Ҳиндистон ва Покистон ҳарбийлари Жамму ва Кашмирдаги чегара назорат чизиғида бир-бирига қарата ўқ узди. Бу ҳақда NDTV хабар берди.

Ҳиндистон томонига кўра, 24 апрель куни Покистон ҳарбийлари чегара постларини ўққа тутган. Ҳодиса оқибатида қурбонлар ва жароҳатланганлар қайд этилмаган.
Отишмага самарали жавоб қайтарилди, дея маълум қилди Ҳиндистон томони.
News18 порталининг ёзишича, Покистон чегарадаги отишма ҳақидаги маълумотни тасдиқлаган. Покистон томонидан қурбонлар ҳақида хабар берилмаган. Давлатлар ўртасидаги муносабатлар 22 апрель куни бир гуруҳ террорчилар баҳсли Жамму ва Кашмир ҳудудида тинч аҳоли ва сайёҳларга ҳужум қилганидан кейин кескинлашди.
Теракт оқибатида 27 киши ҳалок бўлган (улардан 25 нафари Ҳиндистон фуқаролари). Ҳужум учун жавобгарликни Kashmir Resistance гуруҳи ўз зиммасига олган. Шундан сўнг Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги Покистон фуқароларидан мамлакатни тарк этишни талаб қилган.
Ҳиндистон Покистонни террорчиларни қўллаб-қувватлашда айблаб, кескин чоралар кўрган. Жумладан, Аттари назорат-ўтказиш пункти ёпилди. 1960 йилги Ҳинд дарёси сувларидан фойдаланиш бўйича битим дарҳол тўхтатилди. Битим тузилган йили томонлар сиёсий зиддиятларга қарамай, сув ресурсларини тенг тақсимлашга келишиб олган эди. Покистон бу ҳаракатни уруш эълон қилиш деб баҳолади.
Покистон Мудофаа вазирлиги бунга жавобан Ҳиндистон билан урушга тайёрлигини ва унинг ҳудудларидан бирини тор-мор қилиш билан таҳдид қилди. Покистон Ҳиндистон учун ҳаво ҳудудини ёпди.
Изоҳ (0)