Ҳиндистон Кашмирдаги сайёҳларга уюштирилган қуролли ҳужумдан сўнг покистонликларга берилган визаларни бекор қилди. Покистон Ҳиндистон авиакомпаниялари учун ҳаво ҳудудини ёпди ва савдони тўхтатди. Бу ҳақда икки мамлакат ОАВлари хабар бермоқда.

Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, Покистон фуқароларига берилган барча визалар 27 апрелдан бошлаб бекор қилинади. Тиббий визалар 29 апрелгача амал қилади. Ҳиндистонда бўлиб турган Покистон фуқаролари виза муддати тугашидан олдин мамлакатни тарк этишлари шарт.
Улар Ҳиндистонни Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги қуруқлик чегарасида жойлашган ягона фаолият юритаётган чегара назорат пункти — Аттари-Вагаҳ орқали тарк этишлари керак. Белгиланган муддат ўтгач, чегара назорат пункти ёпилади.
Бунга жавобан Покистон Ҳиндистон билан барча савдони тўхтатди ва “Ҳиндистонга тегишли ёки ундан фойдаланаётган” барча авиакомпаниялар учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Шунингдек, Исломобод Ҳиндистон фуқароларига Покистонни тарк этишни буюрди ва ўз навбатида СААРC визадан озод қилиш дастури бўйича берилган визаларни тўхтатишини эълон қилди.
Бундан ташқари, Покистон Исломободдаги мудофаа, ҳарбий-денгиз кучлари ва авиация бўйича ҳинд маслаҳатчиларини персона нон грата деб эълон қилди.
22 апрель куни Жамму ва Кашмир штатининг Ҳиндистон назоратидаги қисмида жойлашган Пахалгам шаҳри яқинида қуролланган шахслар сайёҳлар гуруҳига ўт очди. 26 киши ҳалок бўлди. Ҳужум учун жавобгарликни ўзини “Кашмир қаршилиги” деб атовчи илгари номаълум бўлган ҳарбийлашган гуруҳ ўз зиммасига олди.
Ҳиндистон ҳужумни Покистон билан боғламоқда. Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди ҳужумни теракт деб атади ва айбдорлар “албатта жавобгарликка тортилишини” таъкидлади. Покистон ҳукумати ҳужумчилар билан алоқаси борлигини қатъиян рад этмоқда.
Ҳужумдан сўнг Ҳиндистон Покистон билан дипломатик муносабатлар даражасини пасайтирди ва Покистон ҳарбий атташеларини чиқариб юбориш, қуруқликдаги транзит пунктини ёпиш ҳамда сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш тўғрисидаги шартноманинг амал қилишини тўхтатиш каби бир қатор чораларни эълон қилди.
Покистоннинг Исломобод ва бошқа шаҳарларида ўнлаб намойишчилар Ҳиндистоннинг шартномани тўхтатишига қарши норозилик намойишига чиқиб, ўз ҳукуматидан жавоб чораларини кўришни талаб қилишди.
Изоҳ (0)