10 йилдан ошиқ давом этган Вьетнам уруши АҚШ учун шармандали тугади. Дунёнинг қудратли давлати СССР ёрдам берган шимолий ветнамликларни енга олмади. Бу уруш АҚШ иқтисодиётига жиддий зарар етказди. Бундан ташқари Вьетнамда кўплаб америкалик ҳарбийлар ҳалок бўлди ва яраланиб, ногиронларга айланди. Кейинчалик айрим америкалик жиноятчилар Вьетнамдан тобутларда наркотик ташигани ошкор бўлади ва бу катта шов-шув келтириб чиқаради.
Таниқли ёзувчи Тоҳир Маликнинг “Шайтанат” асарида жиноий гуруҳларнинг Афғон уруши пайтида Афғонистондан тобутларда СССРга гиёҳванд моддалар ташигани ҳақида гап кетади.
Гарчи “Шайтанат” ўз номи билан бадиий асар бўлса ҳам Тоҳир Малик тобутларда гиёҳванд модда ташилганини осмондан олиб ёзмаган. Шундай ишлар бўлган.
1979 йилдан 1989 йилгача 10 йил давом этган Афғон уруши пайтида совет ҳарбийлари хоҳлаган ишини қилган. Ҳатто ўз қўлида бўлган қуролларни, ҳарбий буюмлар ва кийим-кечакларни афғонларга сотган.
Бундан ташқари, айрим совет армияси зобитлари, оддий аскарлар афғонлардан турли гиёҳванд моддалари сотиб олган. Уларни истеъмол қилган. Ҳатто виждонини сотган айрим зобитлар жиноятчилар билан тил бириктириб, Афғонистондан СССРга тобутларда гиёҳванд моддалар ташиган.
Кейинчалик маълум бўлдики, бу ишни, яъни гиёҳванд моддаларни бир уруш бўлаётган жойдан бошқа давлатга олиб чиқиш советлардан аввал, 1965-1975 йилларда Вьетнам уруши даврида ҳам содир этилган экан.
АҚШда фаолият олиб борувчи жиноий гуруҳ раҳбарлари Вьетнамда ҳалок бўлганларнинг тобутларига гиёҳванд моддалар жойлаб, уларни океан ортига олиб борган. Ана шундай жиноятчилардан бири Фрэнк Лукас эди.
Келиб чиқиши афроамерикалик бўлган Фрэнк бир неча йил давомида Жануби-Шарқий Осиё давлатларида етиштирилган тонналаб гиёҳванд моддаларни ўлган аскарлар тобутига жойлаб, АҚШга олиб борган.
Оддий ҳайдовчидан жиноий гуруҳ раҳбарига айланган йигит
1930 йилда Шимолий Каролинада туғилган Фрэнк Лукас 14 ёшида Нью Йоркка кўчиб ўтади ва асосан қора танлилар яшовчи Гарлем музофотига жойлашади. У 17 ёшида Гарлемдаги жиноий авторитет Бампи Жонсонга хизмат қилишни бошлайди.
Кўп ўтмай Фрэнк Бампининг ишончини қозонади ва унинг шахсий ҳайдовчисига айланади. Жиноий авторитетларнинг ҳайдовчилари оддий одамлар бўлмайди, улар “босс”ларнинг энг ишонган одами бўлади. Худди шундай Фрэнк ҳам Бампининг энг ишонган одамига айланади.
Бампи Гарлем ва унинг атрофида гиёҳванд моддалар тарқатар ва бундан катта даромад қиларди. Буни Фрэнк яхши биларди. Шу тариқа Фрэнк Бампига 15 йил ҳайдовчилик қилади.
Кунларнинг бирида Бампи Жонсон вафот этади. Ўша пайтларда Фрэнк нафақат унинг ҳайдовчиси, балки ўнг қўли сифатида танилганди. Йигит бундан фойдаланиб қолишга қарор қилади ва Бампининг жиноий гуруҳи назоратини ўз қўлига олади.
Шу тариқа ҳайдовчи йигит жиноий авторитетга айланади ва Нью Йоркдаги қора танлилар яшовчи катта бир музофотида гиёҳванд моддалар тарқатишни ўз назоратига олади.
Тобутда героин ташиш
1960 йилларда АҚШга гиёҳванд моддалар асосан Лотин Америкасида жойлашган давлатлардан келарди. Уларни улгуржи тарқатишни италянлар назорат қилишарди. Фрэнк ҳам иккинчи қўл сифатида гиёҳванд моддаларни асосан италянлардан оларди.
Оғуга талаб ошгани сайин етказиб берувчилар унинг таркибига ҳар хил арзон нарсалар қўшиб, сифатни тушириб юборишади. Бу иш Фрэнк каби гиёҳванд моддалар тарқатувчи жиноий авторитетларинг обрўсини тушириб юборади. У ўз мижозларидан эътирозлар эшита бошлайди.
Шунда Фрэнк италянлар монополиясига қарши чиқишга ва гиёҳванд моддаларни АҚШга ўзи олиб киришга қарор қилади. Бироқ бу иш осон эмасди. Аммо у қулай йўлни топади.
Ўша пайтларда АҚШ армияси Вьетнам урушида иштирок этар ва Жануби-Шарқий Осиёда жанг қилаётганлар орасида кўплаб афроамерикаликлар, шу жумладан Фрэнкнинг қариндошлари ҳам бор эди.
Ўша пайтда Вьетнам урушидан қайтганларнинг аксарияти нашаванд бўлиб қайтарди. Фрэнк шундан Жануби-Шарқий Осиёда гиёҳванд моддалар кўплиги, уларни топиш муаммо эмаслигини билади ва ҳаракатини бошлайди.
У Вьетнамда хизмат қилаётган амакиваччаси сержант Лесли Аткинсон билан алоқа боғлайди ва у билан Жануби-Шарқий Осиёдан АҚШга героин олиб кириш бўйича келишиб олади. Сўнг Таиландга боради.
У ердан катта миқдорда героин сотиб олиб, Лесли ёрдамида Америкага етказади. Хўш, улар героинни АҚШга қандай юборганди?
Кейинчалик Фрэнк АҚШдаги журналлардан бирига берган интервьюсида шундай деганди:
Мен Леслига героинни АҚШга тобутда олиб кетиш ҳақида гапирганимда у қўрқиб кетди. Шунда героин ўликлар билан кетмаслигини айтиб уни тинчлантирдим. Энг аввал АҚШ армияси фойдаланадиган тобутга ўхшаш 28 та тобут ясатдим. Сўнг Таиланддан сотиб олинган героинни жойлаб, уларни ўлик солинган тобутлар ёнига қўшиб қўйдик. Аскарларнинг тобутларини икки томонда ҳам ҳеч ким текширмасди. Тобутлар АҚШга етиб келгач, уларни мен олиб кетардим.
Фрэнк АҚШга героин олиб киргач, уни арзон нархда сота бошлайди ва бу иш ортидан италянлар билан зиддиятга боради. Бироқ улар Фрэнкка зарар етказа олишмайди. Шу тахлитда у бир неча йил Таиланддан АҚШга тобутда героин ташийди.
Кейинчалик Фрэнк интервьюларидан бирида турли мижозларга ҳар куни 1 млн долларлик героин сотганини ва унинг катта қисми фойдага қолганини айтган. Ўшанда у нафақат Гарлемда, балки Нью Йоркда героинни улгуржи сотувчи шахсга айланади.
Вазият шу даражага келадики, ҳатто бир пайтлар гиёҳванд моддаларни Лотин Америкасидан олиб келган италиялик ва мексикалик гуруҳлар унинг мижозига айланади.
Қўлга тушиш ва қамоқ
Кўп ўтмай Фрэнк Лукас АҚШ Адлия вазирлиги тасарруфида бўлган Гиёҳванд моддаларга қарши курашиш бошқармаси ходимлари эътиборига тушади. Бироқ уларда Фрэнк героинни АҚШга қандай олиб кираётгани ҳақида маълумотлар йўқ эди. Шу сабабли қора танлилардан чиққан жиноий авторитетни анча пайт кузатишга тўғри келади.
Бу орада Фрэнкдан мол олувчи қора танли йигит Гиёҳванд моддаларга қарши курашиш бошқармаси ходимлари томонидан ушланади. У Фрэнк героинни Вьетнам орқали олиб келишини айтади.
Шундан сўнг бошқарма ходимлари Вьетнамдан келаётган юк самолётларини текширади, бироқ уларда героин йўқ эди. Шунда ходимлар ичида аскарлар мурдаси бўлган тобутларни ҳам текшириб кўришга қарор қилишади. Уларнинг бир нечтаси очилади, аммо тобутларда ҳам героин йўқ эди.
Бошқарма ходимлари тобутларни кузатишга қарор қилишади. Шунда уларнинг бир қисмини шубҳали шахслар олиб кетишга уринади. Ўша тобутлар очиб кўрилганда уларда мурда йўқлиги ва асосан героин билан тўлдирилгани аниқланади.
Ашёвий далил топилгач, ходимлар дарҳол Фрэнкни ҳибсга олиш учун унинг уйига боришади ва у ерда тинтув ўтказишади. Фрэнкнинг уйидан қарийб 600 минг доллар нақд пул топилади. Уни қамоққа олишади.
Дастлабки сўроқда Фрэнкдан мижозлар рўйхатини олишгач, Нью Йоркда ҳибсга олишлар бошланиб кетади ва қарийб 100 киши қўлга олинади.
Тергов давомида Фрэнк гиёҳванд моддалар савдосидан тушган пулларни қаерда сақлаши ҳақида айтмайди. Ўша пайтда унинг ҳисоб рақамларида бир неча юз минг доллари бор тахмин қилган терговчилар ва судья уларни Фрэнкдан тортиб ололмайди.
Лекин Фрэнкнинг Детройт ва Нью Йоркдаги офислари, Лос-Анжелес ҳамда Майамидаги квартиралари, Шимолий Каролинадаги улкан ранчоси, Пуэрто-Рикодаги кўчмас мулклари давлат ҳисобига мусодара қилинади.
Суд дастлаб Фрэнкни 70 йил қамоқ жазосига ҳукм қилади. Сўнг тергов билан ҳамкорлик қилгани учун муддат қисқартирилади. Фрэнкнинг кўрсатмасидан кейин жуда кўп одам ушланган ва жиноий тўдалар унинг жонига қасд қилиши мумкин эди. Шу сабабли 1977 йилда Фрэнк ва унинг оиласи махсус ҳимояга олинади.
Озодлик, қайта қамоқ ва яна озодлик
1983 йилда Фрэнкни шартли равишда озод қилишади. Бироқ орадан бир йил ўтгач, 1984 йилда у яна героин ва кокаин сотаётганида қўлга тушади.
Бу сафар гиёҳванд модда миқдори кам бўлгани учун Фрэнк 7 йил қамоқ жазоси олади. Бу сафар у белгиланган муддатда тўлиқ қамоқда ўтиради ва 1991 йилда озодликка чиқади. Шундан сўнг ёши кексайиб қолган Фрэнк бошқа гиёҳванд моддалар савдосига аралашмайди.
2007 йилда Фрэнк Лукаснинг “Ҳақиқий гангстер” деб номланган китоби нашр этилади. У китобида бошидан ўтказган ҳодисаларни ҳикоя қилади.
У узоқ йил яшайди ва 2019 йил 30 май куни 88 ёшида Нью Жерси штатидаги касалхонага олиб кетишда вафот этади. Лукаснинг 7 нафар фарзанди бўлган.
Фрэнк ҳақида фильм
2007 йилда британиялик режиссёр Ридли Скот Фрэнкни ҳаёти ҳақида “Америкалик гангстер” номли фильм суратга олади. Унда бош ролларни “Терминатор” фильмидаги роли билан танилган Рассел Кроу ва Дензел Вашингтон ижро этади.
Фильмни суратга олиш учун 100 млн доллар сарфланади. Унинг жаҳон тақдимоти 2007 йил 2 ноябрь куни ўтказилади. Фильм ижодкорларига қарийб 300 млн доллар маблағ ишлаб беради.
Кинотанқидчилар фильмга яхши баҳо беришган. Шу сабабли у иккита йўналиш бўйича “Оскар” мукофотига номзод бўлган. Бундан ташқари, фильм “Олтин глобус” ва яна бир нечта танловларда номзод бўлган ва мукофотлар ютган.
2008 йилда фильм DVD ва ҲД DVD дискларда сотувга чиқарилади ва қисқа вақтда 67,8 млн долларга 4 млн донадан ошиқ нусхада сотилади.
Энг қизиғи, ўшанда режиссёр Ридли Скот фильмни суратга олиш жараёнига Фрэнк Лукасни ҳам таклиф этади ва ундан маслаҳатчи сифатида фойдаланади.
Бундан ташқари, 2000 йиллардан бошлаб Фрэнк Лукас кўп марта турли телеканаллар учун интервьюлар берган. Шунингдек, бир нечта сериалларда унинг ҳаёти ҳақида ҳикоя қилинади.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади
Изоҳ (0)