Маълум бўлишича, Сардиния оролида яшовчи 100 ёшлилар Шимолий Америкадагига қараганда 10 марта кўпроқ экан. Олимлар бунинг сабаби ҳаётга ижобий муносабатда бўлиш ҳам, Ўртаер денгизи парҳезида ҳам эмас эканлигини аниқладилар.
Ривожланган мамлакатларда аёллар эркакларга қараганда ўртача олганда 6-8 йил узоқроқ умр кўради. Аёллар ва эркаклар бир хил ва узоқ умр кўрадиган бирдан-бир жой — бу Сардиния ороли ҳисобланади.
Сьюзан Пинкер бу камдан-кам учрайдиган ҳодисани тадқиқот қилишга қарор қилди.
У кўплаб узоқ умр кўраётганлар билан суҳбатлашди ва охирида ҳаётга муносабат ва овқатланишнинг узоқ умр кўришга таъсири йўқ деган хулосага келди. Унинг сабаби — мулоқот қилишда. Сардинияда одамлар бутун ҳаёти давомида ҳар доим қариндошлари, дўстлари, қўшнилари қуршовида бўлишади. Улар ҳеч қачон ёлғиз яшамайдилар. Ривожланган мамлакатларда яшовчилардан улар шуниси билан фарқ қиладилар.
Шахсий муносабат соғлиқни мустаҳкамлайди
Руҳшунос Жулианна Холт-Ланстед минглаб қари кишилар ҳаётини ўрганиш билан узоқ умр кўриш борасида кўплаб тадқиқотлар ўтказди. Уларнинг ҳаётини ҳамма томондан ўрганиб чиқди: овқатланиш, жисмоний фаоллик, оилавий аҳволи, тиббий кўрикларнинг тезлиги, зарарли одатлари.Етти йилдан кейин у шундай хулосага келди:
Узоқ умр кўришга спорт билан шуғулланиш ҳам, тўғри овқатланиш ҳам ва ҳатто зарарли одатларнинг йўқлиги ҳам таъсир кўрсатмас экан.
Умрнинг узоқлигига икки омил таъсир кўрсатади: яқин муносабатлар ва ижтимоий интеграция.
Яқин кишиларга, агар зарур бўлиб қолса сиз қарз сўрай оладиган, оғир пайтларда сизнинг ёнингизда турадиган кишилар киради. Сизнинг ҳаётингизда айнан шундай одамларнинг бўлиши узоқ умр кўришингизнинг белгилари ҳисобланади.
Иккинчи омил — ижтимоий интеграция — кун давомида сиз одамлар билан қанча кўп мулоқотда бўлишингиз. Нафақат яқинларингиз билан, балки бошқалар билан ҳам муносабатда бўласизми?
Ҳозирги вақтларда биз кўпроқ электрон мосламалар ёрдамида алоқа қиламиз. Кўпроқ вақтимизни онлайн тарзда ўтказамиз. Лекин уни шахсий мулоқотда бўлиш билан тенглаштириб бўлмайди.
Манба: «Лайфхакер»