Эрон миллий хавфсизлик кенгаши глобал энергия таъминоти учун стратегик аҳамиятга эга бўлган Ҳормуз бўғозини ёпиш масаласини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда Al Arabiya хабар берди.

Эрон парламенти бўғозни ёпиш ташаббусини маъқуллаган, бироқ ҳали якуний қарор қабул қилинмаган. Парламент аъзоси ва Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси қўмондони Исмоил Косарининг сўзларига кўра, бўғозни ёпиш масаласи кун тартибида ва зарурат туғилганда бу чора амалга оширилади.
Ҳормуз бўғозининг аҳамияти
Ҳормуз бўғози — Араб кўрфазини Араб денгизи билан боғлайдиган тор йўлак бўлиб, глобал энергия транзити учун энг муҳим денгиз йўлларидан бири ҳисобланади. Дунё бўйича экспорт қилинадиган нефть ва газнинг 20 фоизга яқини (кунига тахминан 17 миллион баррел) айнан шу бўғоз орқали ўтади. Бўғоз Эрон ва Уммон ўртасида жойлашган.
Ушбу йўналишда ҳар қандай узилиш нефть нархининг кескин ошишига ва аллақачон беқарор бўлган минтақада янада кескинлик юзага келишига олиб келиши мумкин. Ҳормуз бўғози узоқ йиллардан бери геосиёсий тўқнашувлар нуқтаси ҳисобланади.
Эрон илгари ҳам АҚШ билан кескинлик кучайган даврларда бўғозни ёпиш билан таҳдид қилган. Бироқ ҳозиргача у бу таҳдидни амалда бажармаган. Чунки бу қадам глобал салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.
Аммо бу сафар вазият жиддийроқ. Бўғозни ёпиш ҳақидаги баёнотлар Исроил билан уруш авж олаётган ва АҚШ томонидан Эрон ядро объектларига зарбалар берилган бир пайтда янграмоқда. Бу таҳдид тактик эмас, балки стратегик кескинлик даражасидаги ҳаракат сифатида талқин қилинмоқда. Теҳрон бу орқали энергия оқимини сиёсий босим воситаси сифатида ишлатишга тайёр эканини кўрсатмоқда.

Жаҳон бозорига таъсири
Ҳормуз бўғозининг ёпилиши — ҳаттоки вақтинча бўлса ҳам — халқаро нефть нархларига зудлик билан таъсир кўрсатади. Бозорлар таҳдидларга сезгир, аммо реал ҳаракат глобал инқирозга сабаб бўлиши мумкин.
Бу ҳолат, айниқса, Хитой, Япония, Ҳиндистон ва Европа мамлакатлари каби Форс қўлтиғидан нефть импорт қилувчи давлатларга бевосита таъсир қилади. Бу АҚШ бошчилигидаги Ғарб ҳарбий-денгиз кучларининг — хусусан, минтақада навигация эркинлигини таъминлаш учун жойлашган АҚШ денгиз флотининг реакциясини ҳам синовдан ўтказади.
Эрон парламенти бу ташаббусни маъқуллаган бўлса-да, якуний қарор Олий миллий хавфсизлик кенгашига тегишли. Бу кенгаш эса олий раҳнамо Али Хоманаий назорати остида фаолият юритади.
Вазиятнинг қандай ривожланиши — Эрон ва Исроил ўртасидаги можаронинг бориши, Эроннинг АҚШ зарбаларига жавоби, ҳамда дипломатик музокараларнинг пайдо бўлишига боғлиқ бўлади. Шуниси аниқки, агар Ҳормуз бўғози ёпилса, ҳаттоки вақтинча бўлса ҳам, бу бутун дунё миқёсида сезиларли оқибатларга олиб келади.
Изоҳ (0)