Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди мамлакат қуролли кучларига Пахалгамдаги 26 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган терактга жавоб қайтариш усули, мақсадлари ва муддатларини белгилашда тўлиқ эркинлик берди. Бу ҳақда Тhе Times of India хабар бермоқда.

Таъкидланишича, қуролли кучлар раҳбарлари иштирок этган олий даражадаги учрашувда бош вазир Моди “миллий қатъият терроризмга қақшатқич зарба беришдан иборат” эканлигини билдирган.
“Бош вазир Моди Ҳиндистон қуролли кучларининг профессионал қобилиятларига тўлиқ ишонч билдирди. Бош вазир уларга жавобимиз усули, мақсадлари ва муддатларини белгилашда тўлиқ оператив эркинлик берилганини айтди”, дея хабар қилди PTI ахборот агентлиги.
Давлатлар ўртасидаги кескинлик
Покистон ва Ҳиндистон ўртасидаги кескинлик 22 апрель куни кучайди. Сабаби бир гуруҳ террорчилар баҳсли Жамму ва Кашмир ҳудудида тинч аҳоли ва сайёҳларга қарата ўт очди. Ҳужум оқибатида 30 га яқин одам ҳалок бўлди. Ҳиндистон ҳужумни Покистон билан боғлади Покистон ҳукумати ҳужумчилар билан алоқаси борлигини қатъиян рад этмоқда.
Шундан сўнг Ҳиндистон Покистонга қарши кескин чоралар кўрди. Жумладан, қуруқликдаги Аттари назорат-ўтказиш пункти ёпилди. Покистонликларга мамлакатни тарк этиш топширилди. 1960 йилги Ҳинд дарёси сувларидан фойдаланиш бўйича битим дарҳол тўхтатилди.
Битим тузилган йили томонлар сиёсий зиддиятларга қарамай, сув ресурсларини тенг тақсимлашга келишиб олган эди. Покистон бу ҳаракатни уруш эълон қилиш деб баҳолади ва Ҳиндистон учун ҳаво ҳудудини ёпди.
Ҳиндистон ва Покистон чегарасида кетма-кет отишмалар содир бўлди. Шу билан бирга, Покистон Мудофаа вазирлиги мамлакат Ҳиндистонга қарши ҳарбий ҳаракатларни бошламаслигини таъкидламоқда.
Дунё икки ядровий давлат — Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги қарама-қаршилик кучайиб бораётганидан хавотирга тушиши керак, деди Покистон мудофаа вазири Хаважа Асиф.
Изоҳ (0)