Дональд Трампнинг президентликка қайтиши, АҚШнинг янги қатъий тариф сиёсати, ёнғинлар билан қамраб олинган Яқин Шарқ, Россия-Украина можаросининг кучайиши, Жанубий Корея президентининг импичменти, Папа Францискнинг вафоти, мисли кўрилмаган табиий офатлар… Якунланган 2025 йил шу ва бошқа тарихий воқеаларга бой бўлди.
“Дарё” ўтган йил давомида юз берган воқеаларни эсга олади.
- Дональд Трампнинг президентликка қайтиши
2025 йил 20 январда Дональд Трамп АҚШнинг 47-президенти сифатида иккинчи марта расман лавозимга киришди. Трамп ўз инаугурация нутқида “Американинг олтин даври” бошланаётганини эълон қилди. Аввалги ҳукуматни танқид қилиб, инфляцияни енгишни, “сўз эркинлигини қайта тиклашни” ва “тинчлик ўрнатувчи ҳамда бирлаштирувчи мерос” қолдиришни ваъда қилди. Лавозимига киришган биринчи куниёқ у Капитолийга ҳужум қилган иштирокчиларни афв этди, АҚШнинг ЖССТдан чиқиши ва Париж битимини бекор қилиш тўғрисидаги фармонларни имзолади. Шунингдек, Мексика билан чегарада фавқулодда ҳолат эълон қилди. Бундан ташқари бошқа давлатларга кўрсатиладиган барча ёрдам дастурларини 90 кунга тўхтатди.
Бундан ташқари, Трамп фармон орқали Давлат бошқаруви самарадорлиги департаментини (DOGE) ташкил этди. Унинг амалий раҳбари, технология соҳасидаги миллиардер Илон Маск бу департаментни “бюрократияга қарши арра” деб таърифлади. Март ойига келиб, DOGE 260 000 нафар федерал ходимни ишдан бўшатди. АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)нинг тугатилиши ҳамда Таълим вазирлиги, Миллий соғлиқни сақлаш институтлари ва бошқа идоралар молияси кескин камайтирилиши йилнинг энг кўзга кўринган қисқартиришлардан бўлди.
Трамп 14 март куни АҚШ ҳукуматининг Глобал оммавий ахборот воситалари агентлиги (USAGM) ва бошқа ҳукумат тузилмалари фаолиятини сезиларли даражада қисқартириш тўғрисидаги фармонни имзолади. Фармон билан “Озодлик радиоси” ва “Америка овози” фаолияти тўхтатилди.Қисқа қилиб айтганда 2025 йил давомида Дональд Трамп нафақат Қўшма Штатлар, балки бутун дунё сиёсатининг энг кўп муҳокама қилинган арбобига айланди.
- Калифорния ва ўрмон ёнғинлари
Январь ойида Калифорнияда ўрмон ёнғинлари авж олди. Фалокат Лос Анжелесдаги мингта бино ҳудудларини, жумладан, Пасифик Палисейдс, Алтадена ва Malibu шаҳарларини қамраб олди. Кейинчалик ёнғин Итон, Херст ва бошқа ҳудудларга ҳам тарқалди. Оқибатда Энтони Хопкинс, Адам Броди, Перис Хилтон, Менди Мур ва бошқа машҳурлар ўз уйлари ва мулкларидан айрилдилар.
Ёнғинлар жами 40 минг акрдан ортиқ (16 минг гектардан ортиқ) майдонни қамраб олган. Ҳалокат оқибатида 27 нафар фуқаро ҳалок бўлган, 16 киши бедарак йўқолган ҳамда тахминан 150 минг аҳоли эвакуация қилинди.
ЖПМорган банки таҳлилчиларининг дастлабки ҳисоб-китобларига таяниб, суғурта компанияларининг ёнғин туфайли йўқотишлари 20 миллиард долларга, умумий зарар эса 50 миллиард долларга етиши мумкин.
Жамоат ташкилотлари, шу жумладан, Демократик партия билан боғлиқ ташкилотлар ёнғинлардан жабрланган ёки мол-мулкидан айрилганлар учун маблағ йиғишни эълон қилди. Ушбу ташаббус доирасида 30 январь куни Калифорнияда хонандалар Билли Айлиш, Леди Гага, Кети Перри ва бошқа машҳур ижрочилар иштирокида хайрия концерти ўтказилди. Тахминан 100 миллион доллар йиғилган, бироқ Fox News телеканалининг хабар беришича, маблағлар кейинчалик жабрланганларга тўғридан тўғри берилмай, бир қатор нодавлат ташкилотлар ўртасида тақсимланган.
- Зеленский ва Трампнинг Оқ уйдаги жанжали
28 февраль куни Украина ва АҚШ президентлари Владимир Зеленский ҳамда Дональд Трамп Оқ уйда учрашди. Овал кабинетдаги учрашуви оммавий баҳс-мунозара билан якунланди.
Бунга Украина раҳбарининг Киев ўт очишни тўхтатишга тайёр эмаслиги ва Вашингтондан хавфсизлик кафолатига муҳтож эканини айтгани сабаб бўлган. Бунга жавобан Трамп Зеленскийга АҚШга етарлича “ҳурмат кўрсатмаётганини” ва “Америка ўзини қандай тутиши бўйича кўрсатма беришга ҳаққи йўқлигини” айтган. Кутилмаган жанжал сабабли Украина делегацияси Оқ уйни муддатидан олдин тарк этди.
Кескин музокаралардан сўнг АҚШ президенти Зеленский “тинчликка тайёр эмаслигини” билдирди. Украина етакчиси эса Оқ уйда бўлган даҳанаки жанг “ҳар икки томон учун ҳам ёмон бўлганини” айтди.
Зеленский ва Трампнинг Оқ уйдаги мунозарасига дунёдаги сиёсатчилар турлича муносабат билдирди. Европанинг бир қатор раҳбарлари Украинани қўллаб-қувватлаган бўлса, америкалик сиёсатчилар Трампнинг ҳаракатларини ёқлаган. Канада, Чехия, Латвия ва Литва ҳам Зеленскийни қўллаб-қувватловчи баёнотлар берди. Буюк Британия бош вазири Кей Стармер эса Британия бош вазири Трамп билан телефон орқали суҳбатда Украинани қўллаб-қувватлашини маълум қилди.
- Ҳибсга олинган Истанбул мэри, Туркияда намойишлар
19 март куни Истанбул шаҳри мэри, мухолифатдаги Республика халқ партияси вакили Акром Имомўғли қўлга олинди. Бунинг ортидан Туркия шаҳарларида намойишлар авж олди. 22—март куни намойишларга чиққанларнинг минг нафардан ортиғи қўлга олинди. Эрдўғон Истанбул мэри ҳибсга олиниши сабабли бўлаётган намойишларни кўча террори деб атади. Имомўғлининг қамоққа олинишига қарши акцияларга тақиқлар жорий этилди.
Бундан ташқари, Истанбул университети Имомўғлининг 1990-йилда Кипр шимолидаги хусусий университетдан унинг бизнес бошқаруви факультетига ўтишида йўл қўйилган қонунбузарликларни сабаб қилиб кўрсатиб, дипломини бекор қилди.
23 март куни, суд коррупцияда гумонланаётган Истанбул мэри Акром Имомўғлини қамоққа олиш тўғрисида қарор чиқарди. Имомўғли билан бирга шаҳар ҳокимлигининг бир қатор юқори лавозимли амалдорлари ҳам қамоққа олинган, жами 90 дан ортиқ киши суд жараёнига жалб қилинган.Саккиз ойлик терговдан сўнг прокурор Акин Гюрлек гумонланувчилар, жумладан 105 нафар ҳибсдагилар, пора олиш, бериш ва пул ювиш билан шуғулланган улкан жиноий уюшма тузганини айтди. Давлатга етказилган зарар миқдори 160 миллиард лира (тахминан 3,8 миллиард доллар) этиб баҳоланди.2028-йилги президентлик сайловларида номзодини қўймоқчи бўлган Имомўғли 12 та порахўрлик, 7 та жиноий даромадларни легаллаштириш ва яна 7 та давлат муассасалари ва ташкилотларига нисбатан фирибгарлик иши бўйича айбланган.Anadolu ахборот агентлигининг баҳолашича, айбловлар 2430 йиллик қамоқ жазосини назарда тутади.
- Мьянмада юз берган зилзила
28 март куни Мьянма ва қўшни Таиландда 7,7 ва 6,4 магнитудали иккита кучли зилзила юз берди. Зилзила йирик шаҳарларда, жумладан, фавқулодда ҳолат режими жорий этилган ва аэропортлар фаолияти тўхтатилган Бангкокда ҳам сезилган. Мандалай ва Сикайн шаҳарлари орасидаги Иравади дарёси устидаги кўприк қулаб тушган, тарихий бинолар, жумладан, Чауктожи пагодаси ва ХИХ асрга оид Мандалай саройи деворлари шикастланган. Таиланд пойтахтида қурилаётган 30 қаватли осмонўпар бино қулаб тушиб, 43 киши вайроналар остида қолди.
Сейсмологларга кўра, бу 1946-йилдан бери мамлакатда содир бўлган энг кучли зилзила ҳисобланади. Унинг эписентри Мьянманинг иккинчи йирик шаҳри Мандалай ғарбида бўлган. Силкиниш тўлқинлари пойтахт Нейпидо ва бошқа йирик шаҳарларда ҳам сезилган.
Зилзила оқибатида Мьянмада камида 5300 киши, Таиландда 36 киши ҳалок бўлди, 7 мингдан ортиқ одам турли даражадаги тан жароҳати олди.

- Дональд Трампнинг тариф урушлари
2 апрель куни АҚШ президенти Дональд Трамп хориждан олиб кириладиган барча товарларга божлар жорий этилишини эълон қилди. Шу куни Оқ уй раҳбари божхона тўловлари жорий этиладиган 185 давлат рўйхатини келтирди. Базавий тариф 10 фоизни ташкил этади, Ўзбекистон товарларига ҳам шунча миқдорда бож солинмоқда. Бироқ кўплаб давлатлар учун тарифлар юқорироқ бўлиб чиқди.
Хусусан, Хитойдан келадиган товарларга божлар 34 фоизни, Европа иттифоқи мамлакатларидан 20 фоизни, Швейцариядан 31 фоизни, Исроилдан 17 фоизни, Қозоғистондан 27 фоизни ташкил этади. Вьетнам (46 фоиз), Камбожа (49 фоиз), Лаос (48 фоиз) энг юқори тарифларга эга бўлди.
Рўйхатда Россия тилга олинмаган, Мексика, Эрон, Канада ва Беларусь ҳам йўқ. Вашингтон Украина товарларига нисбатан 10 фоизлик савдо божини жорий этишга қарор қилди.Трамп 2 апрелни Американинг “Озодлик куни” деб эътироф этди. Трампнинг бу қарори жаҳон етакчиларининг кескин эътирозига сабаб бўлди ва жавоб тариқасида бож тўловлари тўлқинини келтириб чиқарди. Кейинчалик Америка раҳбари айрим мамлакатларга нисбатан тариф ставкасини ўзгартирди.“Биз Американи яна буюк ва бой мамлакатга айлантирамиз. Юртимизни 50 йилдан ортиқ вақт мобайнида талашди. Энди бундай бўлмайди”, дея таъкидлади Трамп.
Декабрь ойида мамлакатнинг божхона-чегара хизмати юқори импорт божлари жорий этилиши натижасида АҚШ 200 миллиард доллар маблағ йиғганини маълум қилди.
- Ҳиндистон ва Покистон мўжароси
22 апрель куни Жамму ва Кашмирда террорчилик ҳужуми содир бўлди. Оқибатда 26 киши ҳалок бўлди. Ушбу ҳужум учун масъулиятни Покистонда жойлашган “Лашкари Тайба” радикал гуруҳининг диверсия қаноти ҳисобланган “Қаршилик фронти” гуруҳи ўз зиммасига олди.
Покистонни “чегарадан ташқари терроризм”ни қўллаб-қувватлашда айблаб, Ҳиндистон ҳукумати Исломободдаги ўз элчихонаси ходимларини қисқартирди, Покистоннинг Ҳиндистондаги дипломатик ваколатхонасининг ҳарбий маслаҳатчиларини персона нон грата деб эълон қилди. Сув ресурсларидан фойдаланиш ҳуқуқини белгиловчи 1960-йилги Ҳинд сувлари тўғрисидаги шартнома амал қилишини тўхтатди. Исломобод “Қаршилик фронти” жангариларига алоқадорликни рад этиб, Ҳиндистон учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди ва Ҳиндистон элчихонасининг ҳарбий атташеларини мамлакат ташқарисига чиқариб юборишини эълон қилди.
7 майга ўтар кечаси Ҳиндистон қуролли кучлари “Синдур” операциясини ўтказиб, “Покистондаги террорчилик инфратузилмаси”га ва унинг назоратидаги Кашмир ҳудудига зарбалар берди. Тўққизта объект ҳужумга учради. Покистон бунга жавобан қарши ҳужумлар уюштирди. Ҳар икки томондан ҳалок бўлганлар сони ўнлаб кишини ташкил этди.
Ҳиндистон ҳукумати бу қадамларни “Ҳиндистоннинг чегарадан ташқари терроризмга қарши мақсадли ва ўйланган жавоби” деб баҳолади. Покистон эса Ҳиндистоннинг ҳаракатларини ўз суверенитетини “қўпол равишда бузиш” деб баҳолаб, БМТ низомининг 51-моддасига мувофиқ, ўзини ҳимоя қилиш мақсадида “исталган вақтда, исталган жойда ва ўз танловига кўра исталган усулда” жавоб қайтариш ҳуқуқини сақлаб қолишини маълум қилди. 10 май куни АҚШ воситачилигида мамлакатлар ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришди.
- Янги Рим папаси сайланди
Рим папаси Франциск 21 апрель куни 88 ёшида вафот этди. 26 апрель куни понтифик Римдаги Санта-Мария-Мажоре черковига дафн этилди. Дафн маросимида 100 дан ортиқ хорижий делегациялар, шу жумладан, ўнлаб давлат раҳбарлари иштирок этган. Жумладан, АҚШ президенти Дональд Трамп, Украина президенти Владимир Зеленский, Франция президенти Эммануэл Макрон, Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен, Венгрия бош вазири Виктор Орбан, шунингдек, Лотин Америкаси давлатлари раҳбарлари — Аргентина президенти Хавьер Милей ва Бразилия президенти Луис Инасиу Лула да Сильва ҳамда бошқа кўплаб юқори мартабали шахслар қатнашди.
8 май куни Америкалик кардинал 69 ёшли Роберт Прево янги Рим папаси этиб сайланди. У ўзига Лев ХIV исмини танлаган. Роберт Прево Иллинойс штатининг Чикаго шаҳрида туғилган, бироқ хизматининг кўп қисмини Перуда миссионер сифатида ўтказган ва яқинда Ватикандаги вазирлик вазифасини бажарувчи дикастерияга раҳбарлик қилган.Рим папаси лавозимига АҚШ, Италия, Шри Ланка ва Африка мамлакатларидан олтита асосий номзод кўриб чиқилган.
- Ҳиндистонда 242 кишини олиб кетаётган йўловчи самолёт ҳалокати
12 июнь куни Ҳиндистондан Буюк Британияга йўл олган Boeing 787 Dreamliner йўловчи самолёти Аҳмадобод шаҳри яқинида учиб кўтарилганидан бир неча дақиқа ўтиб ҳалокатга учради. Лайнер шифокорлар ётоқхонасига қулаб тушган. Самолётнинг дум қисми бўлаклари турар жой бинолари устига тушган, натижада улардан бирининг деворлари қурум билан қопланган, бошқа бинонинг томи эса ёниб кетган.
Фақат битта йўловчи омон қолган. Кейинчалик эркакнинг айтишича, самолёт ҳавога кўтарилганидан сўнг “гўё ҳавода тўхтаб қолгандек бўлган”, сўнгра тиббиёт коллежи ётоқхонасига қулаб тушган. Сўнгги маълумотларга кўра, қутқарувчилар томонидан топилган авиаҳалокат қурбонларининг умумий сони 275 кишини ташкил этди. Самолёт бортида жами 169 нафар Ҳиндистон фуқароси, 53 нафар британиялик, 7 нафар португалиялик ва бир нафар канадалик бўлган.Июль ойида Ҳиндистон авиация ҳалокатларини текшириш бюросининг дастлабки тергов ҳисоботини э`лон қилди. Унга кўра, Boeing 787-8 Dreamliner самолёти учиб кўтарилгандан сўнг двигательларга ёқилғи узатилиши тўхтатилиши оқибатида ҳалокатга учраган.
Президент Шавкат Мирзиёев Аҳмадободда юз берган авиаҳалокат оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлгани ва жиддий жароҳат олгани муносабати билан Ҳиндистон президенти Драупади Мурму ва бош вазири Нарендра Модига таъзия мактуби йўллади.
Ушбу фалокатли ҳодиса ўн йилликнинг энг йирик авиация ҳалокатларидан бири ҳисобланиб, халқаро эътиборни тортди ва жаҳон авиация саноатини хавфсизлик чоралари ҳамда фавқулодда вазиятларга жавоб бериш тартиб-қоидаларини қайта кўриб чиқишга ундади.
- Эрон ва Исроилнинг 12 кунлик уруши
13 июнь кечаси Исроил Эронни махфий ҳарбий-ядровий дастурни амалга оширишда айблаб, унга қарши операция бошлади. Ҳаво ҳужумлари ва диверсия гуруҳларининг рейдлари нишонлари атом объектлари, генераллар, машҳур ядро физиклари, авиабазалар, ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари, “ер-ер” ракеталари бўлди.
Эрон ўз атом лойиҳасининг ҳарбий мақсадларга йўналтирилганини рад этди. МАГАТЭ бош директори Рафаэл Гросси 18 июнь куни маълум қилишича, агентлик инспекторлари Эроннинг ядро қуроли яратиш дастурини амалга ошираётгани ҳақида аниқ далилларни кўрмаган. АҚШ разведка ҳамжамияти президент Дональд Трамп ва Исроил баёнотларига қарама-қарши ўлароқ, Эрон ядро қуролини яратишга интилмаган, деб ҳисоблади.
Эрон Исроилнинг ҳаракатларига ракета зарбалари ва ҳужумчи учувчисиз аппаратлар билан жавоб қайтарди, ҳарбий объектларга зарба бераётганини таъкидлади. Ҳар икки томондан ҳам турар жой биноларига зарар етказиш ва тинч аҳоли орасида қурбонлар сони ортиб борди.
Эрон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, мамлакатда 220 дан ортиқ киши ҳалок бўлган, камида 2,8 минг киши жароҳатланган. Шу билан бирга, Эроннинг Россиядаги элчиси Казем Жалоли 300 га яқин тинч аҳоли ҳалок бўлганини маълум қилди. Исроилда Эрон зарбалари оқибатида 20 дан ортиқ киши ҳалок бўлгани, 1,2 мингдан ортиқ киши яралангани айтилди.
Исроил ва Эрон кунига бир неча марта ўзаро зарбалар берди. Исроил ҳукумати Эрон ядро дастури йўқ қилинмагунча кампанияни давом эттириш билан пўписа қилди. Теҳрон эса, ўз навбатида, Исроил бомбардимонни тўхтатмагунча ўққа тутишни давом эттиришини билдирди.Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи Исроил билан 12 кунлик уруш давомида кўрилган зарар “жиддий” эканини билдирди.
АҚШ 22 июнга ўтар кечаси Эрондаги учта ядровий объектга зарба берди. Соат 2:30 атрофида Американинг Б-2 самолётлари тоғ ичида жойлашган Фордодаги уранни бойитиш марказига ҳужум қилиб, унга камида ўнлаб 13 тонналик GBU-57 бункерга қарши бомбаларини ташлади.
Бир вақтнинг ўзида сувости кемалари Натанз ва Исфаҳондаги объектларга 30 га яқин Tomahawk қанотли ракеталарини учирди. Трамп нишонлар “тўлиқ йўқ қилинганини” эълон қилди.АҚШ президенти Дональд Трамп Исроил ва Эрон ўртасида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришилганини маълум қилди. Бироқ Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи мазкур маълумотни рад этди. Бироқ 24 июнь куни Исроил ва Эрон ўртасида ўт очишни тўхтатиш кучга кирганини эълон қилинди.
- Аляскадаги саммит: икки соатдан ортиқ давом этган Путин ва Трамп музокаралари
15 август куни Анкориждаги Элмендорф-Ричардсон ҳарбий базасида Трамп ва Россия Федерацияси президенти Владимир Путин ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Учрашувнинг асосий мавзуси Россия—Украина можаросини тугатиш масаласи бўлди. Вазирлар иштирокидаги “учга уч” форматидаги учрашув 2 соат 45 дақиқа давом этди.
Путин музокараларни самарали, Қўшма Штатларни эса меҳрибон “қўшни” деб атаган. У яна “Украина инқирозининг асл сабаблари” ва “можарони тугатиш учун уларни бартараф этиш зарурлиги” ҳақида гапирди.
Ўз навбатида, Трамп томонлар “тўлиқ келишувга эриша олмагани ва ҳозирча битим йўқлигини” таъкидлади. Шу билан бирга, Оқ уй раҳбари учрашувни “жуда самарали” деб баҳолаб, Вашингтон ва Москва Украинадаги уруш бўйича кўплаб масалаларда келишиб олишга эришганини қайд этди.
Ушбу учрашувдан сўнг тарафлар бир неча маротаба телефон орқали суҳбатлашди. Оммавий ахборот воситалари уларнинг яна юзма-юз учрашуви ўтказилиши ҳақида ёзди. Аммо томонлар қайта учрашмади.
- Афғонистонда даҳшатли зилзила: қурбонлар сони 2 мингдан ошган
31 август куни Ҳиндукуш тоғларида 6,2 балл кучидаги зилзила қайд этилди. У Афғонистон шарқидаги Асадабад шаҳридан 27 километр жануби-ғарбда содир бўлди. Кучли ер силкинишлари бутун қишлоқларни вайрон қилди. Сўнгги маълумотларга кўра, табиий офат оқибатида ҳалок бўлганлар сони 2,2 мингдан ошган, 3,6 мингга яқин афғон жароҳат олган.
Бундан аввал БМТ Афғонистондаги зилзиладан жабрланганларга ёрдамни кучайтиришга чақирганди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Афғонистоннинг шарқида юз берган зилзиладан кейин 500 мингга яқин аҳоли шошилинч тиббий ёрдамга эҳтиёж сезаётганини билдирди. Европа Иттифоқи кучли зилзиладан зарар кўрган Афғонистонга 1 миллион евро маблағ ажратган ҳамда 130 тонна гуманитар ёрдам юборди.Шундан сўнгг ушбу мамлакатда юқори магнитудали учта кучли ер силкиниши юз берди.
- Непалда Z авлод инқилоби
2025 йил 4 сентябрдан бошлаб Непал ҳукумати мамлакатда WhatsApp, Facebook ва Instagram ижтимоий тармоқларига киришни бутунлай чеклади. Бу ҳолат фуқароларнинг норозилигига сабаб бўлиб, улар оммавий намойишлар уюштирди. Намойишлар давомида одамлар автомобильларни ёқиб юбордилар, йўлларни тўсиб, ҳатто президент, бош вазир ҳамда бошқа сиёсатчиларнинг қароргоҳларига ўт қўйди. “Z авлоди инқилоби” деб номланган митингга минглаб иштирокчилар тўпланди. 9 сентябрь куни ҳукумат ижтимоий тармоқлар фаолиятига қўйилган тақиқни бекор қилишга мажбур бўлди. Бироқ, намойишлар ва тартибсизликлар тўхтамади.
Полиция билан тўқнашувлар натижасида 72 нафар намойишчи ҳалок бўлди, юзлаб киши жароҳат олган. Непал бўйлаб уюштирилаётган норозилик намойишлари вақтида тахминан 25 та қамоқхонадан 15 мингдан ортиқ маҳбус қочиб кетди.
Непалда ҳукуматга қарши намойишларда қатнашаётган Ген Z ҳаракати вакиллари мамлакат муваққат ҳукумати раҳбари лавозимига Олий суднинг собиқ раиси Сушила Каркини тайинлашни таклиф қилди. Мамлакатнинг янги бош вазири Сушила Карк коррупцияни тугатишга ваъда берди.
- Исроил ва ҲАМАСнинг тинчлик келишувига эришди
2025 йил 6 октябрда Исроил ва ҲАМАС делегациялари Миср, Қатар, АҚШ ва Туркия воситачилигида Ғазодаги можарони ҳал этиш бўйича билвосита музокараларни қайта бошлади.
10 октябрь куни Исроил ва Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати қарийб икки йил давом этган ҳарбий ҳаракатларни тўхтатди. АҚШ президенти Дональд Трамп воситачилигида 9 октябрь куни Мисрнинг Шарм аш-Шайх шаҳрида эришилган келишувга кўра, Исроил Мудофаа Кучлари (SAHAL) Ғазо секторидан қўшинларини босқичма-босқич олиб чиқишни бошлади, ҲАМАС жангчилари эса барча тирик исроиллик гаровларни озод қилди.
Америка раҳбари Кнессет депутатлари олдида нутқ сўзлади, сўнгра Мисрда ўтказилган “тинчлик саммити”да иштирок этди. Трамп уруш тугаганини ва келишувда ҳал қилувчи рол ўйнаганини таъкидлаган бўлса-да, ўт очишни тўхтатиш узоқ муддатли тинчликка олиб келадими-йўқми, ҳозирча номаълум. Боиси ҲАМАС тўлиқ қуролсизланишга рози эмас, Исроилда эса ташкилотга нисбатан қатъийроқ чоралар кўриш талаб қилинмоқда.
БМТнинг Фаластин қочқинлари агентлиги (UNRWA) Ғазода тинчлик келишуви кучга киргач, айрим мактаблар қайта очилаётгани ва ўқувчилар аста-секин дарсларга қайтаётганини маълум қилди.
Исроил ҳужумлари бошланган 2023 йил октябрь ойидан бери ҳалок бўлганлар сони 70 минг нафардан ошган, ярадорлар сони эса 170 179 нафарга етган. Сулҳ кучга кирганидан буён эса 381 киши вайроналар остидан чиқариб олинган. Ҳозир ҳам минглаб жасадлар қулаган бинолар остида қолаётгани айтилмоқда.
7 декабрь куни Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху Трампнинг Ғазо секторидаги можарони ҳал қилиш бўйича тинчлик режасининг биринчи қисми деярли амалга оширилганини маълум қилди.
Декабрь ойида АҚШ президенти Дональд Трампнинг махсус элчиси Стив Уиткофф ва Оқ уй раҳбарининг куёви Жаред Кушнер Ғазо секторини қайта тиклаш бўйича 112 миллиард долларлик таклиф ишлаб чиқди.
- Нью Йоркнинг илк мусулмон мэри
4 ноябрь куни Демократлар партиясидан номзод Зоҳран Мамдани Нью Йорк мэрлиги учун ўтказилган сайловларда ғалаба қозонди. 34 ёшли номзод партиядоши Эндрю Куомо ва республикачи Кёртис Сливани ортда қолдирди. Мамдани Нью Йоркнинг сўнгги юз йилдаги энг ёш мэрига, шунингдек, ушбу лавозимни эгаллаган илк мусулмон ва келиб чиқиши жанубий осиёлик бўлган биринчи шахсга айланди.
Мамданининг ғалабаси ҳатто партиядошларини ҳам ҳайрон қолдирди. Сиёсатчининг Ғазодаги уруш ва ҲАМАС борасидаги позицияси сабаб айримлар “хавотир ҳам билдиряпти”. Баъзилар бўлса, Мамданига антисемитизм ва “Американи ислом теократициясига айлантириш” истаги айбловларини қўймоқда. Социалистик қарашларга эга Трамп Мамданини коммунист деб атаб, у ғалаба қозонгудек бўлса, шаҳарни федерал молиялаштиришдан маҳрум қилиш билан таҳдид қилганди.
Мамдани ўзини демократик социалист деб атайди ва анча сўл қарашдаги сиёсатчи ҳисобланади. У давлат озиқ-овқат дўконлари тизимини яратиш тарафдори, озчиликлар ва муҳожирлар ҳуқуқларини ҳимоя қилади, шунингдек, Исроилни кескин танқид қилади.
- Гонконгда йирик ёнғин: қурбонлар сони 200га кишига етган
26 ноябрь куни Гонконгдаги Wаng Fuk Cоurt турар жой мажмуасида ёнғин содир бўлди. Ёнғин бамбукдан ясалган қурилиш нарвонлари бўйлаб тезликда тарқалиб, бир нечта баланд биноларга ўтиб кетган. Ёнғин хизмати маълумотларига кўра, турар жой мажмуасининг саккизта биносидан камида бештаси аланга ичида қолган. Унда беш мингга яқин киши истиқомат қиларди. Ёнғинни икки кундан сўнг ўчиришга эришилди.
Ҳодиса юзасидан ҳукумат жиноий тергов бошлади. Уч киши — икки директор ва таъмирлаш ишларини амалга оширган пудратчининг маслаҳатчиси — эҳтиётсизлик оқибатида одам ўлимига сабаб бўлишда гумонланиб ҳибсга олинди. Шунингдек, коррупцияга қарши идора 330 миллион Гонконг долларилик таъмирлаш лойиҳаси бўйича алоҳида текширув бошлаган.
Маҳаллий ҳокимиятнинг сўнгги маълумотларига кўра, ҳалок бўлганлар сони 161 нафарни ташкил этган. 200 га яқин одам бедарак йўқолган.
Олов тез тарқалиб, дастлаб тўртта бинони, кейинчалик эса саккизта бинодан иборат бўлган деярли бутун турар жой мажмуасини ўз ичига олди. Ёнғин оқибатида 161 киши ҳалок бўлди.
Кейинчалик Гонконг ҳукумати ёнғин оқибатида қариндошларини йўқотган оилаларга 25,7 минг доллардан товон пули берилишини билдирди.
- Таиланд ва Камбоджа мўжароси
2025-йилда Таиланд ва Камбоджа чегарасидаги можаро икки мамлакат ўртасидаги чегара бўйлаб жойлашган Та Муэн Том, Преаҳ Виҳеар ва Та Крабей каби қадимий ибодатхоналар атрофидаги ҳудудий низолар билан боғлиқ кўп йиллик кескинлик туфайли юзага келди. Июль ойида мина портлаши таиландлик аскарни яралаши оқибатида 24-28 июль кунлари тўғридан тўғри тўқнашувлар, ўққа тутишлар ва кенг кўламли ҳаво ҳужумлари содир бўлди. Оқибатда иккала томондан ҳам қурбонлар бўлди ва юз минглаб одамлар ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлди.
Можаро 28 июль куни кундузи иккала томон Малайзиядаги тинчлик музокараларидан сўнг 29 июль ярим тундан бошлаб “дарҳол ва сўзсиз” ўт очишни тўхтатиш тўғрисида келишувга эришганини эълон қилганидан кейин пасайди.
26 октябрь куни Малайзиянинг Куала Лумпур шаҳрида бўлиб ўтган ASEANнинг 47-саммити доирасида Таиланд ва Камбоджа бош вазирлари қўшма тинчлик келишуви декларациясини имзолади. Бу ASEAN раиси сифатида Малайзия бош вазири Анвар Иброҳим ва АҚШ президенти Дональд Трамп иштирокида имзоланган ҳужжат можарони тўхтатиш ва икки мамлакат ўртасидаги баҳсли чегара бўйлаб тинчликни тиклаш учун расмий қадам бўлди.
Аммо орадан ярим ой ҳам ўтмасдан Таиланд ҳукумати 10 ноябрь куни Камбоджа билан АҚШ воситачилигида тузилган сулҳ битимини тўхтатишини эълон қилди. Натижада баҳсли чегара ҳудудда 12 ноябрь куни отишма юз берди. Камбоджа Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, воқеада камбоджалик бир нафар аскар ҳалок бўлиб, уч киши яраланди.Бироқ 7 декабрь куни икки мамлакат ўртасида жанговар ҳаракатлар қайта бошланиб, камида 101 киши ҳалок бўлди. Икки мамлакатнинг чегарадош вилоятларида 700 мингдан ортиқ тинч аҳоли ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлди, инфратузилма жиддий зарар кўрди ва кўплаб савдо ўтиш жойлари ёпилди.
Таиланд ва Камбоджа Қўшма чегара қўмитасининг (GBC) уч кунлик йиғилишларидан сўнг Таиланд мудофаа вазири Наттапхон Наркпанит ва унинг камбоджалик ҳамкасби Теа Сейха 27 декабрь куни тушдан бошлаб кучга кирган ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги битимни имзолади.








