Хитойнинг Эндемик касалликларни назорат қилиш институти олимлари кўршапалакларда одамлар учун хавфли бўлган иккита янги вирусни аниқлади. Улар Nipah ва Xendra вирусларига генетик жиҳатдан яқин ҳисобланади. Бу ҳақда EurekAlert хабар берди.

Янги вируслар бош миянинг оғир яллиғланиши ва нафас йўллари касалликларини келтириб чиқариши мумкин. Кўршапалаклар табиатан турли микроорганизмлар, жумладан, одамга юқиши мумкин бўлган хавфли патогенлар учун резервуар (ташувчи) ҳисобланади. Шунга қарамай, уларнинг организмида мавжуд вирус, замбуруғ, бактерия ва паразитларнинг тўлиқ таҳлили ҳозиргача етарлича ўрганилмаган. Илгари ўтказилган кўплаб тадқиқотлар, асосан, кўршапалак нажасига қаратилган.
Янги тадқиқотда олимлар Юннан провинциясидаги бешта ҳудуддан тўрт йил давомида йиғилган, ўн турга мансуб 142 кўршапалакнинг буйракларини текширди. Генетик кетма-кетликни аниқловчи илғор технологиялар ёрдамида улар 22 та вирусни топди. Шундан 20 таси илгари фанга номаълум бўлган.
Айниқса, Henipavirus авлодига мансуб иккита янги вирус — одамлар орасида ўлим даражаси юқори бўлган Nipah ва Xendra вирусларига ўхшашлиги хавотир уйғотган. Аниқланган вируслар одамлар яшайдиган жойлар атрофидаги мевали боғларда яшовчи кўршапалакларда топилган. Henipavirus’лар кўршапалакларнинг пешоби теккан мевалар туфайли одам ёки чорва ҳайвонларига юқиши мумкин.
Шунингдек, олимлар кўршапалакларда Klossiella yunnanensis деб номланган янги протозоа (бир ҳужайрали паразит) ва икки хил бактерияни аниқлаган. Улардан бири илгари номаълум бўлган янги тур бўлиб, Флавобаcтериум юннаненсис деб номланди. Тадқиқот муаллифлари бу кашфиётлар кўршапалак буйракларида мавжуд инфектом (яъни барча микроорганизмлар тўплами) ҳақида билимимизни кенгайтиришини айтмоқда. Шунга қарамай, зооноз (ҳайвонлардан одамга юқадиган) хавфларни чуқурроқ баҳолаш учун ҳайвон аъзоларини тўлиқ таҳлил қилиш зарур.
Изоҳ (0)