Эфиопияда одам савдоси билан шуғулланган беш киши ўлим жазосига ҳукм қилинди. Мамлакатда ушбу жиноят учун бундай оғир жазо биринчи марта тайинланди, деб хабар бермоқда Africanews портали.

Нашр маълумотларига кўра, беш кишидан иборат гуруҳ Африка шохидан Қизил денгиз ва Яман орқали Форс кўрфази мамлакатларига иш излаб бораётган минглаб муҳожирлар фойдаланадиган “шарқий йўналиш” деб аталувчи йўл бўйлаб амалга оширган фаолияти учун жазоланган.
Қарор яқинда юз берган денгиз фожиасидан сўнг қабул қилинган. Унда асосан эфиопиялик муҳожирлардан иборат 154 кишини ташиётган қайиқ ёмон об-ҳаво шароити туфайли Адан кўрфазида чўкиб кетган эди. Ҳодиса оқибатида камида 68 киши ҳалок бўлган, яна ўнлаб одамлар бедарак йўқолган.
Africanews’нинг таъкидлашича, бу фожиа муҳожирлар ўз тақдирини одам савдогарлари қўлига топшириб, ўлимга юз тутиш хавфига қай даражада дучор бўлишларини яққол кўрсатиб берган.
Эфиопия адлия органлари ушбу қарорни одам савдосига қарши курашда бурилиш нуқтаси деб баҳолаган.
Эфиопияда ўлим жазоси қонуний ҳисобланади, аммо у жуда камдан-кам ҳолларда қўлланилади. Охирги марта тегишли ҳукм 2007 йилда ижро этилган.
Изоҳ (0)