Ҳиндистон разведка хизматлари Жамму ва Кашмирда мамлакатнинг бошқа ҳудудлари аҳолиси, сайёҳлар, полиция ва темир йўл ходимларига қарши янги террорчилик ҳужумлари содир этилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. Бу ҳақда News18 телеканали ўз манбаларига асосланиб хабар бермоқда.

22 апрель куни Жамму ва Кашмир штатининг Ҳиндистон назоратидаги қисмида жойлашган Пахалгам шаҳри яқинида қуролланган шахслар сайёҳлар гуруҳига ўт очиши оқибатида 26 киши ҳалок бўлди. Ҳужум учун жавобгарликни ўзини “Кашмир қаршилиги” деб атовчи илгари номаълум бўлган ҳарбийлашган гуруҳ ўз зиммасига олди.
“Огоҳлантиришда айтилишича, Покистоннинг идоралараро разведкаси ва у билан боғлиқ террорчилик ташкилотлари сайёҳлар, маҳаллий бўлмаган аҳоли, полиция ходимлари ва кашмирлик пандитларга (ўқитувчилар, руҳонийлар - таҳр.), айниқса Сринагар ва Гандербал туманларида кўпроқ ҳужумлар уюштиришни режалаштирмоқда”, дея таъкидлайди телеканал манбалари.
Шунингдек, разведкадаги манбалар темир йўл инфратузилмаси ва темир йўл ходимларига қаратилган эҳтимолий террорчилик ҳужумлари ҳақида ҳам огоҳлантирди.
Ҳиндистон ҳужумни Покистон билан боғламоқда. Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди ҳужумни теракт деб атади ва айбдорлар “албатта жавобгарликка тортилишини” таъкидлади. Покистон ҳукумати ҳужумчилар билан алоқаси борлигини қатъиян рад этмоқда.
Ҳужумдан сўнг Ҳиндистон Покистон билан дипломатик муносабатлар даражасини пасайтирди ва Покистон ҳарбий атташеларини чиқариб юбориш, қуруқликдаги транзит пунктини ёпиш ҳамда сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш тўғрисидаги шартноманинг амал қилишини тўхтатиш каби бир қатор чораларни эълон қилди. Покистон бу ҳаракатни уруш эълон қилиш деб баҳолади.
Покистон Мудофаа вазирлиги бунга жавобан Ҳиндистон билан урушга тайёрлигини ва унинг ҳудудларидан бирини тор-мор қилиш билан таҳдид қилди. Покистон Ҳиндистон учун ҳаво ҳудудини ёпди.
Покистоннинг Исломобод ва бошқа шаҳарларида ўнлаб намойишчилар Ҳиндистоннинг шартномани тўхтатишига қарши норозилик намойишига чиқиб, ўз ҳукуматидан жавоб чораларини кўришни талаб қилишди.
24 апрель куни Ҳиндистон ва Покистон ҳарбийлари Жамму ва Кашмирдаги чегара назорат чизиғида бир-бирига қарата ўқ узгани хабар қилинди.
Изоҳ (0)