Хитойда махфий ҳарбий операциялар учун чивин ўлчамидаги дрон ишлаб чиқилди. Бу ҳақда South China Morning Post хабар берди.

Дрон Хунан провинциясидаги Миллий мудофаа технологиялари университети (NUDT) робототехника лабораторияси томонидан яратилган. У ахборот разведкаси ва жанг майдонидаги махсус миссиялар учун жуда мос келади.
Ҳарбий қурилмада қўниш учун ишлатилиши мумкин бўлган соч толасидек ингичка учта “оёқ” бор. Бу турдаги дронлар, эҳтимол, шаҳардаги жангларда, қидирув-қутқарув ёки электрон кузатувда қўлланиши мумкин.
Дронлар парвози сезилмаслиги мумкин, шу сабабли яширин урушда, жосусликда ёки тактик разведкада муҳим аҳамиятга эга. Уни смартфон орқали бошқариш мумкин бўлади.
Ҳозирги вақтда энг кичик серияли ҳарбий дрон Норвегиянинг PD-100 Black Hornet бўлиб қолмоқда, унинг узунлиги 100 мм ва оғирлиги 18 грамм. Ушбу қурилма 5 м/с гача тезликка эришиш, оператордан 1 км гача масофада ишлаш ва ҳавода 25 дақиқагача бўлиш қобилиятига эга.
Хитой ишланмаси, дастлабки маълумотларга кўра, махфийлик ва манёврчанлик бўйича Норвегия дронини ортда қолдириши мумкин. Аммо янги дроннинг аниқ техник хусусиятлари ҳали номаълум.
Изоҳ (0)