Россиянинг НАТО давлатларига қарши эҳтимолий ҳужуми қандай бошланиши ва қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлиги моделлаштирилди. Бу сценарийни юқори лавозимли расмийлар билан ўтказилган суҳбатларга асосланиб, Bloomberg нашри тузди.

Ҳужум қандай бошланиши мумкин?
Россиянинг НАТОга босқини Болтиқбўйи мамлакатларидан бошланиши мумкин. Бироқ Россия зарбалари СССР ҳудудидан ташқаридаги нишонларга ҳам йўналтирилиши эҳтимоли мавжуд. Европа учун Москва билан уруш биринчи йилда 1,5 триллион доллар харажатга олиб келади.
Ҳужум сохта баҳона ёки гибрид (ҳарбий-ахборот) усулдаги ҳужум орқали бошланиши эҳтимоли бор. Литва собиқ ташқи ишлар вазири Габриэлюс Ландсбергис тахмин қилишича, Россия Москвадан Литва орқали Калининградга кетаётган поездни тўхтатиб, фуқароларни ҳимоя қилиш баҳонасида қўшин киритиши мумкин.
Шунингдек, Россия Эстония ва Латвияга ҳужум қилиши, Болтиқ денгизида флотни жойлаштириши ва Болтиқбўйи давлатларининг Сувалка йўлагида Польша билан қуруқликдаги алоқасини узиши мумкин, деб ёзади Bloomberg (биринчи харита).

Бундай ҳолатда Болтиқбўйи давлатлари НАТО шартномасининг бешинчи моддасига (жамоавий мудофаа) мурожаат қилиши мумкин. Шундан сўнг Россия ва эҳтимол Беларусга қарши ҳужум бошланади. Агар НАТО коллектив жавоб бермаса ҳам, яқин атрофдаги Европа давлатлари ёрдам юбориб, Россия қўшинларига ҳужум қилиши мумкин, деб таъкидлайди Bloomberg (иккинчи харита).

Россия бунга жавобан Европа ҳарбий базалари ва муҳим инфратузилмаларига, жумладан, йирик шаҳарлардаги нишонларга зарба бериши мумкин. Агентлик харитасида Германия, Польша, Швеция ва Финляндия эҳтимолий нишонлар сифатида кўрсатилган (учинчи харита).

Бундай ҳолатда иқтисодий зарар жуда катта бўлади, Болтиқбўйи давлатлари бир йил ичида ялпи ички маҳсулотнинг 43 фоизини йўқотади. Европа иттифоқининг ялпи ички маҳсулоти 1,2 фоизга камаяди, давлат қарзи тезда ошади. Германия, Польша, Финляндия, Швеция ҳам иқтисодий зарарга учрайди.
Буюк Британия 0,2 фоиз, АҚШ 0,7 фоиз, Хитой 0,8 фоиз ялпи ички маҳсулоти йўқотади. Россия 1 фоиз иқтисодий йўқотишга учраши мумкин, аммо у аллақачон санкциялар туфайли изоляцияда бўлгани ва ҳарбий харажатлар иқтисодий фаолликни кўрсатиб тургани сабабли зарбани енгилроқ ҳис қилади.
АҚШ президенти Дональд Трамп бундай ҳолатда жавоб беришни кечиктириши ва ҳақиқий ҳаракатлар ўрнига Truth Social ижтимоий тармоғида “ТИНЧЛИККА” чақириқ ва Европага “ВЛАДИМИР БИЛАН ГАПЛAШИШ” таклифини жойлаштириши мумкин, деб ёзади Bloomberg.
Москванинг ядро қуролидан фойдаланиш билан таҳдид қилиши Европанинг ядровий кучлари билан жавоб қайтаришини чеклаши мумкин.
Россия катта ҳарбий кучларга эга, Европа кучлари эса бўлинган, деб таъкидлайди Bloomberg
Финляндия, Швеция, Польша ва Германия каби урушга қўшилиши мумкин бўлган бошқа Европа давлатлари ракета ҳужумларидан нисбатан камроқ, аммо сезиларли даражада иқтисодий зарар кўриши мумкин. Европа Иттифоқи учун иқтисодий зарба юқори мудофаа харажатлари билан юмшатилади, аммо блокнинг ялпи ички маҳсулоти 1,2 фоизга қисқаради ва унинг қарзи кескин ўса бошлайди.
Европа разведкасининг ҳисоб-китоблари Россиянинг НАТО ҳудудида уруш бошлаш режаси борлигини кўрсатмаяпти, деб таъкидлайди Bloomberg. Шу билан бирга, Россия Ғарбга қараганда тезроқ кучларни тикламоқда ва қурол-яроғ захираларини кўпайтирмоқда.
Изоҳ (0)