1966-йилда америкалик олти нафар қора танли ўсмир полициячилардан ҳимояланиш учун яширин ташкилот тузади. Кўп ўтмай бу ташкилот қора танлиларнинг радикал ҳаракатига айланади ва АҚШ бўйлаб кўплаб ёш йигитлар унга аъзо бўлишади. Ташкилот радикал йўллар билан қора танлилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни ўзига асосий ғоя қилиб олади. Кейинчалик ҳукумат куч ишлатиб партияни тарқатиб юборади. Бироқ кўп ўтмай у янгидан тузилади.

1989 йилда Окленд кўчаларининг бирида полиция қора танли шахснинг жасадини топади. Тезда атрофга одамлар тўпланади ва улар полицияни қотилликда айблашади. Шунда кимдир “Ие, ўлдирилган одам Хю Ньютон-ку” деб бақиради.
Хю Ньютон 1970—80 йилларда Америкада анча машҳур бўлган “Қора пантералар” радикал партия раҳнамоларидан бири эди.
1980 йиллар бошларида партия ҳукумат томонидан тарқатиб юборилади. Бироқ Хю Ньютон ўз маслагига содиқ қолади ва қора танлилар ҳуқуқи учун курашишда давом этади.
Кўп ўтмай бошқалар томонидан партия қайта ташкил этилади. Бироқ бу сафар ҳаракат ўз йўналишини ўзгартиради ва бу Хю Ньютонга ёқмайди. Шундан сўнг кўп ўтмай уни ўлдириб кетишади. Қуйида “Қора пантералар” тарихи ҳақида гаплашамиз.
АҚШдаги сиёсий ҳаёт икки партиядан иборат эмас
Бугун Америкадаги сайловларга қизиқадиганлар ҳам бу давлатда иккита партия — Демократлар ҳамда Республикачилар бор ва ҳокимият учун асосан шулар кураш олиб боради деб ўйлайди.
Аслида эса ундай эмас. Тўғри, АҚШда президентлик сайловларида асосан Демократлар ва Республикачилар кураш олиб боради. Бироқ бу Америкада фақат шу иккита партия бор дегани эмас.
Маълумотларга кўра, ҳозирда Америкада 40 дан ошиқ турли партиялар бор. Уларнинг аксарияти кеча ёки бугун пайдо бўлмаган, анча йиллик тарихга эга.
Шунингдек, агар Америка тарихига қаралса барча президентлар ҳам Демократлар ва Республикачилар вакиллари эмас. Масалан, биринчи президент Жорж Вашингтон партиясиз бўлган.
Иккинчи президент Жон Адамс эса Федералистлар партиясига аъзо бўлган. 9-президент Уилям Ҳаррисон ва 10-президент Жон Тейлер Виглар партияси вакили бўлган.
Америкадаги партияларнинг айримлари ошкора ишлаган бўлса, айрим партиялар радикал йўлдан кетади. Ана шундай радикал партиялардан бири “Қора пантералар” деб аталади.
Бу партияни 1960 йилларнинг иккинчи ярмида қора танли ўсмирлар яширин ташкилот тарзида ташкил этишган. Кўп ўтмай у партияга айланади ва кўплаб қора танли америкаликлар аъзо бўлишади.
Ўсмирлар тузган ташкилот
1966 йил октябрь ойида Калифорния штатининг Окленд шаҳрида яшовчи олти нафар қора танли ўсмир полициядан ҳимояланиш учун гуруҳ тузади. Улар полиция зўравонлик қилганда қуролли қаршилик кўрсатишни мақсад қилганди.
Ўша пайтда қора танлилар раҳнамоси Мартин Лютер қора танлилар ҳуқуқларини тинч йўл билан талаб қилишни илгари сурар ва бу кўплаб афроамерикаликларга ёқмасди.
Улар ўзларини камситаётган ва зўравонлик қилаётган полициячи ва бошқаларга куч билан жавоб қайтаришни хоҳлашарди. “Қора пантералар”ни тузган ўсмирлар ҳам улар жумласидан эди.
Гуруҳнинг лидерлари Хю Ньютон ва Бобби Сил деган ўсмирлар эди. Гуруҳга “Қора пантералар” деб ном қўйилганига сабаб бу жонзот қора танлиларнинг рамзи ҳисобланарди.

Ҳаракат аъзолари ўзлари учун махсус кийим ҳам танлашади. “Қора пантералар” сафига кирганлар қора шим ва қора рангли чарм камзулда юриши керак бўларди.
Кўп ўтмай “Қора пантералар” сафи кенгаяди ва унга кўплаб қора танлилар аъзо бўлишади. Шундан сўнг ҳаракат партия тарзида қайта ташкил этилади ва 10 банддан иборат низом ишлаб чиқилади.
Партиянинг бош шиори “Бутун ҳокимият халққа” эди. Низомда афроамерикаликлар ҳокимиятдан ер, нон, уй-жой, таълим олиш ҳуқуқи ва кийим-кечаклар билан таъминлаш, адолат ҳамда тинч ҳаётни кафолатлашни талаб қилинганди.
Шунингдек, “Қора пантералар” аъзолари Американинг қора танли фуқароларини ҳарбий хизматдан тўлиқ озод қилиш талабини ҳам илгари суришади.
Бу партия ўзига дастуриламал сифатида социалистик тузум эгалари бўлган коммунистларнинг ғояларини олишади.
Ҳаракат партия даражасига чиққандан сўнг қора танли бойлар ажратган маблағлар ҳисобидан шу ирқдаги камбағалларга ёрдам ажратила бошланади.
Шунингдек, 1969 йилдан бошлаб Окленддаги мактабларда таълим олаётган қора танли болаларга текин нонушта тарқатилади. Кўп ўтмай бу иш мамлакатнинг 45 та шаҳрида йўлга қўйилади.
Текин нонуштадан ташқари, “Қора пантералар” ўндан ортиқ шаҳарда қора танлилар учун текин тиббиёт марказлари, тез ёрдам муассасалари ташкил этишади.

“Қора пантералар” партиясининг тугатилиши
1960 йилларнинг иккинчи ярми, 1970 йилларда Америкада қора танлиларнинг ҳеч қандай ҳуқуқлари йўқ, улар ҳатто давлат ташкилотлари томонидан ҳам аёвсиз камситиларди.
Ана шундай вазиятда Мартин Лютер қора танлилар раҳнамоси сифатида ўртага чиқади ва уларнинг ҳақ ҳуқуқлари учун кураш бошлайди. Бироқ 1968 йилда Мартин Лютер ўлдирилади. Шундан сўнг мамлакат бўйлаб қора танлиларнинг норозилик намойишлари бошланиб кетади.
Намойишларнинг аксариятини “Қора пантералар” партияси ташкил этади ва ҳаракат аъзолари уларда актив қатнашади. Ўшангача АҚШ тарихида бирон марта қора танлилар бунчалик кенг миқёсда намойишлар ўтказмаганди.
Бу ҳолат ҳукуматни жиддий ўйлантириб қўяди ва партияни йўқ қилиш учун ҳаракат бошланади. Бу учун кўплаб полициячилар ва миллий гвардия аъзолари жалб қилинади. 1969 йилда полиция “Қора пантералар”га қарши кураш бошлайди. Бунда ҳеч кимга раҳм қилинмайди.
Шунда Федерал қидирув бюроси раҳбари Эдгар Ҳувер “Қора пантералар” партияси мамлакат ички хавфсизлиги учун жиддий таҳдид солаётганини таъкидлаганди.
Оқибатда партиянинг 28 лидери ўлдирилади. 100 дан ошиқ фаоллар қамоққа олинади. АҚШ ҳукумати 1975 йилда “Қора пантералар” партияси томонидан ташкил этилган ва қора танли болаларга ижтимоий ёрдам берилаётган дастурни тўхтатиб қўяди.
Бошқа томондан АҚШ ҳукумати айнан 1975 йилдан бошлаб мамлакатдаги барча мактабларда нонушта беришни йўлга қўяди.
Охир-оқибат 1982 йилда партия ўз фаолиятини тугатишга мажбур бўлади. Бироқ партияга содиқ бўлган қора танлилар ўз ғояларидан воз кечишмайди.

1980 йилларга келиб АҚШда қора танлиларга бўлган муносабат бирмунча ўзгаради. Узоқ йиллар давомида амалда бўлиб келган “қора танлилар учун алоҳида муассаса” қоидаси йўқ бўлади.
Маълумот учун, ҳатто ХХ асрнинг иккинчи ярмида ҳам АҚШда қора танлилар оқ танлилар кирадиган кафе, ресторан ва бошқа муассасаларга кира олмаган. Ҳатто қора танлиларнинг ҳожатхонаси ҳам алоҳида бўлган. Шунингдек, жамоат транспортлари — автобус ва метро вагонларида қора танлилар алоҳида ўтирган. Бу тартибларни бузганлар қаттиқ жазоланган.
Янги партиянинг ташкил этилиши
1989 йилда Техас штати маркази Даллас шаҳрида қора танлиларнинг “Қора пантераларнинг янги партияси” деб номланган янги партияси ташкил этилади.
Янги партияни ташкил этганлар эски партия анъаналари ва ғояларига содиқ қолишини эълон қилади. Бироқ эски партиядан фарқли равишда янги партия аъзолари марксизм ва маоизм (маоизм – бу Хитой раҳбари Мао Сзе Дун номидан олинган) ғояларидан воз кечади.
Янги партия афроамерикалик Маулан Канеги томонидан илгари сурилган идеология бўйича курашишини эълон қилади. Бу идеология ҳам коммунистик идеологияга ўхшаш бўлиб, қора танлиларнинг жамоат бўлиб ишлаши ва кооператив иқтисодиёт билан шуғулланишини илгари сурарди.
Аввалги партиядан фарқли равишда янги партия лидерларининг аксарияти Ислом динига эътиқод қиладиган шахслар эди.
Партиянинг ғояси бир оз ўзгаргани эски партия лидерлари Хю Ньютонга ёқмайди. У ва шериклари янги партияни тан олмасликларини эълон қилишади.
1989 йилда Окленд кўчаларининг бирида полиция қора танли шахснинг жасадини топади. Тезда атрофга одамлар тўпланади ва улар полицияни қотилликда айблашади. Шунда кимдир “Ие, ўлдирилган одам Хю Ньютон-ку” деб бақиради. Ҳақиқатан жасад унга тегишли эди.
Ўшанда қора танлилар полицияни Хю Ньютонни ўлдирганликда айблаб чиқишади. Аслида эса уни янги тузилган партия аъзолари ўлдирганди.
“Қора пантералар” қайта ташкил этилгандан сўнг радикал ҳаракатлардан воз кечади ва “Қора танлилар миллатчилиги” йўлидан кетади.
Кейинчалик, “Қора пантералар” ҳаракати қора танлилар яшайдиган бошқа давлатларда, масалан Британия, Жазоир ва Францияда ҳам пайдо бўлади. Бироқ улар АҚШдагидай оммалашмайди.
Кейинчалик “Қора пантералар” партияга, президентлик сайловларида номзодлар ҳисоблашадиган кучга айланади. Бугунги кунда партияга Кристал Муҳаммад раҳбарлик қилмоқда. 2001 йилдан буён партия раҳбари бўлиб келган америкалик адвокат Малик Зулу Шабазз 2013 йилда партия раҳбарлигидан кетади. Ўша йили унинг ўрнига Кристан Муҳаммад тайинланади.
“Қора пантералар” ҳақида кўплаб китоблар ёзилган, фильмлар суратга олинган. Голливуднинг турли фильмларида партия ҳақида эслаб кетилган.
Масалан, 1994 йилда суратга олинган ва жаҳонга машҳур актёр Том Ҳенкс бош ролни ижро этган “Форест Гамп” фильмида “Қора пантералар” ҳақида гап бор. Яъни фильмнинг қора танли қаҳрамони шу партияга аъзо эканини айтади.
Умуман олганда “Қора пантералар” партияси гарчи жиноий ўтмишга эга бўлса-да АҚШдаги фуқаролар ҳуқуқлари миллий музейига киритилган. Бу ҳаракатни ХХ асрдаги қора танлиларнинг инқилобий ҳаракати деб аташади.
Айтганча, ҳозирги кунда сиёсий активлигини бирмунча йўқотган “Қора пантералар” партияси собиқ раҳбари Девид Хиллиард 2024 йил кузда ўтказилган сайловда Дональд Трампни қўллади ва бошқаларни ҳам шунга чақирди.
Бу шахс Дональд Трампни бекорга қўлламади. У АҚШ президенти билан 1960 йиллардан таниш экани айтилади. Хиллиард Трампни қўллашини айтиб чиққанда бир пайтлар у партияга молиявий кўмак берганини ҳам таъкидлаб ўтган.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Изоҳ (0)