Рекорд даражадаги иссиқ Испания ва Португалияда йирик ёнғинлар чиқишига сабаб бўлди. Бу ҳақда BBC нашри хабар берди.
Манбаларга кўра, икки мамлакатда кучли ўрмон ёнғинлари бошланган. Европада рекорд даражадаги иссиқ тўлқини давом этмоқда ва бу ёнғинларнинг тез тарқалишига олиб келмоқда.

Испания ва Португалиядаги ўта юқори ҳарорат камида 13 августгача сақланади. Ҳаво ҳарорати +44°C гача етиши кутилмоқда. Қайд этилишича, ёнғинлар аллақачон 1000 гектардан ортиқ ҳудудни қамраб олган.
Reuters агентлигининг ёзишича, ўт ўчирувчилар Испания пойтахти Мадрид яқинидаги алангани назорат остига олишган. Ёнғин оқибатида бир киши ҳалок бўлди: танасининг 98 фоизи куйган эркак шифохонага ётқизилган, бироқ унинг ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмаган. Шунингдек, ёнғин ҳудудидан 180 нафар одам эвакуация қилинди.
Олимларнинг айтишича, Ўрта Ер денгизи минтақасида тобора иссиқ ва қуруқ ҳаво кузатилмоқда. Бу эса ўрмон ёнғинлари хавфини оширмоқда. Қуруқ ўсимликлар ва кучли шамол оловнинг тез тарқалишига ҳамда назорат қилиб бўлмайдиган ёнғинларга сабаб бўлади. Баъзан олов бўронларини ҳам юзага келтиради.
Сўнгги тадқиқотлар шуни кўрсатдики, глобал иқлим ўзгариши сабабли иссиқ ҳаводан ўлим даражаси уч баробарга ошган.
Изоҳ (0)