Ҳиндистон 30 апрель кун Покистон авиакомпаниялари учун ҳаво ҳудудини тўлиқ ёпди. Бу ҳақда Deutsche welle хабар берди.

Ҳиндистон расмийларига кўра, тегишли чора Покистон томонидан илгари қабул қилинган худди шундай тақиққа жавобдир. Авиакомпаниялар ва Покистонга алоқадор самолётлар учун тақиқ 23 майгача амал қилади. Икки давлат ўртасидаги кескинлик 22 апрель куни кучайганди. Шу куни Ҳиндистоннинг Жамму ва Кашмир ҳудудидаги Паҳалгам шаҳри яқинида теракт юз берган. Бир нечта қуролланган шахс маҳаллий аҳоли ва сайёҳларга қарата ўт очган.
Оқибатда 25 нафар ҳиндистонлик ва бир непал фуқароси ҳалок бўлган. Ҳужум учун жавобгарликни террорчи ташкилот ҳисобланган “Лашкар-и-Тайба” билан боғлиқ “Қаршилик фронти” гуруҳи ўз зиммасига олган. Ҳиндистон ҳужумни Покистон билан боғлаган. Айбланган давлат ҳужумчилар билан алоқадорлигини қатъиян рад этган.
Шундан сўнг Ҳиндистон Покистонга қарши кескин чоралар кўрган. Жумладан, қуруқликдаги Аттари назорат-ўтказиш пункти ёпилган. Покистонликларга мамлакатни тарк этиш топширилган. 1960 йилги Ҳинд дарёси сувларидан фойдаланиш бўйича битим дарҳол тўхтатилган.
Битим тузилган йили томонлар сиёсий зиддиятларга қарамай, сув ресурсларини тенг тақсимлашга келишиб олган эди. Покистон бу ҳаракатни уруш эълон қилиш деб баҳолади ва Ҳиндистон учун ҳаво ҳудудини ёпган. Ҳиндистон ва Покистон чегарасида кетма-кет отишмалар содир бўлган. Шу билан бирга, Покистон Мудофаа вазирлиги мамлакат Ҳиндистонга қарши ҳарбий ҳаракатларни бошламаслигини таъкидлаган.
Ҳиндистон яқин 24-36 соат ичида Покистонга қарши ҳарбий ҳаракатларни амалга ошириш ниятида, деган 30 апрель куни Покистоннинг ахборот ва радиоэшиттириш вазири Аттауллаҳ Тарар.
Вазир холис экспертлар комиссияси иштирокида теракт бўйича текширув ўтказишни таклиф қилган. Бироқ Ҳиндистон бу таклифни рад этганини билдирган. Тарар вазият кескинлашиши ва унинг оқибатлари Ҳиндистон зиммасида бўлишини қайд этган.
Изоҳ (0)