Покистон армияси Хайбер-Пахтунхва вилоятининг Банну туманида ўтказган аксилтеррор операцияси давомида камида олти нафар жангарини йўқ қилди, яна тўрт нафарини яралади.
Бу ҳақда Гео телеканали Покистон қуролли кучларининг хизматлараро жамоатчилик билан алоқалар бўлимига (ISPR) таяниб хабар берди.

Унинг сўзларига кўра, 23 апрелдан 24 апрелга ўтар кечаси Покистон ҳарбийлари Банну туманини экстремистлардан тозалаш операциясини ўтказган. Уларнинг нишони мамлакатда тақиқланган “Фитна ал-Хавориж” гуруҳи жангарилари бўлган.
“Тўқнашув чоғида олти нафар террорчи йўқ қилинди, яна тўрт нафари яраланди. Отишма атрофидаги ҳудудни тозалаш операцияси давом этмоқда” дейилади хабарда.
ISPR маълумотларига кўра, ҳарбийлар орасида қурбонлар йўқ.
Аввалроқ Ҳиндистон разведка хизматлари Жамму ва Кашмирда мамлакатнинг бошқа ҳудудлари аҳолиси, сайёҳлар, полиция ва темирйўл ходимларига қарши янги террорчилик ҳужумлари содир этилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирганди.
22 апрель куни Жамму ва Кашмир штатининг Ҳиндистон назоратидаги қисмида жойлашган Пахалгам шаҳри яқинида қуролланган шахслар сайёҳлар гуруҳига ўт очиши оқибатида 26 киши ҳалок бўлди. Ҳужум учун жавобгарликни ўзини “Кашмир қаршилиги” (Kashmir Resistance) деб атовчи илгари номаълум бўлган ҳарбийлашган гуруҳ ўз зиммасига олди.
24 апрель куни эса Ҳиндистон ва Покистон ҳарбийлари Жамму ва Кашмирдаги чегара назорат чизиғида бир-бирига қарата ўқ узгани хабар қилинганди.
Изоҳ (0)