Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги Аттари интеграциялашган назорат-ўтказиш пункти ёпилади. Қарор Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан Жанубий Кашмирда юз берган терактдан сўнг эълон қилинди. Times of India нашрига кўра, у дарҳол кучга киради.

Покистон фуқаролари, агар уларнинг амалдаги ҳужжатлари бўлса, 2025 йил 1 майгача айнан шу йўналиш орқали ортга қайтишлари мумкин. Покистон ва Ҳиндистон ўртасидаги муносабатлар таранг бўлгани сабабли расмий чегара пунктлари сони жуда чекланган. Улардан энг асосийларидан бири айнан Аттари ҳисобланади.
Терактдан сўнг Ҳиндистон бир нечта санкцияларни жорий этди:
- 1960 йилги Инд дарёси сувларидан фойдаланиш бўйича битим дарҳол тўхтатилади ва Покистон “трансчегаравий террорчиликни қўллаб-қувватлашдан тўлиқ воз кечгунга қадар” қайта тикланмайди. Шу вақтга қадар бу битим сиёсий ва ҳарбий тарангликларга қарамай, Покистон учун сув ресурсларини барқарор таъминлаб келган.
- Покистон фуқаролари учун SAARC доирасидаги визасиз кириш тартиби бекор қилинди. Бундан ташқари, илгари берилган барча SPES визалари ноллаштирилади. Айни пайтда Ҳиндистонда SPES визаси асосида бўлиб турган Покистон фуқаролари мамлакатни 48 соат ичида тарк этиши керак.
- Покистон Олий комиссиясининг Нью Деҳлидаги мудофаа, армия, флот ва авиация масалалари бўйича маслаҳатчилари персона нон грата деб эълон қилинди. Уларга мамлакатни тарк этиш учун бир ҳафта муҳлат берилди.
- Ҳиндистон ўзининг Исломободдаги Олий комиссиясидан мудофаа, флот ва авиация кучлари бўйича маслаҳатчиларини чақириб олади. Тегишли олий комиссиялардаги бу лавозимлар тугатилган ҳисобланади.
- Ҳиндистон ташқи ишлар вазири Викрам Мисри барча қарорлар Кашмир жанубида 20 дан ортиқ одам ҳалок бўлган ва 10 дан ортиқ киши жароҳатланган терактдан кейин қабул қилинганини тасдиқлади.
Кашмирдаги теракт
22 апрель куни Ҳиндистон шимолидаги Жамму ва Кашмир ҳудудида содир бўлган отишмада ўнлаб сайёҳлар ҳалок бўлди. Фожиа Пахалгам шаҳрида юз берган. Сайёҳлар Бойсарон водийсидаги сўқмоқ бўйлаб кўтарилаётганда, қуролланган шахслар уларга қарата ўт очган. Камида 27 киши, жумладан, икки нафар чет эллик ҳалок бўлгани маълум. Отишмадан сўнг ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва тиббиёт ходимлари воқеа жойига етиб келган.
Маҳаллий ҳокимият ҳодисани теракт деб баҳолаган. Ҳиндистон ички ишлар вазири Амит Шоҳ терактга алоқадор шахслар жазосиз қолмаслигини таъкидлаган. Ҳужум учун жавобгарликни Kashmir Resistance гуруҳи ўз зиммасига олган. Ҳиндистон Покистонни террорчиларни қўллаб-қувватлашда айблаган.
Президент Шавкат Мирзиёев Кашмирда содир бўлган террорчилик ҳаракати оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлгани, жиддий жароҳат олгани муносабати билан Ҳиндистон президенти Драупади Мурму ва бош вазири Нарендра Модига таъзия йўллаган.
Изоҳ (0)