Дунё эътибори Яқин Шарқ ҳамда Украинадан сўнг Жанубий Осиёга кўчди. Минтақада янги ва янада даҳшатлироқ уруш ўчоғи очилиши мумкин. Гап мустақилликка эришганидан буён 4 марта катта урушни бошдан кечирган эски душманлар — Покистон ҳамда Ҳиндистон ҳақида бормоқда.
Томонлар 1947 йилдан 1999 йилгача бўлган даврда тўртта уруш ҳамда юзлаб катта-кичик тўқнашувларни бошдан кечирди. Маркази Жамму ва Кашмир ҳисобланган жангларнинг аксариятида Ҳиндистоннинг қўли баланд келган. Ҳозир минтақанинг 55 фоизини Деҳли, 35 фоизини Исломобод назорат қилмоқда. Қолган 10 фоизини эса 1962 йилги урушда Хитой босиб олган. Бироқ Пекин тасарруфидаги ҳудудларда аҳоли кам, асосан ҳарбий инфратузилма мавжуд. Аммо чегаранинг бошқа томонида вазият анча мураккаб.
Кашмир водийси, Жамми минтақаси ҳамда Ладакҳ ҳудудининг Ҳиндистон назоратидаги қисмларида 12 млн аҳоли истиқомат қилади. уларнинг 70 фоизга яқини ислом динига эътиқод қилувчилардир. Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди 2019 йили Жамму ва Кашмирни конституция даражасида белгиланган автономия ҳуқуқидан маҳрум қилди. Бу эса маҳаллий аҳолида норозиликни кучайтириб, тинч намойишлардан қўпорувчилик ҳаракатларига қадар келтириб чиқарди.
Ким қудратлироқ?
Ўзаро рақобат Деҳли ва Исломободни қуролланиш масаласига жиддий эътибор қаратишга мажбур қилди. Ҳар икки томон ядровий арсеналга эга бўлса-да, конвенсионал воситалар ҳам диққат марказидан четда қолгани йўқ. GlobalFirepower маълумотлари асосида тайёрланган қуйидаги инфографика орқали уларнинг ҳарбий салоҳияти ҳақида умумий тушунчаларга эга бўлиш мумкин.
Ҳиндистон
Мамлакат армия, ҳаво кучлари, флот ҳамда ядровий арсеналга масъул стратегик қўмондонлик каби тузилмалардан иборат қуролли кучларга эгалик қилади. Унинг таркибида 1,4 миллион фаол хизматчи бўлиб, Ҳиндистон бу масалада фақат Хитойдан ортда қолади.
Деҳли узоқ йиллар Совет Иттифоқи, сўнг эса Россия ҳарбий техникаларига суяниб келди. Унинг қуролли кучларида 270 дан ортиқ Су-30МКИ ҳамда 60 га яқин МиГ-29 қирувчилари, Жами 3200 дан зиёд Т-90С/СК ва Т-72 танклари хизмат қилишини шу билан изоҳлаш мумкин. Қолаверса, мамлакат тахминан 2400 та БМП-2 пиёда жанговар машиналарига ҳам эгалик қилади. Бундан ташқари, рўйхатда 2018 йили сотиб олинган С-400 ҳаво мудофаа тизимлари ҳам бор. Шартномага мувофиқ Россия бешта батарея етказиб бериши лозим.

Москва билан ҳамкорлик ҳарбий-денгиз кучларини ҳам қамраб олган. Мамлакат флотининг ягона фаол авиаташувчиси ИНС Викрамадитя Совет Иттифоқида ишлаб чиқарилган бўлиб, 1982 йили сувга туширилган. Деҳли 2004 йили уни 2,34 миллиард АҚШ долларига сотиб олди. Орадан етти йил ўтиб модернизациядан ўтказилган кема ҳинд денгизчилари билан хизмат бошлади. У 26 тагача МиГ-29К ва МиГ-29КУБ қирувчилари, шунингдек 10 га яқин Ка-31, Ка-28 вертолётларини олиб сузади.

Талвар синфидаги олтита фрегат, Ражпут оиласига мансуб бешта эсминец, Кило таснифидаги 9 та сувости кемаси ҳам Совет/Россия илдизларига эга.
Бироқ Деҳли сўнгги йилларда таъминот марказларини диверсификация қилишга жиддий эътибор қаратмоқда. Франциядан сотиб олинган 36 та Рафале қирувчилари шулар жумласидан. Стелс хусусиятини инобатга олмаганда, у F-35 самолётлари билан тенглашади. Ҳатто баъзи жиҳатларда устун ҳам келади.

Мамлакат мазкур қирувчининг Рафале М модификациясидан 26 та сотиб олиб, ҳозир синов босқичида бўлган ИНС Викрант маҳаллий авиаташувчисида қўлламоқчи. Ҳиндистон, бундан ташқари Тежас “енгил қирувчи” самолётларини ҳам ишлаб чиқармоқда.

Армия инвентарида мавжуд БМП-2 пиёда жанговар машиналарини Қўшма Штатларнинг Stryker платформалари билан алмаштириш кўзда тутилган. Ҳиндистонни қуроллантиришда Исроил ҳам муҳим рол ўйнамоқда. Икки ўртадаги ҳамкорлик ҳаво ҳужумидан мудофаа, учувчисиз учиш воситалари каби тармоқларни ўз ичига олади.
Украина уруши бошлангунга қадар Ҳиндистон энг йирик қурол импортчиси эди. Бу ҳиндларга нафақат йирик масштабда қуролланиш, балки турли давлат ҳарбий технологияларини ўзлаштириш имконини ҳам бермоқда. Боиси уларнинг салмоқли қисми Ҳиндистонда йиғилади.
Покистон
Алоҳида ҳолатларни инобатга олмаса, Покистон қўшниси билан катта урушларинг деярли барчасида мағлуб бўлган. Бангладеш мустақиллиги учун 1973 йилги уруш энг оғриқли хотиралардан бири. Ўшанда можарога Ҳиндистон ҳам аралашиб, 13 кун ичида Шарқий Покистон (Бангладеш) ҳудудини тўлиқ эгаллади. Натижада 90 минг покистонлик қуролларини топшириб, асир тушди.

Покистоннинг хориж билан ҳарбий ҳамкорлиги турли цикллар асосида ривожланди. Мамлакат аввалига Ғарб, хусусан Қўшма Штатлардан ҳарбий техникалар харид қилди. Советлар Афғонистонга бостириб киргач, бу алоқалар янада мустаҳкамланди. Исломобод турли даврларда 75-80 та F-16 қирувчиларини сотиб олди. Улар ҳозир Покистон ҳарбий-ҳаво кучларининг ядросини ташкил қилади. 2019 йили покистонлик учувчилардан бири Америка самолёти билан ҳиндларнинг МиГ-21 қирувчисини уриб туширди.

Аммо 1990 йили вазият ўзгарди. Вашингтон ядровий синовлар сабаб Исломободга қурол-яроғ эмбаргоси жорий қилди. Табиийки, бу мамлакатнинг Пекин билан алоқаларини мустаҳкамлади.
Хитой Покистоннинг ҳарбий соҳадаги муҳим иттифоқчиси ҳисобланади. Томонлар биргаликда JF-17 кўп мақсадли қирувчиси, К-8 Каракорум ўқув самолёти, Ал-Халид жанговар танки, Буррақ дронлари, Ҳангор синфидаги дизель сувости кемалари ва бошқа ҳарбий техникаларни ишлаб чиққан.

Бундан ташқари, Покистон ўзининг иттифоқчисидан J-10 қирувчиси, ВТ-4, Type-85, Type-69 танклари, А-100E, RNL-81 Азар ялпи ўт очиш реактив тизимлари ҳамда ҲҚ оиласига мансуб уч хил ҳаво мудофаа тизимларини сотиб олган. Аммо буларнинг ичида энг кўп муҳокамаларни келтириб чиқарган қадам J-35 “бешинчи авлод” қирувчиларидан 40 та буюртма берилишидир. Улар яқин келажакда Покистон ҳарбий ҳаво кучлари инвентаридан жой олиши мумкин. Бу эса, ўз навбатида, Ҳиндистонни ташвишга солмоқда.

Шунга қарамай, Исломобод Хитойга бутунлай қарам деб айтиб бўлмайди. Мамлакат қуролли кучларида французларнинг Mirage III ва Mirage V самолётлари, Қўшма Штатларнинг М109 ўзиюрар гаубитсалари ҳамда Украинадан сотиб олинган Т-80UD танклари ҳам хизмат қилмоқда.

Гап флот масаласига келганда, бу иккисининг активлари ўртасидаги фарқ 2,6 нисбатга чиқади. Яъни Ҳиндистон ҳарбий денгиз кучлари ҳам сон, ҳам сифат жиҳатдан анча устунликка эга. Ҳинд флотида ҳужумкор миссияга қаратилган кемалар, жумладан авиаташувчи мавжуд. Покистонлик денгизчилар эса асосан мудофаа амалиётларига ўқитилган.
PNS Tugril кемаси мамлакат ҳарбий денгиз кучларининг байроқдори ҳисобланади. У Хитойда қурилган бўлиб, 2022 йилдан буён хизмат қилмоқда. Исломобод мазкур синфдаги яна учта кемани қабул қилиб олган. Бундан ташқари, Зулфиқор оиласига мансуб 4 та корвет ҳам мамлакатнинг денгиздаги манфаатларини ҳимоя қилмоқда.

Бундан ташқари, Покистон флотида Бобур, Ярмук ва Азмат синфига мансуб 9 та корвет хизмат қилмоқда. Улардан яна учтаси яқин истиқболда етказиб берилади.

Покистон флотининг қолган активлари эса Франция ҳамда Италияда ишлаб чиқарилган 8 та сувости кемаси, ракета катерлари ҳамда қўллаб-қувватлаш кемаларидан иборат.
Уруш яқинми?
Ҳиндистон ва Покистон кенг кўламли ҳарбий можарога киришса, бунинг якуни қандай бўлиши қоронғи. Агар флотни инобатга олмаса, ҳар икки давлат қуролли кучлари сифат жиҳатидан кескин фарқларга эга эмас. Бироқ Деҳли ҳарбий ҳаракатлар учун кўпроқ ресурс ажрата олади. Қолаверса, 25 нафар фуқаросининг ўлимига олиб келган терактдан ўз ҳаракатларини халқаро ҳамжамият олдида олқаш учун фойдаланиши мумкин.
Покистон қуролли кучлари эса анчайин қимматли ресурс ҳисобланган тажрибага эга. Балужистон минтақасидаги сепаратист кучлар, “Таҳрики Толибон” ва Афғонистон Толибони билан тўқнашувлар уларни жанговар ҳолатда сақлашда муҳим рол ўйнаб келмоқда. Аммо бошқа тарафдан бу муаммо ҳам туғдириши мумкин. Армия Ҳиндистон билан машғул вақти бузғунчилар фаолликни ошириши, ҳатто бу орқали мамлакат яхлитлигига рахна солиши мумкин.

Аммо Покистонда буни истамайдиган кучли иттифоқчи – Хитой бор. Пекин ва Исломободни Ҳиндистонга қарши умумий манфаатлар бирлаштириб туради. Қолаверса, хитойликлар Покистон бўйлаб миллиардлаб долларлик инфратузилма лойиҳаларини амалга оширмоқда. Боиси мамлакат “Бир камар, бир йўл” ташаббусининг муҳим қисми ҳисобланади.
“Ҳозир уруш даври эмас”
2022 йили Самарқандда ўтган ШҲТ саммитида Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди Владимир Путинни Украина масаласида очиқча танқид қилиб, “ҳозир урушлар даври эмас”лигини айтган ва можарога дипломатик ечим топишга чақирганди.
Деҳли ва Исломобод сўнгги йилларда ҳам бир неча бор турли даражадаги можароларга киришиб, ҳарбий конфрантацияга борди. Аммо халқаро босим ва оммавий қирғин қуроллари олдидаги масъулият ҳар қачон уларни оғир-босиқликка ундади. Чунки исталган учқун домино эффектини ишга тушириши, оқибати башорат қилиб бўлмас жараёнларга туртки бериши мумкин. Айниқса халқаро муносабатлар структураси издан чиққан ҳозирги геосиёсий шароитда.
Қолаверса, ҳозир на Ҳиндистон, на Покистоннинг иқтисодий аҳволи ҳавас қиларли эмас. Айниқса Исломобод жиддий муаммолар гирдобида турибди. Бош вазир Шаҳбоз Шариф қаршисида энергетик инқироз, дефолтга қараб бораётган бюджетдан тортиб, террорчилик хуружларига қадар ҳал қилиниши лозим бўлган жиддий муаммолар мавжуд. Шу боис можаро кенг кўламли урушга айланмаслиги, нари борса чегараолди тўқнашувлар билан чекланиши мумкин деган фаразлар бор.
Аммо бу хотиржамликка берилиш учун етарли асос эмас. Покистон қишлоқ хўжалиги ҳамда гидроэнергетика тизимининг 80 фоизи Индус дарёсига боғланган. Мамлакат буғдой, пахта ва шоли ҳосилининг 70 фоиздан ортиғини айнан ушбу манба ҳисобидан етиштиради. Ҳиндистон тўғонни ёпиш билан анча кескин қадам ташлади. Агар сув оқими тез орада тикланмаса, унинг ўрнига қон оқиши мумкин, деб ҳисобламоқда сиёсий таҳлилчилар.
Изоҳ (0)