Келгуси беш йил ичида глобал иқтисодий ўсиш йилига тахминан 3 фоизни ташкил қилади. Бу ҳақда Халқаро валюта жамғармаси (XВЖ) бошқарувчи директори Кристалина Георгиева маълумот берди.
Унинг сўзларига кўра, бу 1990 йилдан бери ўрта муддатли истиқболда жаҳон ялпи ички маҳсулотининг ўсиши бўйича энг паст прогноздир. Бу 20 йиллик ўртача 3,8 фоиздан сезиларли даражада паст.
2022 йилда глобал иқтисодий ўсиш суръати деярли икки баравар пасайиб, 6,1 фоиздан 3,4 фоизга тушди.
2023 йилда XVЖ меҳнат бозорларининг барқарорлиги ва кўпчилик ривожланган иқтисодиётларда истеъмол харажатлари, шунингдек, Хитойда коронавирус чекловларини олиб ташлашнинг ижобий таъсирига қарамай, 3 фоиздан камроқ ўсишни кутмоқда.
Ўсиш тарихий таққослашда ҳам, яқин ва ўрта муддатли истиқболда ҳам заифлигича қолмоқда, — деди Георгиева.
XVЖ раҳбарининг айтишича, бу йил жаҳон ялпи ички маҳсулоти ўсишининг ярми Хитой ва Ҳиндистон ҳиссасига тўғри келади. АҚШ ва Еврозонада иқтисодий фаоллик секинлашмоқда, чунки юқори банк ставкалари талабга таъсир қилади.
Ривожланган мамлакатларнинг қарийб 90 фоизида ўсиш суръатлари бу йил секинлашади, — дейди Георгиева.
Кам даромадли мамлакатлар учун ҳам вазият ёмонлашмоқда: қарз олиш қимматлашиб, экспортга талаб пасаймоқда. Бу жиддий зарба бўлиши кутилмоқда.
Қашшоқлик ва очлик кучайиши мумкин, бу коронавирус инқирозидан кейин бошланган хавфли тенденция, — деди Георгиева.
Георгиевага кўра, ўсиб бораётган геосиёсий кескинликлар ва юқори инфляция билан кучли тикланиш ҳали ҳам қийин. Бу барчанинг, айниқса, қашшоқ одамлар ва мамлакатларнинг истиқболига зарар етказади.
Унинг фикрича, расмийлар олдида учта асосий муаммо бор:
- инфляцияга қарши курашиш ва молиявий барқарорликни ҳимоя қилиш;
- ўрта муддатли ўсиш истиқболларини яхшилаш;
- глобал тенгсизликка қарши курашда бирдамликни ривожлантириш.
Узоқ муддатли истиқболда глобал савдо парчаланишининг нархи жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 7 фоизини ташкил қилиши мумкин, бу тахминан Германия ва Япониянинг йиллик ишлаб чиқариш йиғиндиси, — деди Георгиева.
Агар технологик ажратишни қўшсак, баъзи мамлакатларнинг йўқотишлари ЯИМнинг 12 фоизигача бўлиши мумкин. Капитал оқими, шу жумладан тўғридан тўғри хорижий инвестициялар бўлиниши ҳам ўсиш истиқболларига зарба бўлади.
Март ойи охирида Георгиева фоиз ставкаларининг кескин ошиши туфайли глобал молиявий барқарорликка хавф-хатар кучайиши ҳақида огоҳлантирди.
Изоҳ (0)