АҚШ давлат котиби Марко Рубио Ҳиндистонни қўллаб-қувватлашини билдирди ва Покистонни Кашмирдаги теракт юзасидан тергов ўтказишга чақирди. Бу ҳақда NBC News хабар берди.

Маълум қилинишича, Рубио иккала давлатни кескинликни камайтириш учун ҳамкорликка чақирган. У Ҳиндистон ташқи ишлар вазири Субраҳманям Жайшанкар ва Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф билан телефон орқали мулоқот қилган. Шундан сўнг давлат департаменти Ҳиндистонни экстремизмга қарши курашда қўллаб-қувватлашини билдирган.
Рубио покистонлик амалдорларни бу шафқатсиз ҳужум бўйича терговда ҳамкорлик қилишга чақирди, дейилади Давлат департаменти баёнотида.
АҚШ юз берган терактни қоралаган, Покистонни танқид қилмаган. Ҳиндистон эса ҳужумда бетараф тергов ўтказишга чақирган Покистонни айбламоқда.
Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги зиддият 22 апрель куни кучайди
Шу куни Ҳиндистоннинг Жамму ва Кашмир ҳудудидаги Паҳалгам шаҳри яқинида теракт юз берган. Бир нечта қуролланган шахс маҳаллий аҳоли ва сайёҳларга қарата ўт очган. Оқибатда 25 нафар ҳиндистонлик ва бир непал фуқароси ҳалок бўлган. Ҳужум учун жавобгарликни террорчи ташкилот ҳисобланган “Лашкар-и-Тайба” билан боғлиқ “Қаршилик фронти” гуруҳи ўз зиммасига олган. Ҳиндистон ҳужумни Покистон билан боғлаган. Айбланган давлат ҳужумчилар билан алоқадорлигини қатъиян рад этган.
Шундан сўнг Ҳиндистон Покистонга қарши кескин чоралар кўрган. Жумладан, қуруқликдаги Аттари назорат-ўтказиш пункти ёпилган. Покистонликларга мамлакатни тарк этиш топширилган. 1960 йилги Ҳинд дарёси сувларидан фойдаланиш бўйича битим дарҳол тўхтатилган. Битим тузилган йили томонлар сиёсий зиддиятларга қарамай, сув ресурсларини тенг тақсимлашга келишиб олган эди. Покистон бу ҳаракатни уруш эълон қилиш деб баҳолаган. Иккала давлат бир-бири учун ҳаво ҳудудини ёпган.
Ҳиндистон ва Покистон чегарасида кетма-кет отишмалар содир бўлган. Шу билан бирга, Покистон Мудофаа вазирлиги мамлакат Ҳиндистонга қарши ҳарбий ҳаракатларни бошламаслигини таъкидлаган.
Ҳиндистон яқин 24-36 соат ичида Покистонга қарши ҳарбий ҳаракатларни амалга ошириш ниятида, деган 30 апрель куни Покистоннинг ахборот ва радиоэшиттириш вазири Аттауллаҳ Тарар.
Вазир холис экспертлар комиссияси иштирокида теракт бўйича текширув ўтказишни таклиф қилган. Бироқ Ҳиндистон бу таклифни рад этганини билдирган. Тарар вазият кескинлашиши ва унинг оқибатлари Ҳиндистон зиммасида бўлишини қайд этган.
Изоҳ (0)