1971 йил Покистон ўз тарихидаги энг қақшатқич мағлубиятга учради. Шарқий Покистон мустақил бўлиб чиқиб, Бангладеш давлати вужудга келди. Ҳам озодлик ҳаракати, ҳам ҳинд армияси босими сабаб 90 минг покистонлик ҳарбий қуролларини туширди ва таслим бўлди. Натижада мамлакат ўз ҳудудининг 15 фоизи, иқтисодининг ярими, аҳолисининг эса 55 фоизини қўлдан чиқарди. Қолаверса, Қўшма Штатлар ва Хитой ҳам айтарлик қўллов кўрсатмади. Буларнинг бари пойтахт Исломободда тушкунлик ва хавотир кайфиятини урчитди. Улар давлатчилик қил устида турганини ҳис қилишарди. Орадан уч йил ўтиб, Ҳиндистон илк ядровий синовни ўтказди. Бу эса Исломобод учун сўнгги томчи бўлди.

Покистон бош вазири Зулфиқор Али Бҳутто 1972 йили олимлар билан учрашиб, ўзининг тарихий сўзларини айтди:
“Ҳиндистон ядро қуролига эга бўлса, биз ҳам эга чиқамиз. Бу йўлда ўт-ўлан ейишга тўғи келса ҳам.
Аммо бу вақтга келиб, мамлакат ядро физикаси борасида салмоқли ютуқларга эришиб бўлганди. 1956 йилда ташкил этилган Покистон атом энергия комиссияси (ПАЭC) урандан тинч мақсадларда фойдаланишни бошлаб, тармоқ учун музёрар вазифасини бажарди.
Шундай қилиб, 1974 йили ПАЭC ҳомийлигида Project-706 дастури йўлга қўйилди. Унга дунёнинг турли қисмларида меҳнат қилаётган покистонлик олимлар, жумладан ядро физиклари жалб этилди. Масъум Аҳмад, Ишфақ Аҳмад, Мунир Аҳмад Хон кабилар шулар жумасидан. Аммо улар орасида энг катта вазифани Абдул Қодир Хон бажарди.

Ёшлиги оғир кечган, этник низолар ва таъқиблар сабаб 11 ёшида оиласи билан Ҳиндистондан Покистонга кўчиб ўтган олим ортиқ камситилишни истамасди. 1947- ҳамда 1971 йилларга оид оғриқли хотиралар уни ватанига хизмат қилишга ундарди. Бу Хонни Европадаги комфорт ҳаётини ташлаб келишга, шунингдек, жуда хавфли ишга қўл уришга ундади.
Ўша вақтлари Абдул Қодир Хон Нидерландиянинг тинч мақсадлар учун атом энергетикаси билан шуғулланадиган Уренcо компаниясида меҳнат қиларди. Бу унга уранни бойитиш технологиялари, жумадан центрифугалар конструкцияси ҳақида махфий маълумотларни қўлга киритиш имконини берди. Бу эса кейинчалик Покистон ядровий дастурида муҳим рол ўйнади.
Хон махфий маълумотлардан нусха олиб, 1975 йили ватанига қайтди. Покистон ҳукумати у ва жамоаси учун Кахута шаҳрида лаборатория қуриб берди. КРЛ номини олган илмий тадқиқот маркази юқори даражада бойитилган уран ишлаб чиқариш учун газ центрифугалари билан жиҳозланди. Гарчанд тинч мақсадлар учун атом энергетикасида қўлланиладиган технологияларнинг аксарияти ядровий қурол ясашга ҳам яроқли бўлса-да, очиқ бозорда сотилмайдиган мураккаб компонентлар бор эди. Хон чекловларни айланиб ўтиш учун халқаро схемани жорий қилди. Европанинг илғор технологиялари Покистонга шу тариқа олиб келинди.

Шу тариқда ПАЭC ва КРЛ параллел иш бошлади. Мунир Аҳмад Хон бошчилигидаги олимлар ядровий бомба дизайни, портловчи модда турлари устида иш олиб борди, А.Қ. Хон жамоаси эса уранни бойитиш билан шуғулланди. Уларнинг меҳнати самараси билан 1983 йили бомба лаборатория шароитида симуляция қилинди. Аммо амалий синовлар олиб борилмади. Бунга сиёсий омиллар сабаб.
Покистон ядро дастури Ғарбда кучли хавотир уйғотди. Шу боис аввалига айрим технологик чекловлар, сўнг эса санкциялар киритилди. Исломобод Қўшма Штатларнинг иқтисодий ва ҳарбий ёрдамидан маҳрум бўлди. Унга технологик ёрдам берган давлатлар ҳам иккиламчи санкциялар таҳдидига дуч келди. Бироқ Қизил армия Афғонистонга бостириб киргач, вазият ўзгарди. Покистон Оқ уйнинг советларга қарши асосий иттифоқчиларидан бирига айланди. Бу эса чекловларнинг юмшатилишига олиб келди.

Исломобод намойишкорона синовлар ўтказиш билан орага совуқчилик туширишни истамасди. Бироқ совет қўшинлари Афғонистондан олиб чиқилгач, муносабатлар яна таранглашди. Аммо 2001 йил воқеаларидан сўнг, Покистоннинг аҳамияти ошди. Шу боис Вашингтон асосий санкцияларни олиб ташлади ёки юмшатди.
Илк синов
Покистон илк ядровий синовни 1998 йилнинг 28 май санасида ўтказди. Балужистон вилоятининг Чагаи тоғ тизмасида 15-25 килотонна қувватга эга бомба портлатилди. Бу учун махсус туннел барпо қилинди. Аммо жараён шу билан якунланмади. Олимлар детонация тизимларини синаш, портлаш геометриясини ўлчаш учун 0,2-0,6 килотонна қувватли кичик бомбалардан яна 4 та портлатди. Шундай қилиб, мамлакат ўзининг ашаддий рақобатчисига қарши “тийиб туриш воситаси”га расман эга чиқди.
Аммо Исломобод оммавий қирғин қуролига эга чиқишни “чин дилдан” истаган деб бўлмайди. Покистон ҳукумати музокара ўтказиш сўрови билан Деҳлига 8 марта мурожаат қилган. Аммо ҳиндлар ўз дастуридан воз кечмади. Шунга қарамай, томонлар айрим масалаларга келишиб олди. Бир-бирининг ядровий иншоотларига ҳужум қилмаслик, ядровий объектлар рўйхатини ҳар йилнинг 1 январь санасида алмашиш, баллистик ракета синовлари олдидан бир-бирларини огоҳлантириш, ядровий зарба сифатида янглиш талқин қилинадиган ҳолатлар ҳақида хабардор қилиш учун ишонч телефони кабилар шулар жумласидан.
Исроил Покистонга зарба бермоқчи эди
Исломобод мусулмон дунёсининг илк ядровий қуролига эга чиқишга яқин турганди. Бу эса нафақат Деҳли, балки Тель-Авивни ҳам хавотирга солди. Исроилликлар радикал қадам ташлашга қарор қилди. Режага биноан Исроил самолётлари Покистон ядровий объектларини бомбардимон қилиши, Ҳиндистон эса уларга техник хизмат кўрсатиши керак эди. Аммо Покистон разведка хизматлари бу режадан хабар топди. Президент Зиё ул-Ҳақ дипломатик каналлар орқали чора кўриб, бунинг оқибатларидан огоҳлантирди. Жумладан Исроилга Тель-Авивни нишонга олиш билан таҳдид қилинди.
Аммо вазият жиддийлигича сақланиб қолди. Айрим манбаларга кўра, Исроилнинг Ф-16 қирувчилари Ҳиндистон ҳудудида икки марта кўзга ташланган. Шу боис Покистон ядро иншоотларининг ҳаво мудофааси кучайтирилди, лабораториялар ер ости бункерларига кўчирилди. Бироқ Қўшма Штатларнинг босимидан сўнг яҳудий давлатининг режаси амалга ошмади. Оқ уй бундай қадам минтақага “ўт қўяди” деб ҳисобларди.

“Усамадан хавфлироқ”
Қўшма Штатларнинг Жорж V. Буш давридаги давлат котиби Колин Пауэлл А.Қ. Хонга таъриф бериб, у “Усама бин Ладендан ҳам хавфлироқлиги”ни айтганди. Унинг бундай дейишига сабаб бор. 1990 йиллар бошида олим ўз атрофида халқаро схема шакллантирди. Хон ядровий технологияларни бошқа давлатларга ноқонуний тарзда тарқатиш (пролиферация) билан шуғулланган. Энг катта мижоз Шимолий Корея ҳисобланади.
Покистон ўз ядровий қуролига эга чиққани билан, уларни нишонга етказиш воситаси, яъни ракеталар йўқ эди. Корейслар бу борада ишончли ҳамкор ҳисобланган. Хон мамлакатни центрифуга технологиялари билан таъминлаш, олимлар учун тренинглар ўтказиш орқали Шимолий Корея ядро дастурини тезлаштириб юборди. 2006 йили Пхеньян илк ядро синовини амалга оширди. Исломобод эса баллистик ракета технологиясига эга бўлди.

“Хон тармоғи”нинг яна бир мижози Эрон ҳисобланади. Мамлакат 1987-1989 йилларда П-1 центрифугасининг дизайни ва асбоб-ускуналарини қабул қилиб олди. Бу Натанз ядро бойитиш объектининг асоси ўлароқ хизмат қилди. Покистонлик олимнинг ёрдамидан Ливия ҳам фойдаланди. Триполига нафақат центрифуга технологиялари, балки бутун бошли заводни қуриш учун чизмалар топширилди. Аммо 2003 йили АҚШ ва Британия разведкаси Дубай шаҳрида “Хон тармоғи”га алоқадор контейнерни қўлга олди. Бу эса икки ўртадаги алоқаларни фош қилиб қўйди. Шундан сўнг Қаззофий мамлакат ядровий ва кимёвий қурол дастурини тўхтатаётгани ҳақида ошкора маълум қилди.
Ушбу схемага алоқадор машҳур исмлар орасида Саддам Ҳусайн ҳам келади. Гарчанд бу ҳақда тасдиқланган маълумотлар бўлмаса-да, Ироқ президенти Хоннинг таклифига шубҳа билдиргани, МРБ уни шу орқали тузоққа туширмоқчи деган гумонга боргани ҳақида миш-мишлар юради. Бироқ у оммавий қирғин қуролларини ишлаб чиқиш иддаосидан барибир четда қолмади. Ғарб 2003 йили Ироққа бостириб кирди.
Хоннинг қисмати
Тарихдаги энг йирик пролиферация схемаси фош бўлгач, Исломобод босим остида қолди. Етакчи давлатлар, халқаро ташкилотлар Хонни маҳкамага тортишни талаб қилди. Бироқ олим Покистон жамиятида аллақачон миллий қаҳрамон даражасига чиқиб улгурганди. Шу боис Исломобод ҳам сих, ҳам кабоб куймайдиган чорага қўл урди. Президент Парвиз Мушарраф 2004 йили А.Қ. Хонни пойтахтдаги вилласида уй қамоғига олди. У Олий суднинг 2009 йилги ҳукмига қадар ташқи дунёдан узилиб қолди. Озодликка чиқиб эса сиёсий фаолиятга киришди. Аммо у тузган партия парламентдан бирорта ҳам жой ололмади. Шундан сўнг Хон илм-фан соҳасида маслаҳатлар берди, китоб ёзиш билан шуғулланди. Аммо қандли диабет, юрак муаммолари сабаб 2010 йилларда саломатлиги ёмонлашди.
2021 йилнинг 10 октябрь куни Покистонни илк мусулмон ядровий давлатга айлантирган, ашаддий рақиби Ҳиндистонга қарши энг кучли тийиб туриш воситаси билан таъминлаган олим вафот этди. Ўша вақтларда кенг тарқалган COVID-19 инфекцияси уни ҳам четлаб ўтмади.
Мамлакатнинг энг йирик Файсал масжиди Хоннинг жанозаси учун эшикларини очди. Унинг дафн маросимида президент бошчилигида сиёсий ва ҳарбий ташкилот қатнашди. Олимнинг хизматлари шарафига давлат мадҳияси янграб, фахрий қоровул саф тортди.
Изоҳ (0)