Сингапур — бу ҳашаматли осмонўпар бинолари, футуристик боғлари ва қатъий қоидалари билан машҳур давлат. Балки сиз бу ерда Марина Бай Сандс казиносида омадингизни синаб кўриш мумкинлигини биласиз, аммо оддий сақични олиб кириш қонун билан тақиқланганини билмаслигингиз мумкин. |ICA (Immigration & Checkpoints Authority) сайтида сақич “Тақиқланган ва назорат қилинадиган товарлар” рўйхатида қайд этилган. Нега бу зиёнсиз маҳсулот бундай “шарафга” сазовор бўлди?

MRT ва сақич
Сингапурда маълум турдаги сақичларни чайнашга рухсат берилади. 1992 йилдаги тақиқ оддий сақичларга тегишли эди. 2004 йилда тақиқ қисман бекор қилинди ва терапевтик таъсири бор (масалан, никотинли) ва дорихоналарда сотиладиган стоматологик сақичларни сотиш ва истеъмол қилишга рухсат берилди. Муаммо сақични нотўғри утилизация қилганда бошланади. Сақичларни нотўғри утилизациялаш 1992 йилда импорт ва сотишга тақиқ қўйишнинг сабаби бўлган. Гап шундаки, вандаллар метрода (MRT) эшик сенсорларини сақич билан ёпиштириб, транспорт тизимининг ишлашини тўхтатиб қўйган. Бундан ташқари, тротуарлардан, жамоат жойларидан ва ҳ.к. сақични тозалаш билан боғлиқ муаммолар бўлган. Бу катта ресурсларни талаб қилган. Натижада ҳокимият жамоат транспортининг тозалиги ва узлуксиз ишлашини сақлаб қолиш учун радикал чоралар кўришга қарор қилди.

Тупуриш ёки сақични нотўғри жойга ёпиштирганда биринчи марта қоидани бузганлик учун 1000 сингапур долларигача (тахминан 750 АҚШ доллари) жарима солиниши мумкин. Шунинг учун Сингапурни ҳазиломуз равишда “Жарима шаҳри” деб аташади.
Тозалик миллий ғоя сифатида
Сингапур ўз тозалиги ва орасталиги билан фахрланади. Бу дунёдаги энг тоза шаҳарлардан бири ҳисобланади. Тозалик ва тартиб нафақат парваришланган боғлар ҳамда паркларда, балки чиқиндилар ва ҳатто ҳожатхонадан фойдаланишга оид қатъий қоидаларда ҳам намоён бўлади. Бу перфексионизм ортиқча кўриниши мумкин, аммо бу Сингапур миллий ғоясининг бир қисми — идеал, қулай ва хавфсиз жамиятга интилишдир.
Бундай қатъийлик аҳолиси зич бўлган давлат учун мажбурий чора ҳисобланади. Чекланган майдон шароитида тозалик ва тартибни сақлаш жамоат гигиенаси ва саломатлиги масаласига айланади. Акс ҳолда, шаҳар касалликларни тарқатадиган носанитар жойга айланиш хавфи бор.

Шахсий масъулият ва жамоат манфаати
Сингапурда сақич чайнашнинг тақиқланиши, шубҳасиз, кескин чора, бироқ бу жамият фаровонлиги учун шахсий масъулиятнинг қанчалик муҳимлигини намоён этади. Бошқа Осиё мамлакатларида, масалан, Японияда деярли ҳеч қандай жамоат чиқинди қутилари йўқ. Чунки у ерда японча “o-souji” (тозалаш) тушунчаси яъни одамлар ўзларидан кейин тозалашлари кераклиги ҳақида маданият мавжуд.

Шундай қилиб Сингапур ва Япония, ҳар хил йўллар билан бўлса ҳам, ўз халқини онглилик ва атроф-муҳитга ҳурмат билан муносабатда бўлишга чақиради. Савол шундаки, қайси бири самаралироқ: Сингапурдаги каби умумий назорат ва қатъий жарималар ёки Япониядаги каби масъулият ҳиссини тарбиялаш?
Сингапурга сақич тақиқи сабабли саёҳат қилишдан қўрқиш шарт эмас. Бу фақатгина ўзига хос ва тараққий этган шаҳарнинг умумий манзарасидаги кичик бир детал холос. Балки, Сингапур ўз меҳмонларига таклиф этаётган тозалик ва тартибдан завқланиш керакдир. Ва бу тажрибани ўз шаҳримизни яхшилаш учун олиб келиш даркор.
Изоҳ (0)