарадорлиги кузатиб борилган, натижалар маълум бир касалликлар учун аниқ рецептлар ва тавсиялар билан папирусларда қайд этилган. Бу методик ёндашув тажрибаларни ҳақиқий фанга айлантирган.
Умумхалқ зарурат

Кўп йиллик кузатишлар натижасида шаклланган бу амалиёт жамиятнинг барча қатламларини қамраб олган. Эркаклар, аёллар, болалар, қуллар ва ҳатто фиръавнлар ҳам кўзларига сурма қўйган. Шу орқали пирамида қурилишида ишлаган ишчилар кўзи чанг ва қуёшдан ҳимояланган: қора чизиқлар ултрабинафша нурларга қарши жисмоний тўсиқ бўлган, сурманинг ёғли таркиби эса қум бўронларида заррачаларни ушлаб қолган.
Сурма нафақат дунёвий ҳаётда, балки ўлимдан кейинги ҳаётда ҳам зарур восита сифатида қаралган. Қабрлар косметик тўпламлар билан тўлдирилган. Сурма маиший буюм сифатида эмас, балки охиратга саёҳат учун зарур асбоб сифатида тушунилган.
Шундай қилиб қадимги мисрликлар микроблар назариясини ўзлари билмаган ҳолда ўрганиб, минг йиллик кузатувларга таянган ҳолда самарали профилактика тизимини яратишга муваффақ бўлган.
Изоҳ (0)