Ҳиндистон яқин 24-36 соат ичида Покистонга қарши ҳарбий ҳаракатларни амалга ошириш ниятида. Бу ҳақда ишончли разведка маълумотига таяниб Покистоннинг ахборот ва радиоэшиттириш вазири Аттауллаҳ Тарар маълум қилди.

Вазирнинг сўзларига кўра, Ҳиндистон гўёки Кашмирдаги терактга Покистоннинг алоқадорлиги ҳақидаги асоссиз ва уйдирма даъволар баҳонасида ҳужумни бошлайди.
Минтақада Ҳиндистон ўзини судья, ҳайъат ва жаллод сифатида кўрсатишга уриниши — бу масъулиятсизлик бўлиб, кескин қораланади. Покистон ўзи ҳам терроризм қурбони бўлган давлат сифатида бу терактнинг азобини яхши тушунади ва уни дунёнинг исталган нуқтасида, исталган шаклда қатъий қоралаб келган, деди Аттауллаҳ Тарар.
Вазир холис экспертлар комиссияси иштирокида теракт бўйича текширув ўтказишни таклиф қилди. Бироқ Ҳиндистон бу таклифни рад этганини билдирди.
Афсуски, Ҳиндистон вазиятга ақлан ёндашиш ўрнига, бутун минтақа ва ундан ташқарида фалокатли оқибатларга олиб келадиган тўқнашув йўлидан боришга қарор қилганга ўхшайди. Ишончли терговлардан бош тортишнинг ўзи Ҳиндистоннинг ҳақиқий ниятларини фош этувчи етарли далилдир, дея таъкидлади Покистон вазири.
Сиёсатчи “сунъий равишда қўзғатилган жамоатчилик фикрига асосланиб”, стратегик қарорлар қабул қилиш ачинарли ва қораланишга лойиқ эканини билдирди.
Покистон Ҳиндистоннинг бундай ҳарбий авантюрасига шубҳасиз ва қатъий жавоб берилишини яна бир бор таъкидлайди. Халқаро ҳамжамият вазиятнинг кескинлашуви ва ундан келиб чиқадиган оқибатлар тўғридан тўғри Ҳиндистон зиммасида эканини англаши лозим. Халқимиз Покистон суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳар қандай шароитда ҳимоя қилишга бўлган қатъий азм-у қарорини яна бир бор тасдиқлайди, дея хулоса қилди у.
Давлатлар ўртасидаги кескинлик
Покистон ва Ҳиндистон ўртасидаги кескинлик 22 апрель куни кучайди. Сабаби бир гуруҳ террорчилар баҳсли Жамму ва Кашмир ҳудудида тинч аҳоли ва сайёҳларга қарата ўт очди. Ҳужум оқибатида 30 га яқин одам ҳалок бўлди. Ҳиндистон ҳужумни Покистон билан боғлади Покистон ҳукумати ҳужумчилар билан алоқаси борлигини қатъиян рад этмоқда.
Шундан сўнг Ҳиндистон Покистонга қарши кескин чоралар кўрди. Жумладан, қуруқликдаги Аттари назорат-ўтказиш пункти ёпилди. Покистонликларга мамлакатни тарк этиш топширилди. 1960 йилги Ҳинд дарёси сувларидан фойдаланиш бўйича битим дарҳол тўхтатилди.
Битим тузилган йили томонлар сиёсий зиддиятларга қарамай, сув ресурсларини тенг тақсимлашга келишиб олган эди. Покистон бу ҳаракатни уруш эълон қилиш деб баҳолади ва Ҳиндистон учун ҳаво ҳудудини ёпди.
Ҳиндистон ва Покистон чегарасида кетма-кет отишмалар содир бўлди. Шу билан бирга, Покистон Мудофаа вазирлиги мамлакат Ҳиндистонга қарши ҳарбий ҳаракатларни бошламаслигини таъкидламоқда.
Дунё икки ядровий давлат — Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги қарама-қаршилик кучайиб бораётганидан хавотирга тушиши керак, деди Покистон мудофаа вазири Хаважа Асиф.
Изоҳ (0)