Бугун, 20 февраль куни Олий Мажлис Сенатининг IX ялпи мажлисида сурхондарёлик сенатор Дилбар Сувонованинг чиқиши пайтида мажлис иштирокчиларидан бири ухлаб ётгани тасвирга тушиб қолди. Сенат ахборот хизматининг маълум қилишича, мажлисида ухлаб қолгани айтилаётган иштирокчининг соғлиғи ёмонлашиб қолган.
Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят кенгаши котибиятининг билдиришича, у жонли эфир вақтида бошқалар эътиборини тортмаслик учун ташқарига чиқмай турган. Иштирокчи бу вазиятда ҳолатидан келиб чиқиб кўринмасликка ҳаракат қилганини айтган.
“Ҳозирда тиббий муолажа кўрсатилган ва ҳолати яхши, дейилади муносабатда.
Мазкур ҳолат тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. “Дарё” мухбири ҳуқуқшунос Муҳаммадамин Каримжоновдан ходим иш вақтида ухлаб қолиши қонунчиликда қандай тартибга солиниши юзасидан изоҳ олди.

Муҳаммадамин Каримжоновнинг тушунтиришича, мазкур масала ташкилотнинг меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларига боғлиқ. Меҳнат кодексига кўра, меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар қуйидагилардан иборат:
- жамоа келишувлари;
- жамоа шартномалари;
- иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси билан келишувга кўра қабул қилинадиган ички ҳужжатлар;
- ички ҳужжатлар, шу жумладан иш берувчи ўз ваколатлари доирасида якка ўзи қабул қиладиган якка тартибдаги ҳуқуқий ҳужжатлар.
Ички меҳнат тартиб қоидасида агар ходимнинг иш вақтида ухлаб қолиши қўпол қоида бузилиш, дея баҳоланса, у билан ҳатто меҳнат шартномасини ҳам бекор қилиш мумкин. Масалан, ишчи смена пайтида ухлаб қолса ва бу ички қоидада маън этилган бўлса, иш берувчи уни ишдан бўшатишга ҳақли, деди ҳуқуқшунос.
Унинг алоҳида тушунтиришича, агар ходим касал бўлса, меҳнатга лаёқатсизлик варақасини очтириши керак.
Ходимни ишдан озод қилиш учун меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ёки маълумотномаси асос бўлолади. Ходим иш вақтида ухлаб қолиб, “Мен касал эдим”, дейиши асос эмас. Лекин узрли ҳолатлар ҳам бўлиши мумкин. Айтайлик, ишчининг боши оғриб қолиб, у дори ичса ва бу дори асосида ухлаб қолган бўлса, ҳисобга олиниши мумкин. Яъни ҳар қандай ҳолатда ҳам асослантирувчи важ бўлиши лозим, деди Муҳаммадамин Каримжонов.
Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси шахсни ишдан озод қилиш, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси ёки ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўлаш учун асос бўладиган ҳамда вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик билан кечадиган касалланишнинг ҳисоби юритиладиган ҳужжат ҳисобланади.
Фуқароларнинг касаллиги, шикастланганлиги, ҳомиладорлиги, туққанлиги, оиланинг бетоб аъзосини парваришлаганлиги, протез қўйдирганлиги, санаторий-курортда даволанганлиги, шунингдек соғлиғи ҳолатига кўра бошқа ишга ўтказиш учун ва карантин туфайли меҳнатга вақтинча лаёқатсизлигини экспертиза қилиш натижаларига кўра аниқланган меҳнатга вақтинча лаёқатсизлиги меҳнатга лаёқатсизлик варақаси билан тасдиқланади.
Иш вақтига киритилмайдиган танаффус берилиши керак
Муҳаммадамин Каримжоновнинг айтишича, жазирама кунларидаги меҳнаткашларга қўшимча дам олиш вақти берилиши мақсадга мувофиқ бўлади.
Тадқиқотларга кўра, тушликдан кейин камида 30 дақиқа ухлаш иш самарадорлигини 40 фоизга оширади. Куннинг ярмида ухлаш суннатдир. Уни араб тилида қайлула деб номлашади. Қайлула – туш пайтида мизғиб олиш, соғлиқ учун фойдалидир. Қайлула қилувчилар текширувлар натижасида юрак касаллигига камроқ дучор бўлишлари аниқланган.
Европада сиeста — иш вақтида бир оз мизғиб олиш учун Испания, Финландия ва яна айрим мамлакатларда рухсат берилган. Японияда иш вақтидаги уйқу – инемури нормал ҳолат ҳисобланади, дейди мутахассис.
Ҳуқуқшунос Сайдали Мухторалиевнинг қўшимча қилишича, ҳақиқатдан ҳам кўпроқ Европанинг иссиқ мамлакатларида ҳарорат кўтарилган ёзнинг иссиқ кунларида кўпчилик ишхоналар сиeстага ўтишади.

Жазирама иссиқда ўзбекистонликлар учун сиeста бегона нарсами? Мен аксинча бўлиши керак деб ҳисоблайман. сиeста аслида биринчи навбатда серқуёш ва иссиқ ўлкаларга хос бўлганлиги учун ҳам бизнинг меҳнаткашларга бегона бўлмаслиги керак. Масалан, деҳқончилик ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш билан шуғулланадиган меҳнаткашларга айниқса, ёз кунларида сиeстага амал қилиш, қўшимча ухлаб олиш жуда фойдали.
Биздаги корхоналарда ҳам қайлулани – сиeстани расман жорий қилиш мумкинми, деган савол туғилади? Албатта мумкин. Меҳнат кодексининг 204-моддасига кўра, иш куни (смена) давомида ходимга дам олиш ва овқатланиш учун давомийлиги кўпи билан икки соат ва камида ўттиз дақиқа бўлган, иш вақтига киритилмайдиган танаффус берилиши керак. Дам олиш ва овқатланиш учун танаффус бериш вақти ва унинг аниқ давомийлиги ички меҳнат тартиби қоидаларида ёки ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра белгиланади, дейди ҳуқуқшунос.
Унинг тушунтиришича, бунда иш жараёнидаги танаффус деганда, фақатгина овқатланиш учун бериладиган вақт эмас, балки дам олиш учун ҳам ажратиладиган вақт ҳақида айтилмоқда.
Демак, агар корхонанинг ички меҳнат тартиби қоидаларида, сменали графикларида ёки ходим билан ўртадаги келишувда назарда тутилган бўлса, ёки бу ҳужжатларга алоҳида қўшимча киритилса, ходимларга дам олиш ва ухлаб олиш учун қўшимча танаффус вақти берилиши мумкин.
Яъни қайлула ва сиeста фақат арабларга, испанлар ёки грекларга хос нарса эмас, ҳозирги жазирамада ўзбекистонликлар ҳам фойдаланса бўлади, бундай имкониятдан. Қонун бунга йўл қўяди, дейди Сайдали Мухторалиев.
Изоҳ (0)