Бундан бир неча кун олдин Россиянинг Камчатка яриморолида 8,8 балли зилзила содир бўлди. Олимлар тилида мегазилзилалар деб аталувчи бундай ер силкинишлари сейсмик фаол ҳудудларда онда-сонда содир бўлиб туради. Ушбу материалда Ер юзининг турли бурчакларида сўнгги 120 йилда содир бўлган мегазилзилалар ҳақида сўз юритамиз.
Ер юзида азалдан тез-тез зилзилалар содир бўлиб туради. Авваллари зилзиланинг кучи ўлчанмаган. 20-аср бошларида зилзила кучини аниқлашга уринишлар бўлган. Турли сейсмологлар ер силкиниши кучини аниқлашнинг турли формулаларидан фойдаланган.
Фақат 1935 йилга келиб америкалик сейсмолог Чарльз Рихтер зилзила магнитудасини ўлчаш бўйича аниқроқ формулани тақдим этган.
Шундан сўнг ер силкинишлари Рихтер таклиф этган формула асосида ўлчанган ва у “Рихтер шкаласи” деб ном олган.
Зилзилалар кучини ўлчаш бошлангандан буён ўнлаб кучли зилзилалар содир бўлди. Уларнинг баъзилари аҳоли зич яшайдиган жойда, бошқаси океанда содир бўлган.
Бундан бир неча кун олдин Россиянинг Узоқ Шарқ минтақасида жойлашган Камчатка яриморолида кучли ер силкиниши содир бўлди. Соҳа мутахассислари тилида бундай кучли ер силкинишлари мегазилзилалар деб аталади.
Камчаткада рўй берган ер силкиниши сўнгги 120 йил содир бўлган мегазилзилалар рўйхатида олтинчи ўринни эгаллади. Қуйида 1900 йилдан сўнг содир бўлган мегазилзилалар ўнлиги ҳақида маълумотларни келтирамиз.
Чилидаги зилзила
1960 йил 22 май куни маҳаллий вақт билан соат 19:11 да Чилида жуда кучли зилзила содир бўлади. Ўшанда ер силкинишининг кучи 9,5 баллга етади.
Зилзила эпицентри мамлакат пойтахти Сантяго шаҳридан 745 км узоқликда жойлашган Валдивия шаҳри яқинида, Тинч океанига туташ ҳудудда эди.
Ер силкинишидан сўнг Тинч океанида улкан цунами пайдо бўлади ва унинг бир қисми Чили қирғоқларига ёпирилиб, бир қанча шаҳар ва қишлоқларни, экин майдонларини, саноат корхоналарини бутунлай сув босади.
Ўшанда Чили ишлаб чиқариш салоҳиятининг 20 фоизини йўқотади. Шунингдек, қарийб 6 минг киши ҳалок бўлади.
Тўлқини 10 метр баландликка етган цунамининг бир қисми соатига 800 км тезликда ҳаракатланиб, эпицентрдан 10 минг км узоқликда жойлашган Гавайи оролларига, ундан ўтиб Филиппин ва Япониягача етиб боради.
Цунамининг бошқа қисмлари Калифорния штати қирғоқларига, Австралия ва Янги Зеландиягача етади.
Гавайи оролларида ҳамда Японияда шаҳар ва қишлоқларни сув босиши оқибатида бир неча юз нафар одам ҳалок бўлади. Ўшанда Чили умумий ҳисобда 500 млн доллар (ҳозирги ҳисобда бу бир неча ўн млрд доллар бўлади) зарар кўради.
Тарихда “Буюк Чили зилзиласи” деб ном олган бу ер силкиниши 1900 йилдан сўнг содир бўлган зилзилалар орасида энг кучлиси ҳисобланади.
Аляскадаги зилзила
1964 йил 27 март куни соат 17:36 да Аляскада кучи 9,2 баллга тенг зилзила содир бўлади. Унинг эпицентри штат маркази Анкориж шаҳридан 10 км узоқликда жойлашганди.
Кучли ер силкиниши тоғларда ер кўчишига, темирйўл ва автомобиль йўлларида ёриқлар пайдо бўлишига сабаб бўлади. Шунингдек, Аляскадаги муҳим портлар вайрон бўлади.
Зилзила туфайли пайдо бўлган цунами улкан тўлқинлар ҳосил қилади ва Анкориж билан бирга бошқа шаҳар ҳамда қишлоқларни вайрон қилади. Ўшанда Аляскадаги бу ер силкиниши АҚШга қарийб 100 млн (ҳозирги пайтда бир неча млрд доллар) зарар етказади.
Цунами нафақат Аляскадаги, балки зилзила эпицентридан жуда узоқда бўлган Япония ва АҚШнинг Калифорния штати қирғоқларигача етиб боради. Зилзила оқибатида Аляскада 131, Калифорнияда 43, Японияда 20 дан ошиқ одам ҳалок бўлади.
Япониядаги зилзила
2011 йил 11 март куни соат 14:46 да Япониянинг Хонсю ороли қирғоқларига яқин жойда денгизда 9,1 баллга тенг зилзила содир бўлади. Унинг эпицентри Токиодан 373 км, Сендей шаҳридан 130 км узоқликда жойлашганди.
Зилзиладан сўнг денгизда 6-8 метр баландликда цунами пайдо бўлади ва у энг аввал Япония қирғоқларига ёпишади. Бир қанча шаҳар ва қишлоқлар сув остида қолади. Сендей шаҳри аэропортини тўлиқ сув босади.
Ўшанда цунами Тинч океани бўйлаб ҳаракатланиб, Россия, АҚШ, Филиппин, Канада, Индонезия, Малайзия, Мексика, Перу ва Эквадор қирғоқларигача етиб боради.
Ҳодиса оқибатида қарийб 20 минг одам ҳалок бўлади. 6 мингдан ошиқ одам жароҳатланади. 2,5 минг киши бедарак йўқолади. Бу зилзила келтирган зарар 309 млрд долларга ҳисобланган.
Индонезиядаги зилзила
2004 йил 26 декабрь куни соат 00:58 да Индонезиянинг Суматра ороли яқинида, Тинч океанида кучи 9,1 баллга тенг зилзила содир бўлади. Бу ер силкиниши янги тарихда энг вайронкор зилзила ҳисобланади.
Зилзила туфайли Тинч океанида тўлқин баландлиги 10-15 метр бўлган цунами юзага келади ва бир неча соат ичида у бир қанча давлатларда сув тошқини юзага келишига сабаб бўлади.
Жумладан, Индонезия, Малайзия, Шри Ланка, Бангладеш, Малдив ороллари, Ҳиндистон, Мьянма, Таиланд каби давлатларда кўплаб шаҳар ва қишлоқларни, дам олиш масканларини сув босади. Оқибатда 200 мингдан ошиқ одам ҳалок бўлади. Бир миллиондан ошиқ одам уй-жойидан айрилади.
Ўшанда цунами тўлқини Омон, Яман, Австралия, Кения, Мадагаскар, Маврики, Сомали ва ҳатто Африка жанубидаги Жанубий Африка Республикаси қирғоқларигача етиб боради.
Россиядаги зилзила

1952 йил 5 ноябрь куни соат 16:58 да Тинч океанининг Россиянинг Узоқ Шарқ минтақасида жойлашган Камчатка ярим ороли яқинида жойлашган қисмида кучи 9 баллга тенг зилзила содир бўлади.
Кучли ер силкиниши океанда цунамини юзага келтиради ва баланд тўлқинлар атроф бўйлаб тарқалади. Зилзиладан 15-20 дақиқа ўтгач Камчатка ороли ва Курил оролларига цунами ёпирилади.
Бир оз вақт ўтгач цунами Канада, АҚШнинг Калифорния, Гавайи, Аляска, Орегон штатлари, ундан ўтиб Перу ва Чили қирғоқларигача етиб боради. Тўлқинларнинг баландлиги Камчатка ва Курилда 15 метргача, бошқа жойларга 3-4 метр баландликда етиб боради ва соҳилбўйи ҳудудларни сув босади.
Ўша пайтда совет матбуотида зилзила қурбонлари ва етказган зарари ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмайди. СССР парчаланиб кетгандан сўнг 1952 йилда Камчатка яқинида содир бўлган зилзила туфайли қарийб 2,4 минг нафар одам ҳалок бўлгани ва давлатга 285 млн рубль зарар етгани ошкор бўлади.
Камчаткадаги зилзила
2025 йил 30 июль куни Россиянинг Узоқ Шарқ минтақасида жойлашган Камчатка яриморолида 8,8 балли зилзила содир бўлди. Россия Фанлар академияси Геофизика хизматига кўра, зилзила маркази Петропавловск-Камчаский шаҳридан 136 километр шарқда, 18 километр чуқурликда қайд этилган.
Зилзила сабаб Тинч океанининг шимолий қирғоқлари — Калифорниягача бўлган ҳудудларда баландлиги 3 метргача етиши мумкин бўлган цунамилар кузатилиши тахмин қилинмоқда.
Шу сабабли Япония дарҳол цунами юз бериши эҳтимоли бўлган ҳудудлардан 2 миллионга яқин одамни эвакуация қилган.
Колумбия ва Эквадордаги зилзила
1906 йил 31 январь куни Тинч океанининг Экводор қирғоқларига яқин бўлган ҳудудида кучи 8,8 баллга тенг бўлган зилзила содир бўлади.
Кучли ер силкиниши океанда цунами келтириб чиқаради ва 5 метрдан баланд тўлқинлар қирғоққа ёпирилади. Оқибатда Эквадор ва унга қўшни бўлган Колумбиянинг соҳилбўйи ҳудудлари сув остида қолади.
Ўшанда ҳар икки давлатда жойлашган кўплаб уйлар сув остида қолади ва жами 1 500 дан ошиқ одам ҳалок бўлади.
Бундан ташқари цунами АҚШнинг Гавайи ва Калифорния штатлари, шунингдек Коста Рика, Панама, Мексика ва Япония қирғоқларига етиб боради. Орадан 100 йил ўтгач, 2016 йил 16 апрель куни ўша жойда яна кучи 7,8 баллга тенг зилзила содир бўлади.
Чилидаги зилзила
2010 йил 27 февраль куни Чилининг марказида жойлашган Био Био провинциясида кучи 8,8 баллга тенг зилзила содир бўлади. Унинг эпицентри Био Био провинцияси маъмурий маркази Консепсон шаҳридан 90 км узоқликда эди.
Ер силкиниши Био Био ва Мауле провинцияларига жиддий зарар етказади. Ҳар икки провинцияда 800 дан ортиқ одам ҳалок бўлади. 1 200 киши бедарак йўқолади. 1,5 миллионта уй вайрон бўлади ва 2 миллиондан ошиқ одам уй-жойсиз қолади.
Гарчи зилзила эпицентри қуруқликда бўлса ҳам қаттиқ ер силкиниши Тинч океанида цунамини юзага келтиради. Оқибатда кучли тўлқинлар туфайли Чили қирғоқларини сув босади. Тўлқинлар ҳатто Янги Зеландия, Австралия, Япония ва Россиянинг Узоқ Шарқ минтақасигача етиб боради.
Чилида содир бўлган бу зилзила мамлакатга 30 млрд доллар зарар етказади. Ўшанда Чилига турли давлатлар инсонпарварлик ёрдамлари жўнатишдан ташқари, уйларни тиклашга моддий ёрдам ҳам ажратади.
Аляскадаги зилзила
1965 йил 4 февраль куни АҚШнинг Аляска штати таркибига кирувчи Алаут ороллари яқинида кучи 8,7 баллга тенг бўлган зилзила содир бўлади.
Кучли ер силкиниши туфайли Тинч океанида баландлиги 10 метрдан ошадиган кучли тўлқинлар пайдо бўлади ва ҳар томонга тарқалади.
Баланд тўлқинлар Алеут ороллари таркибига кирувчи ороллардан ташқари Япония ва Россиянинг Узоқ Шарқда жойлашган ҳудудларига етиб боради.
Бундан ташқари, тўлқинлар зилзила эпицентридан жуда узоқда жойлашган Япония, АҚШнинг Гавайи ва Калифорния штатлари, Перу, Эквадор ва Мексика қирғоқларигача етади ва соҳилбўйи ҳудудларни сув босади.
Алеут оролларининг аксарияти кимсасиз ҳисобланади ва шу сабабли ўлим содир бўлмайди ва моддий зарар миқдори ҳам анча кам бўлади.
Индонезиядаги зилзила
2012 йил 11 апрель куни Индонезиянинг Суматра ороли яқинида, Тинч океанида кучи 8,6 баллга тенг зилзила содир бўлади. Зилзила эпицентри сув остида, 16 км чуқурликда эди.
Кучли ер силкинишидан кейин океанда цунами пайдо бўлади ва у ҳар томонга қараб ҳаракатланди. Баланд тўлқинлар аввалига Индонезия, сўнг Малайзия, Таиланд, Сингапур, Бангладеш, Ҳиндистон ва Шри Ланка қирғоқларигача етиб боради.
Узоқ масофага етганча тўлқинлар пасайиб қолгани учун цунами зарари унча катта бўлмайди. Фақат Индонезияда тўрт киши ўлади ва эпицентрга яқин бўлган Ачех вилоятида уйларни сув босади.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Изоҳ (0)