Покистон армиясини кучайтирди ва Ҳиндистон томонидан муқаррар ҳарбий босқинни кутмоқда. Бу ҳақда Покистон мудофаа вазири Хаважа Муҳаммад Асиф Reuters агентлигига берган интервьюсида маълум қилди.

Биз кучларимизни оширдик, чунки Ҳиндистон босқини муқаррар бўлиб қолди. Бундай вазиятда стратегик қарорлар қабул қилиш зарур эди ва улар қабул қилинди, деди Асиф.
Вазир Ҳиндистоннинг сўнгги баёнотлари тобора тажовузкор бўлиб бораётганини таъкидлади. У Покистон армияси Ҳиндистондан ҳужум хавфи юқори экани ҳақида ҳукуматни аллақачон огоҳлантирганини айтди. Бироқ Асиф Ҳиндистон босқинининг муқаррарлигини кўрсатувчи аниқ сабабларни очиқлашдан бош тортди.
Вазирнинг таъкидлашича, юқори жанговар шай ҳолатда бўлган Покистон “давлатнинг мавжудлигига таҳдид” юзага келган тақдирда ядро қуролидан фойдаланиш имкониятини кўриб чиқмоқда.
Биз Форс кўрфази ва Хитойдаги дўстларимизга вазият ҳақида хабар бердик, шунингдек, Буюк Британия, АҚШ ва бошқа давлатларни ҳам хабардор қилдик, дея аниқлик киритди Асиф.
Унинг сўзларига кўра, Форс кўрфазидаги баъзи давлатлар можаронинг ҳар икки томони билан музокараларни аллақачон бошлаган, бироқ мазкур давлатлар номини очиқламаган.
Бунгача Покистон темирйўл вазири Ҳаниф Аббосий ҳам кескин нутқ сўзлаб, Ҳиндистонга “ядровий қасос” билан таҳдид қилганди. У Покистонда 130 та ядро каллаклари мавжудлиги, улар “фақат Ҳиндистон учун мўлжаллангани”ни қайд этган.
Бизнинг ядро қуролимиз хўжакўрсинга эмас. Унинг жойлашуви бутун мамлакат бўйлаб тарқалган ва у дарҳол қўлланишга тайёр. Барча баллистик ракеталар Ҳиндистонга қаратилган, деган Аббосий (India Today’дан иқтибос).
Давлатлар ўртасидаги кескинлик
Покистон ва Ҳиндистон ўртасидаги кескинлик 22 апрель куни кучайди. Сабаби бир гуруҳ террорчилар баҳсли Жамму ва Кашмир ҳудудида тинч аҳоли ва сайёҳларга қарата ўт очди. Ҳужум оқибатида 30 га яқин одам ҳалок бўлди. Ҳиндистон ҳужумни Покистон билан боғлади Покистон ҳукумати ҳужумчилар билан алоқаси борлигини қатъиян рад этмоқда.
Шундан сўнг Ҳиндистон Покистонга қарши кескин чоралар кўрди. Жумладан, қуруқликдаги Аттари назорат-ўтказиш пункти ёпилди. Покистонликларга мамлакатни тарк этиш топширилди. 1960 йилги Ҳинд дарёси сувларидан фойдаланиш бўйича битим дарҳол тўхтатилди.
Битим тузилган йили томонлар сиёсий зиддиятларга қарамай, сув ресурсларини тенг тақсимлашга келишиб олган эди. Покистон бу ҳаракатни уруш эълон қилиш деб баҳолади ва Ҳиндистон учун ҳаво ҳудудини ёпди.
Ҳиндистон ва Покистон чегарасида кетма-кет отишмалар содир бўлди. Шу билан бирга, Покистон Мудофаа вазирлиги мамлакат Ҳиндистонга қарши ҳарбий ҳаракатларни бошламаслигини таъкидламоқда.
Дунё икки ядровий давлат — Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги қарама-қаршилик кучайиб бораётганидан хавотирга тушиши керак, деди Покистон мудофаа вазири Хаважа Асиф.
Изоҳ (0)