Линчепинг университети олимлари тирик ҳужайрали инновацион гел – “шприцдаги” терини ишлаб чиқди. Уни куйишларни даволашда кўчириб ўтказиш учун қўллаш мумкин. Тадқиқот натижалари Advanced Healthcare Materials (AHM) журналида эълон қилинди.

Куйишларда кўпинча терининг фақат устки қавати - эпидермис кўчириб ўтказилади. Бироқ бундай кўчириб ўтказиш қўпол чандиқлар пайдо бўлишига олиб келади, чунки чуқурроқ ва мураккаб қатлам - дерма йўқ бўлади. Айнан дерма терининг эластиклиги ва тўлиқ ишлаши учун зарур бўлган қон томирлари, нервлар ва соч фолликулаларини ўз ичига олади.
Лабораторияда дерма яратиш қийин, чунки у кўплаб турли хил тузилмалардан ташкил топган. Олимлар янги ёндашувни “қурилиш блоклари” - лабораторияда осон ўстирилувчи ва организмнинг эҳтиёжларига қараб турли хил ҳужайраларга айланиши мумкин бўлган бириктирувчи тўқима ҳужайраларини (фибробластларни) кўчириб ўтказишни таклиф қилишди.
Бунинг учун ҳужайралар таркиби тери коллагенига ўхшаш майда желатин шарчаларда ўстирилди. Бундай шарчали гелни жароҳат жойида ушлаб туриш учун олимлар уни гиалурон кислотаси билан аралаштирди ва кимёвий реакция ёрдамида таркибий қисмларни бирлаштирган. Натижада мустаҳкам ва қўллаш учун қулай материал – “шприцдаги” тери ҳосил бўлди.
Тажрибада бундай гелдан тайёрланган кичик пластинкалар 3D принтерда чоп этилиб, сичқонлар териси остига жойлаштирилган. Ҳужайралар муваффақиятли яшаб қолди, янги дерма ҳосил қилиш учун моддалар ишлаб чиқара бошлаган ва трансплантатларда қон томирлари пайдо бўлган. Бу эса танадаги тўқималарнинг омон қолиши учун муҳим қадам ҳисобланади.
Олимларнинг таъкидлашича, бу материал куйган беморларда тўлиқ терини тиклаш учун самарали восита бўлишга умид бермоқда. Бироқ, янги усулнинг самарадорлигини тасдиқлаш учун қўшимча тадқиқотлар ўтказиш зарур.
Изоҳ (0)