Нью Йорк-Тошкент йўналиши бўйича 30 апрель куни махсус чартер рейси ташкил этилади. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазири матбуот котиби хабар берди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон миграция сиёсати ва фуқароларни репатриация қилиш соҳасида Қўшма Штатлар билан ҳамкорликни фаол равишда кучайтирмоқда. Бу жараёнда хорижда бўлган ўзбекистонликларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Эришилган икки томонлама келишувлар доирасида жорий йилнинг 30 апрель куни АҚШ ҳудудида қонуний асосларсиз бўлиб турган ва депортация қилинадиган хорижликлар рўйхатига киритилган Ўзбекистон фуқароларини ватанга қайтариш мақсадида Нью Йорк-Тошкент йўналиши бўйича махсус чартер рейси ташкил этилади.
Мазкур репатриация ташаббуси хорижда оғир вазиятга тушиб қолган Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган бўлиб, халқаро меъёрлар, мажбуриятлар ва инсон ҳуқуқлари доирасида амалга оширилади.
Гап виза талабларини бузган ёки АҚШда қонуний қолиш муддати тугаган фуқаролар ҳақида бормоқда. Репатриация жараёни инсонпарварлик ва ҳуқуқий тамойиллар асосида ташкил этилиб, фуқароларнинг муносиб ва хавфсиз қайтишини таъминлайди.
Чартер рейсни ташкил этиш икки давлатнинг консуллик ва миграция хизматлари билан яқин ҳамкорликда олиб борилмоқда. Барча чоралар репатриация қилинаётган фуқароларнинг ҳуқуқларини максимал даражада ҳурмат қилган ҳолда, Ўзбекистон ва АҚШнинг амалдаги қонунчилигига қатъий риоя этган ҳолда кўрилмоқда.
Таъкидланишича, мазкур қадам Ўзбекистоннинг миграция оқимларини тартибга солиш, хориждаги фуқароларининг ҳуқуқий ҳимоясини, ижтимоий ва ҳуқуқий мослашувини таъминлаш ҳамда уларнинг хавфсиз ва инсоний шароитларда ватанига қайтишини йўлга қўйишга қаратилган кенг қамровли сиёсатининг бир қисмидир.
Ўзбекистон ўз миграция сиёсатини ривожлантиришда давом этади ва фуқароларини ҳар қандай вазиятда қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилишга интилади.
АҚШда ноқонуний бўлиб турганлар депортация қилиниши
АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти ноқонуний мигрантларни судсиз депортация қилишга рухсат берган. Трамп сайловолди кампаниясидаёқ муҳожирларни оммавий депортация қилишга ваъда берган. 2025 йил февралида Коста Рика Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Покистон ва Ҳиндистон каби давлатларнинг АҚШдан депортация қилинган 200 нафар фуқаросини қабул қилишга рози бўлди.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов дипломатик ваколатхоналар Ўзбекистоннинг барча фуқароларига, улар қаерда бўлишидан қатъи назар, ҳар томонлама ёрдам кўрсатишини айтди. 2025 йил февралида 7 нафари Нью Йорк—Тошкент йўналиши бўйича Ўзбекистонга олиб келинди. Март ойи бошларида яна 10 нафар фуқаро АҚШдан Ўзбекистонга қайтарилди.
Депортация қилинадиган Ўзбекистон фуқаролари сони 975 кишини ташкил этмоқда. Умумий ҳисобда, турли давлатлардан 1 445 549 нафар чет эл фуқароси чиқариб юборилади. АҚШдан 2023 йил сентябрдан 2024 йил сентябргача Ўзбекистонга 572 киши депортация қилинган.
АҚШда мигрантлар учун ўз-ўзини депортация қилишга мўлжалланган илова ишга туширилган. CBP Home деб номланган мобил илова ноқонуний мигрантларга ҳибсга олинмасдан, мамлакатни мустақил равишда тарк этиш имконини беради. Улар кейинчалик қонуний равишда қайтиб келиши мумкин бўлади.
Изоҳ (0)