Россия ва АҚШ президентлари Владимир Путин ва Дональд Трампнинг юзма-юз музокаралари ўтказилиши кутилаётган Аляскада ҳамон улкан рус мероси сақланиб қолмоқда. Бу ҳақда штатнинг собиқ вице-губернатори Лорен Леман маълум қилди.

“Бу ерда ҳамон тил, дин ва маданиятда улкан рус мероси сақланиб қолган. Мен Аляскада рус илдизларига эга 700 дан ортиқ номни биламан”, деди собиқ амалдор.
Леманнинг айтишича, унинг отаси 1917 йилда Кенай яриморолидаги Нинилчик қишлоғида туғилган. Ўша пайтга келиб Россия империяси Шимолий Америкадаги мулкларини АҚШга сотганига 50 йил бўлган эди. Шундай бўлса-да, болаларнинг она тили инглиз тили эмас, балки рус тили бўлган.
“Нинилчик 1847 йилда, Алясканинг сотилишидан 20 йил аввал, рус-америка мустамлакасида ишлаган кишилар учун аҳоли манзилгоҳи сифатида барпо этилган. Улар у ерда оила қуришни, балиқ овлашни, ов қилишни, сабзавот етиштириш билан шуғулланишни исташган. Бу эса бундай фаолиятлар учун жуда қулай жой эди” дея таъкидлади Леман.
Путин ва Трампнинг Аляскадаги учрашуви 15 август кунига режалаштирилган. Кремль музокаралар вақти ва жойини аллақачон тасдиқлаган. Муҳокаманинг асосий мавзуси Украинадаги можарони ҳал этиш бўлиши кутилмоқда.
12 август куни Америка раҳбари Россия президенти билан бўладиган музокаралардан кутаётган натижалари ҳақида фикр билдирди. Трамп Украинада ўт очишни тўхтатишга эришиш ниятида эканлигини маълум қилди ва Москва билан Киев ўртасида ҳудудларни алмашиш имкониятини истисно этмади.
Изоҳ (0)