Австралиянинг Хобарт шаҳри портида электрокема сувга туширилди. Ишлаб чиқарувчилар уни дунёдаги энг йирик дея таъкидламоқда. Бу ҳақда The Guardian нашри хабар берди.

Маълумотларга кўра, Incat компанияси томонидан қурилган Hull 096 кемасининг узунлиги 130 метрни ташкил этади. Кеманинг лойиҳавий сиғими 2100 йўловчи ва 225 та транспорт воситасига мўлжалланган.
Таъкидланишича, кема фақат аккумуляторлардан олинадиган электр энергияси билан ишлайди. Уларнинг оғирлиги 250 тоннани ташкил этади ва 40 мегаватт-соатдан ортиқ ўрнатилган қувватга эга. Энергияни сақлаш тизими саккизта электр сув двигателига уланган ва унинг қуввати ҳар қандай олдинги денгиз қурилмасидан тўрт баравар юқори.
Кемасозлик компанияси ушбу лойиҳани ўзларининг барча лойиҳалари орасида энг мураккаби ва дадили деб баҳолаган.
“Биз Тасманияда қирқ йилдан ортиқ вақт давомида жаҳон даражасидаги кемаларни қуриб келмоқдамиз ва Hull 096 биз амалга оширган энг дадил, мураккаб ва муҳим лойиҳа ҳисобланади”, деди Incat раиси Роберт Клиффорд.

Клиффорднинг таъкидлашича, Incat “Австралияда ва хорижда жаҳон бозори учун иложи борича кўпроқ экологик тоза кемалар” қуришга интилмоқда.
Компания маълумотига кўра, Hull 096 нафақат дунёдаги энг йирик электр кема, балки “шу пайтгача қурилган бу турдаги энг катта электр транспорт воситаси ҳамдир”.
“Hull 096 шуни исботлайдики, паст эмиссияли кенг кўламли транспорт ечимлари нафақат мумкин, балки ҳозирнинг ўзида фойдаланишга тайёр”, деди Incat бош директори Стивен Кейси.
Изоҳ (0)